Камтарлик

Камтар одамлар кўп гапиришдан қочадилар, улар кўп эшитмоқни истайдилар ва ёқтирадилар. Эшитмоқ-кишини бойитади, кўп гапирмоқ-саёзлатади. Кўп гапирган - кўп янглишади. Кўп еган-кўп йиқилади. Тан касалининг асоси-кўп емакдир, қалб касалининг сабаби -кўп демакдир. Кўп демак- сўзга мағрурлик, кўп емоқ-нафсга бандаликдир. Одам учун бу сифатлар кераксиз ва барчаси худпарастликка оиддир.

Карам

Карам - бир жафокашнинг оғир юкини кўтармоқ ва ўша юкнинг машаққатидан уни қутқармоқдир. Карам - бировнинг тиканли машаққат юкини кўтармоқ ва тикан санчилишидан гулдек очилмоқ ва шу қилган иши ҳақида қайта оғиз очилмаслик, ҳеч миннат қилмаслик, асло юзига солмасликдир...

 Ҳилм

Ҳилм (мулойим табиатлик) инсон вужудининг хушманзара мевалик боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Юмшоқ кўнгиллилик-ҳодисалар тўла денгиздаги кишилик кемасининг лангари деса бўлади ва инсоният қадрини ўлчайдиган тарозининг тошига тенглаштирса ҳам бўлади.

Ҳилм - ахлоқли одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир. У- ёмон нафс­ни дайди шамол учиришидан асрагувчи ва иккиюзлама мунофиқларнинг беҳуда ҳаракатидан ҳимоя қилувчи.

"Маҳбуб ул-қулуб"дан.