(Давоми)

"Юзма-юз" қиссасини Қирғизистонда мутолаа қилаётган мухлислар худди ўша лаҳзаларнинг ўзида яна бир қисса тап-тайёрлигидан бохабар эдилар. Тўғриси, янги асари тақдири қандай кечиши ёзувчининг ўзига ҳам ҳали маълум эмасди. Бадиий асарнинг ҳақиқий баҳоси ўқувчига ҳавола этилгачгина билинадида. Қолаверса, адабиётшуносларнинг мезонларига қандай жавоб бериши иккинчи, яъни "чиғириқ" жараёни десак ҳақиқатга яқин келади. Аммо ўқишли ва уқишли яратилган ҳикоями, қиссами ва ҳатто романми табиий ва ҳаётий ҳодисаларнинг юксак бадиий ифодаси маромига етказилганида, ҳар икки баҳоловчи қавмини ўз сеҳрига солиб юборишга қодирланади. Чингиз Айтматов ҳали ўттиз ёшга етиб етмаёқ шундай миллат кечмишини, унинг бебаҳо қадриятларию, меҳр муҳаббатини қиссалари бағрига таъсирчан сингдириб юбориш маҳорати бобида тенгқурлари ва сафдошларидан ўзиб кетаётганини ўша онларда балки ўзи ҳам англаб етмаган эди.

У сиёсатнинг кўзга кўринмас сиртмоғида халқдан кўра манфаатдор қавмларга маъқулу манзур бадиий лавҳалар "тўқиш"ни афзал билмаган. Қалби буюрганини қоғозга тўккан. Ақл тарозиси олдида кўнглини ожиз сезмай, одамларни қисмат қаршисида лоқайд ўтирмасликка, инсонни инсон қилиб турадиган ички туйғу­лари туғёнига қулоқ солиб яшашга ундайди. Қиз ва йигит, эркак ва аёл учун умр йўлларининг ўнқир-чўнқиридан янглишмай ўтишга, кутаётган бахт бекатларига журъату жасорат билан талпинишга чорлайди. Олам иморатини мустаҳкам ушлаб турувчи синчи муҳаббатдан яралганини ватандошларининг сийрати-ю сурати тасвирига мужассамлайди.

Шоир ва публицисист Миразиз Аъзамнинг "Буюклар муҳаббати" тўпламидаги Чингиз Айт­матовга бағишланган мўъжаз мақоласида "Жамила" қиссаси тақдирига дахлдор муҳим маълумотлар келтирилган: "Шу йили (1957 йили- С.С) машҳур қозоқ ёзувчиси, "Абай" эпопеясининг муаллифи Мухтор Авезов Парижга сафари чоғида француз ёзувчиси Луи Арагон билан адабиёт ва ҳозирги ёшлар ҳақида узундан-узун суҳбатлар қураркан, гап орасида қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг жаҳон адабиёти аспектида ҳам янгилик бўла оладиган қиссалари, жумладан, яқинда ўзига ўқишга берган "Жамила" қиссаси ҳақида ҳам тўлқинланиб ҳикоя қилади. Арагон Авезовдан шу қиссани ўзига қолдиришини сўрайди. Қарабсизки, ўша йилнинг ўзида "Жамила" қиссаси Арагоннинг таржимаси ва сўзбошиси билан француз тилида босилиб турибди. Арагон ўз сўзбошисида "Жамила"ни "Дунёда муҳаббат тўғрисида яратилган энг гўзал қисса", - деб атайди.

Қирғиз ёзувчисининг мазкур асаридан даст­лаб ўзга юрт халқи баҳраманд этилгани қизиқ туюлса керак. Шўролар даврида ҳақиқий талантлар вақтида қадрланавермаганлар. Айниқса, рус миллатига мансуб бўлмаса, катта давраларга кириши амри маҳол эди. Чингиз Айтматовнинг омади ва толеи шундаки, "Зар қадрини заргар билади" дейилганидай дунёга таниқли сўз санъаткорлари назарига тушди. Кейин эса унинг ижодига қизиқиш ва эътибор ортди. 1957 йилнинг ўзидаёқ қирғизча ҳикоялари русчага ўгирилди. "Новўй мир" журналида бирин-кетин босилди. "Жамила"си ҳам русий забонларнинг севимли адабий сиймоларидан бирига айланди.

Мазкур қисса дунёнинг деярли барча тилларига таржима қилинган энг оммавий асарлар сирасига киради. Унинг машҳурлик даражаси ғоят баланд. Айрим мамлакатларда бир неча бор, чунончи, Германияда 37 бор қайта-қайта нашрдан чиқарилганига нима дейсиз. Бу борада ўзбек китобхонларининг омади ҳам паст эмас. Ҳозиргача ўзбек тилида ўн мартага яқин кўп минг нусхада китобхонлар қўлига етказилди.

Чингиз Айтматов сермаҳсул ижодкор. Энг муҳими, ҳар бир асарида даврнинг ғоят долзарб масала ва муаммолари ҳақида фикр юритилади. Муаллиф қаҳрамонларининг аксарияти қирғиз миллатига мансублигидан қатъий назар, уларни қийнаётган, курашга чоғлантираётган ҳаётий ҳодисалар дунёвий аҳамият билан ҳеч бир халқ вакили учун бегона туюлмайди, олға сурилаётган ғоя ва фалсафаси оламшумул жиҳатларга эга. Ер куррасининг қаерида ва ким томонидан ўқилмасин, маънавий-тарбиявий таъсирини ўтказа олади. Бу, адабиётнинг инсоншунослик табиатига хос хусусияти устуворлигидан, албатта.

Биз адиб асарларини йилма-йил тартиблаб тилга олсак ҳам, номлариданоқ ўз-ўзидан сизларнинг улардан авваллари олган таассуротларингизни уйғотиб, хотираларингизни жонлантириб юборсак керак. "Сарвқомат дилбарим" (1961), "Бўтакўз", "Биринчи муаллим" (1962), "Момо ер", "Сомон йўли" (1963), "Алвидо, эй Гулсари" (1966), "Оқ кема" (1970), "Эрта келган турналар" (1975), "Соҳил ёқалаб чопаётган олапар" (1977) қиссаларида яна ишқнинг эҳтиросли ва эҳтиромли ҳолатлари кўз ўнгимизда гавдаланмаганмиди?! Қиссаларнинг ҳар биридаги қаҳрамонларнинг руҳий кечинмалари, ички дунёсини безаб турғун турфа туйғулари меҳру муҳаббатимизни қозонганини билсак, уларни тубанликка гирифторловчи бежилов нафси балосию, оғуланган онги шуури етовидаги хатти-ҳаракатлари ғазаб-наф­ратимизни қўзғотгани ўзимизни қалбан тозаришга мойиллантириб юбориши чингизона тафаккурнинг бағоят таъсирчан ифодасини исботлаб юбораверади. Алал-оқибат ўқирмонни ерга ва элга меҳрдошлик, миллатнинг бугуни ва эртасига қайғудошлик, ўз ҳаёти билан оиласи ва юртининг заволига ҳам дахлдошлик камолига ҳам ошнолаш туйғулари сеҳрига эга. Саида, Жамила, Дониёр, Бойтемир, Дуйшен, Олтиной, Тўлғаной, Мўмин чол, Султонмурод, Танабой, Ўрхон каби образий одамлар севимли қиссаларимиздаги севимли қаҳрамонларимиз қиёфасида кўнгилларимизга муҳрланган.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор)