Бизлар учун бу инсон икки жиҳатдан қадрли. Биринчиси, у шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отасилиги, иккинчиси, Ахси шаҳрини Фарғона вилоятининг пойтахтига айлантиргани. Аслида Умаршайх Мирзо ҳам ўша замоннинг барча ҳукмдорлари сингари тахтпараст ва мулкпараст эди. Гарчи тасодиф фалокат туфайли фоний дунёдан боқий олам сари эрта кетишига қарамай, унинг тақдир толеи шундаки, подшоҳлиги даврида, яъни умрининг сўнгги онларигача Ахсида нисбатан тинчлик-осойишталикни сақлай олди. Зурриёдлари - тахт ворислари ичида Бобурдек жаҳонга машҳур инсон камолга етди, буюклик мақомига эришди.
Авваламбор, Умаршайх Мирзонинг насл-насаби хусусида фикр юритсак. Бу борада бизга ҳаётий ҳодисалар ҳаққоний баён этилган "Бобурнома" энг ишончли манба сифатида асос бўлади. "...секкиз юз олтмишда (милодий 1464 йилда-С. С. ) Самарқандда эди. Султон Абдусаид Мирзонинг тўртунчи ўғли эди... Султон Аҳмад мирзо, Султон Муҳаммад мирзо, Султон Маҳмуд мирзодин кичик эди. Султон Абдусаид Султон Муҳаммад мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад мирзо Мироншоҳ мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ мирзо Темурбекнинг учунчи ўғли эди". (З. М. Бобур "Бобурнома", "Юлдузча" нашриёти, Тошкент, 1990 йил, 10-бет).
Шажарадан кўринадики, Умаршайх Мирзо Амир Темурнинг чеварасидир. Унинг онаси ҳақидаги маълумотни ҳам "Бобурнома" дан ўқишимиз мумкин: "Тонгласиға-ўқ отамнинг онаси менинг улуғ онам Шоҳ Султон бегим Андижонга келди. (65-бет).
Хуросон подшоҳи Абдусаид мирзо дастлаб шаҳзода Умаршайх мирзога Қобулни бериб, Бобон Қобулийни бек аткаликка тайинлайди. Ака-укаларга суннат тўйи чоғида уни Самарқандга келтиришади. Ўша айёмда отасининг кўнглида бу фарзандига бўлган муносабати ўзгаради. Сабаби, бобоси Амир Темур улуғ Умаршайх Мирзога бир вақтлар Фарғона вилоятини берганлигини хаёлдан ўтказади. Кичик Умаршайх Мирзога Андижон вилоятини тортиқ этади. Унга Худойберди Туғчи Темуртошни бек атка қилиб жўнатади. Вилоят ҳокими мақомига эришган шаҳзода ҳали балоғатга етмагани учун мамлакатни вақтинча унинг номидан бек аткаси бошқаришиб туради.
Умаршайх Мирзо мустақиллик ва эркинликка мойил шахду шижоатли йигит бўлиб вояга етаётгани учун ўз давлатига пойтахтликка Андижонни эмас, Ахсини танлади. Бежиз бундай йўл тутмаган. Ақлу фаросатда ҳам, жисмоний куч-қувватга ҳам баркамоллик учун интилган, изланган, ўқиб-ўрганган темурийзоданинг танлови замирида бениҳоя асосли сабаблар ётарди. Ахси - кўҳна қасаба. Энг эътиборли бу гўша 1220 йилда мўғулларнинг беаёв босқини туфайли кули кўкка совурилган Ахсикент сингари Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашганди. Лекин ҳали тўла шаҳар қиёфасига кирмаганди. Ахсикентдан атиги 5 километрча ғарбда бўлган ёндош ва номдош Ахси Умаршайх Мирзонинг қутлуғ қадами билан тезда гуллаб-яшнади. Пойтахтнинг пойтахтдек бўлишини ҳаётнинг ўзи талаб этарди. Ташқи ғанимлардан мустаҳкам муҳофазаланган энг обод шаҳар мақомига ярашиқли қурилишлар қад ростлаши биринчи даражали заруратга айланиши табиий эди.
"Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди, Сайҳун дарёси қўрғонининг остидин оқар, Қўрғони баланд жар устида воқе бўлибтур. Хандақининг ўрнига амийқ жарлардур. Умаршайх Мирзо... бир-икки марта ташқарроқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур" (8-бет).
Умаршайх Мирзо Ахси қасабасини чинакам кентга, шаҳарга айлантириш билан Фарғона мамлакатининг яна бир ижтимоий-иқтисодий ва маънавий марказини яратишга асос солди. Янги подшоҳ шарофати туфайли ХV аср дунё харитасида Ахси шаҳри пайдо бўлишига таъмал тоши қўйилди.
"Темурийзоданинг кўриниши, бўйу басти қандай эди?" деган саволга фарзандининг "Бобурнома"даги тасвири муносиб жавоб бўла олади: "... паст бўйлук, тегирма соқоллиқ, қўба юзлук, танбал (вазмин) киши эди. Тўнни бисёр тор кияр эди, андоғким, боғ бойлатурда қорнини ичига тортиб боғлатур эди, боғ боғлагандин сўнг ўзини қўя берса, бисёр бўлур эдиким, боғлари узулур эди. Киймоқта ва емоқта бетакаллуф эди. Дасторини дасторпеч чирмар эди. У замонда дасторлар тамом чорпеч эди, бечин чирмаб, алоқа қўяр эдилар. Ёзлари ғайри девонда аксар мўғулий бўрк кияр эди" (10-бет).
Умаршайх Мирзо диний ва дунёвий илмларни ҳали шаҳзодалигидаёқ пухта эгаллаган. Шундан покиза ва эътиқодда собит бўлган. Беш вақт намозини бирор кун канда қилмаган. Ўша давр одатларига биноан донишманд авлиёларга ихлос қўйган, хусусан. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳга иродати бор эди. У зотнинг суҳбатларига кўп марта мушаррафликка эришганди. Ҳазрат Хожа ҳам уни фарзанддек яхши кўрарди. Муаррих Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг "Тарихи Рашидий" асарида Умаршайх Мирзо ўғил кўрганида Хожа Убайдуллоҳ муборак нафаслари билан азон айтиб, унга "Заҳириддин Муҳаммад" дея исм қўйиб берганликлари қисқа қайд этилади. Бу эса Умаршайх мирзо билан Хожа Аҳрор Валий ўрталарида самимий ва мустаҳкам қадрдонлик муносабатлари бўлганлигидан далолат беради. Азиз-авлиёларнинг қўлларидан маҳкам тутгани, улардан маънавий мадад олиши, фойдали ва жўяли маслаҳатларига амал қилиши Умаршайх мирзонинг омадини чоптириб турди. Толеини баланд, мартабасини улуғ қилди.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми бор).