Ўзбекистон Республикаси 2003 йил 6 майда МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунини қабул қилди. Мамлакатимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё, Чирчиқ, Сурхондарё, Зарафшон, Қорадарё, Норин, Амударё Сирдарё каби 8 та дарё ва давлат аҳамиятига эга бўлган 11 та ерости чучук сувлари ҳосил бўладиган ҳудудларни ифлосланишдан муҳофаза қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 11 та қарори эълон қилинган.
Маълумотларга кўра, кундалик эҳтиёжни қондириш учун инсон кунига 50 литр сув ишлатар экан. Ривожланаётган мамлакатлардаги чучук сув заҳирасининг 70-90 фоизи эса қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун сарфланади. Бундан келиб чиқадики, тоза ичимлик сувига тақчиллик сезилаётган бир вақтда, чучук ер ости сувларининг каттагина қисми ишлаб чиқариш, техник мақсадлар, ерларни суғоришга мўлжалланган.
Олимларнинг ҳисоб-китоби шуни кўрсатмоқдаки, дунёда сўнгги 100 йилда сув сарфи олти марта ошган. Ҳозир ер юзидаги 1,1 миллиард нафар инсон доимий равишда сув танқислигидан азият чекмоқда. 2 миллиард нафар одам шу муаммога вақти-вақти билан рўбарў келмоқда. Бу сайёрамиз аҳолисининг ярми чучук сувга муҳтож эканидан далолат беради. Ҳар куни 6000 нафарга яқин болалар сув муаммоси оқибати туфайли нобуд бўлмоқда.
Эътиборсизлик оқибатида бир кунда кичик жўмрак оқиб ётса, 11 минг нафар одам ичиши лозим бўлган сув исроф бўлади. Ҳар бир фуқаро сув нақадар бебаҳо, қадрли ва тикланмас неъмат эканлигини англаши зарур. Афсуски, бу борада аҳвол яхши эмас. Жўмракдан бефойда сув оқаётганида 1 дақиқада 15 литр, 10 дақиқада 150 литр, 1 соатда 900 литр, 1 суткада 2160 литр сув беҳуда кетади. Одам танасининг 70 фоизи, ер шарининг 71 фоизи, ўсимликларнинг 90 фоизи сувдан иборатлигини унутмаслик зарур.
Қонунлар, ҳужжатлар орқали сув ҳимоя қилинган, ундан оқилона фойдаланиш рағбатлантирилган ва таъминланган бўлишига қарамай, амалда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.
Сув ўрнини бошқа ҳеч бир неъмат боса олмайди. Аммо инсониятнинг бу борадаги эҳтиёжи ва мавжуд бўлган заҳиралар ўртасида мутаносиблик аллақачон долзарб муаммога айланган. Мутахассисларнинг фикрича, сайёрамиздаги сув заҳираларидан 2,5 фоизигина ичишга яроқли. Шундан 0.5 фоизни инсоният ўз манфаати йўлида фойдаланади, холос.
Истеъмолчилик юқори шиддат билан ривожланиб бораётган замонавий дунёда ичимлик сувига эҳтиёж шу даражада ортияптики, сув заҳираларини тўлдириб бориш имкони қолмаяпти. Сув тобора камайиб кетяпти.
Сув танқислиги масаласи юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ўзбекистонда 2040 йилга бориб Амударё ва Сирдарё сувлари камайиши оқибатида 33 фоизгина сув танқислиги муаммоси юзага келиши тахмин қилинмоқда.
Деҳқонларимиз, бутун жамоатчилик жорий йилда сув қадрини янада теран англаб етмоқда. Чунки йил қуруқ келди. Оби-ҳаёт танқислиги сезиляпти.
Миришкорлардан ҳар қачонгидан кўра омилкорлик билан ишлаш талаб қилинаётир. Сув танқислиги оқибатларини бартараф этишда уларга кўмакдош бўлиш ҳар бир кишининг фуқаролик бурчига айланди.
Шу боис сув, яъни ердаги оби-ҳаётнинг бир томчисини, ҳар қатрасини увол қилмаслик, уни беҳуда сарфламаслик барчанинг зиммасига улкан масъулият юклайди.
Халқимиз сувни "Оби-ҳаёт" деб бекорга айтмаган. Ҳаётимизнинг асосий манбаи бўлган сувни тежаш, исроф қилмаслик, ифлослантирмаслик учун ҳар бир фуқаро ўз шахсий жавобгарлигини ҳис этиши керак. Фарзандларга, авлодларга биздан саҳролар эмас, балки ям-яшил боғлар, қуриётган далалар эмас, гуркираб турган чаманзорлар қолиши керак, тоза сув қолиши керак.
Аллоҳ берган бебаҳо неъматнинг қадрига етайлик!
Исроилжон САТТОРОВ,
меҳнат фахрийси,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси,
"Шуҳрат" медали соҳиби.