Нодира номли вилоят кутубхонасида қозоқ халқининг севимли фарзанди Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкилланди.
Анжуманни вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров кириш сўзи билан очар экан, Абай ҳаёти ва ижодининг Ўзбекистонда ўрганилишига, айниқса шоирнинг ахлоқий-дитактик мавзудаги асарларининг бадиий қиймати ҳақида тўхталди. Сўнгра НамДУ доценти Мўминжон Сулаймонов сўзга чиқиб, Абай асарларида халқ оғзаки ижоди анъаналарининг ўзига хос тарзда талқинлари хусусида фикр юритди. Ёш тадқиқотчи Нилуфар Қаюмова эса Абай ижодининг ўрта мактабда ўрганилиши бўйича мулоҳазаларини баён этди.
Шундан сўнг, Қозоғистонда ўтказилган халқаро анжуманда юртимиз адабий жамоатчилиги вакили сифатида иштирок этишга мушарраф бўлган ёзувчи Исҳоқжон Нишонов сафар таассуротлари билан ўртоқлашди. Нотиқ Абай таваллуд топган ва бугунги кунда унинг номи билан юритилаётган туман марказида буюк оқиннинг ҳайкали очилиши маросимида иштирок этганини, Абай қадами етган овулларда бўлиб, қабрини зиёрат қилганини тўлқинланиб сўзлади.
Тадбир қизғин, таассуротларга бой ўтди.
Манзура ЭРГАШЕВА.