"Мард ўғлон" Давлат мукофоти совриндори Муҳаммадхон
Юсуповнинг "Қисқа ҳикоялар" тўпламини мутолаа қилиб...
Халқимизда "Қатрада қуёш акси" деган ибора юради. Балки, буни кўриш учун кўзнинг ўзи кифоя деб ўйларсизу, аслида ундай эмас. Агар шундай бўлганида, майсаларга дурдек сочилган сону саноқсиз шабнамларда улкан қуёшнинг митти-миттиланиб жилваланишига боққанингизча ақлу шуурингиз қолиб, кўнглингизга қўноқлаган ажиб ҳисларнинг мафтункор оғушида қолмасдингиз. Мен ёш ижодкор Муҳаммадхон Юсуповнинг "Ёшлар нашриёт уйи"да чоп этилган "Қисқа ҳикоялар"и мутолаасига киришганимда худди шундай кайфият туйдим.
Авваллари қатралар дейишга одатланилган насрнинг энг кичик жанридаги бу янги яратиқлар ўқувчига наинки ҳажман, айни маҳалда фикран ва мантиқан ихчамлиги, лўндалиги, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона (ишора) тарзида маъқулу манзур тушиши тайин. Сабаби, бугун барчанинг вақти тиғиз. Катта ва қалин китоблардан кўра, кичик ва юпқасига эҳтиёжмандлар кўп. Муҳаммадхоннинг тўплами шу талабга монанд тартибланган. Ҳатто битта сўздан иборат ҳикоянинг борлиги таажжублию, лекин ягона сўз замиридаги ёзилмаган воқелик турмушдаги қайғули кўргиликни ақлан ҳам, қалбан ҳам ҳис эттиришга қодирланган. Бу "Никоҳ кечаси" ҳикоясида изоҳсиз " - Сен?!" дан англашилади. Ижодкор уч ҳарфли сўзга ? ва ! белгилари орқали кучли маъно-моҳиятни юклай олган.
Энди "Даҳшат" ҳикоясига нигоҳ ташлайлик:
"Доя аёл йиғларди:
- Бепушт эканман...".
Қандай оғир қисмат. Умр бўйи чақалоқларни дунёга келтиришга кўмаклашадиган аёлнинг ўзи тирноққа зор ўтса-я?!
Бизнинг тасаввуримизга "ўгай она" ибораси салбий сифатларда сиймолантириб сингдирилган. Ёзувчи эса ҳаётда ҳаммаси шундай эмаслигини инкорсиз ҳолатда ўн тўрт сўзда мужассам этган:
"- Ака, ойимнинг айтишларича, иккаламиздан биримиз асранди эканмиз - онамиз бошқа экан... Аммо, билмадим қай биримиз...".
"Энг меҳрибон она" ҳикоясидаги бу уқтирги аёлларга меҳримизни янада зиёдалайди.
Ёзувчининг ҳаётга ўзига хос нуқтаи назари ҳар бир ҳикоясида сезилиб туради. Оқ билан қорани фарқлашни, хулоса ясашни кўпроқ ўқувчининг ўзига ташлаб қўйиш усулини қўллайди. Асарлари жажжилигига қарамай, уларда илгари сурилган фикр ёки ғоялар салмоқли бўлишига интилади. Сиз билан биз учун салбий саналган ҳолат ҳатто улар учун ижобий тусга киритилади. Энг муҳими, ҳамфикрликка мойил қилиб қўяди. Масалан, "Ногирон" ҳикоясини олайлик:
"- Баъзан тушимда Олабўжидан қочаман. Уйғониб кетгач эса, йиғлайман. Қўрқиб кетганимдан эмас, уйғониб кетганимга...".
Тақдир ўйинини қаранг-а, ўнгидаги армон, тушида ушалган орзуга айланаркан экан. Бу сатрлар кўнглимизда оёқларимиз юриб турганига шукроналар келтиришимиз кераклигидан огоҳ этмайдими.
"Сўнгги учрашув"да ишқий кечинмаларга нуқта қўйишнинг азиятини кўпроқ вафодор қизлар тортишию, бебурду вафосиз йигитларнинг ҳақиқий башараси намоёнланган:
"Қиз уйига кириб кетди. Йигит ҳам жўнади.
Ёмғир бошлади...
Йигитнинг ҳаммаёғи шалоббо бўлди, фақат юзи қолди.
Қизда аксинча...".
Ёш қаламкаш ҳаётдаги хунук ҳолатларни яланғочлаб ўқувчига етказиш йўлидан йироқ. У мақтаб туриб, ниқтаб ўтишнинг уддасидан чиқиш учун табиий эътирофларда танқидий этирозларни ошкорлайди. "Яхши амаки"даги боланинг таъкидлари одамни ҳам куйдиради, ҳам кулдиради:
"- Жуда яхшисиз-да, амаки! Сиз келган куни ойим кун бўйи кўчада ўйнашимга рухсат берадилар...".
Муҳаммадхоннинг қаҳрамонлари қисқа гапирадию, ўзини-ўзи фош этиб қўяди. Беихтиёр мийиғимизда табассум ўйнайди. Ўқиш асносида дарров бундайларга гоҳ-гоҳ дуч келганингизни эслатиб юборади-да:
"- Менга бақирма! - жавоб берди аксим...".
"Ёлғон гапиришни ўргатамиз. Тўлови олдиндан...".
"Қисқа ҳикоялар" бир сўз ёки бир неча гапдан иборатлиги учун биз билдирган мулоҳазаларимизни далиллашга ҳеч қийналмадик. Барча мисоллар парча эмас, тўлиқ ҳикояларнинг ўзидир. Бироқ шунга қарамай, баъзиларини уқиш осон кечмади. Агар Муҳаммадхон Юсупов келгусида ўқувчига айтадиган фикр оламига кириш учун калит сўзларни қистириб юбориш ёки ишора беришнинг ҳадисини ололса, бу мушкуллик йўқолиб, янги тўпламларидаги ҳикоялари тўлалигича "ҳазми енгил"лиги билан ўз мухлисларига маъқулу манзурлиги янада ортаверади. Ўйлаймизки, ёш ёзувчининг бадиий ифода бобидаги маҳоратининг ҳикоядан ҳикояга ўсиб бориши шунга имкон туғдиради.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.