"Оқни оққа, қорани қорага ажратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келаверадиган иш эмас. Бу ерда кўзга яққол кўринадиган ранг ҳақида гап кетмаяпти, аксинча, одамнинг феълу атвори, суратида зоҳирланмас сийратига дахлдор масалада ҳақиқат шайнини маҳкам тутган ҳолда адолатли ажрим чиқариш хусусида фикр юритилмоқда. Адолат гўё тарози, унинг икки палласини ўнгга ҳам, сўлга ҳам оғдирмасдан мувозанатда ушлаб туришга қодир инсонлар ҳамиша эл-юртда нуфуздорликка мушаррафланишган худди Ибратдек". Устоз ижодкор Содиқ Сайҳунинг бу қиёси асло бежиз эмас.
Ҳаёт одам билан файзли, яхшилар оройишу осойиш бағишлайдилар. Ҳаёт одам билан серғалва, ёмонлар кўркини бузади, тану қалбни озорлайдилар. Ҳар иккиси муҳокамаю мушоҳадага сабабчи. Ҳар бир жамиятда одамларнинг яшаш тарзини тўкислаш учун ўзига хос тартиб-қоидалар мавжуду, лекин умуминсоний мезонлар устуворлик касб этмагунча бунга эришиб бўлмайди, албатта. Мусулмон қавмида шаръий ва ношаръийлик тушунчаси адолат мезонининг мустаҳкам пойдеворига айланганини англасак, ўтмишдаги қозилар зиммасида шу икки нарсани жуда чуқур ва пухта билиш, ҳукму ажримда ундан четга чиқмаслик, бирини-бирига аралаштириб қўймаслик ягона шарт эди. Бу китоб кўрган унча-мунчанинг қўлидан келмайдиган ишга, унча-мунча одамни саралаб-сайлаш ҳам, танлаб-тайинлаш ҳам қийиндан-қийин масала-да.
Ҳукм масъулияти кимнинг елкасида бўлса, ўша барчасига жавобгар бўлиши табиий. Ахир, минг-минглаб мурожаатга муҳтожларни қаноатлантириш қаердаю, бунинг ўрнига арзчида норизолик кайфиятини уйғотиб, "қош қўяман деб кўз чиқарадиган" кимсаларга халқ тақдирини топшириш қаёқда. Ибрат яшаган замонда юқоридаги икки тоифа қозилар иш юритганини ҳеч инкор қилиб бўлмайди. Яхшиларга ёндошиб, яхшиларни янада яхшилаб, ёмонларни ёмонликдан қайтариб жанжалли масалаларни жанжалсиз ҳал этилишига йўллаб, адолат тантанасини таъминлашга интилганиданми Исҳоқхон тўра Тўрақўрғон ва Хонободда қозилик лавозимини ХХ асрнинг биринчи чорагида йигирма йилча бажарди. Бу ҳақда маълумотлар бир талай, аммо айрим пайтларидангина мисол келтиришимизни кифоя деб ўйлаймиз.
Бобом Нурилло қори Абдуллаевнинг хотирлашича, Ўктабр инқилоби рўй бериб, ўлкамизда "рус-тузем" мактаблари очила бошлабди. Бекободдаги маҳаллий домлаларнинг эскича уй мактабида сабоқ олаётган айрим болалар бирдан Тўрақўрғонда янги иш бошлаган интернатга ўқигани ўтиб кетишибди. Ўн икки ёшли Муродилланинг "қочоқ"лиги отасига қимматга тушибди. Уни руҳонийлар масжидга киритмаслик билан ўғлини гўё "тўғри йўл"га қайтаришга интилишибди.
- Менда нима айб, - дея масжид эшиги тагида маҳалладошларига юзланибди Холқўзи ака. - Муродиллам интернатда ётиб ўқияпти. Ейишиям, ётоғиям ўзида, эски мактабини сира-сира хоҳламаяпти, бориб калтаклаб олдимга солиб келишим шартми?
- Боласига кучи етмаган оми отанинг маҳалла масжидида намоз ўқиши ножоиз, - дебди имом масаланинг нозик жойидан ушлагандай.
Одамлар эса имомнинг фикрига қўшилишдан ўзга чора топишолмабди. Холқўзи ака танг ҳолатда нажот излаб Тўрақўрғондаги Исҳоқхон тўра Ибратнинг ҳузурига етиб борибди. Эл ичида, ҳатто мулла ва қорилар ўртасида обрў эътибори юқори бўлган қозининг ўзи муаммоли масалага ойдинлик киритмоқ учун маҳаллага келибди.
- Масжид Аллоҳники, бу даргоҳнинг эшиги барча бандаларига тоат-ибодат учун ҳамиша очиқ туриши керак! - дебди Ибрат қатъий оҳангда. - Холқўзининг зорланиши бағоят ўринли. Бола учун отага бундай жазо тайин этиш адолатдан эмас. Давлат томонидан интернат очилиши болаларга беқиёс меҳрибонлик эмасми. Эскича тутумларга қаттиқ ёпишиб олмайлик. Ҳали кўрасизлар, кўпчилик фарзандини ўша ёқда ўқитишни, дунёвий илмлардан бохабар қилишни истаб қолади. Болаларимиз араб алифбосидами, рус алифбосидами, албатта, ўқимоқлари зарур. Асло жаҳолатга берилманглар, маърифат йўлидан юринглар!
Исҳоқхон қозининг ажрими, фатвосига ҳеч бир муллаю имом қарши гапиришга заррача ботинолмабди. Холқўзи акага масжид остонасини яна бемалол хатлашига имкон туғилибди.
Ўша мактаб-интернат талабаси Муродилла Холқўзиев ниҳоят Россиягача бориб, ўқишни давом эттирибди. Тиббиёт фанлари доктори даражасига етиб, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг профессорлари сафида юзлаб шифокор шогирдлар тайёрлаган экан.
Ибратшунос олим Улуғбек Долимов ўтган асрнинг 60-йиллари бошларида Тўрақўрғонда вақтинча яшаб ва ишлаб шу ердаги кексалардан Исҳоқхон тўранинг ҳаёти ва фаолиятига оид керакли маълумотлар тўплаган чоғида Мулла Искандар домла Абдуваҳоб ўғлидан қуйидагиларни эшитиб ёзиб олган эканлар: "Исҳоқхон тўра энг одил, энг фақирпарвар қози эди. У бойни ҳам, камбағални ҳам бир хилда тинглар ва ҳукм чиқарар эди. Мен ўн йил тўрамнинг хизматида бўлиб, бирон марта пора олганини, бойларга ён босганини билмайман, аксинча, камбағал, бева-бечораларнинг мушкулини енгиллаштиришга ҳаракат қиларди. Тўғри, порахўр қозиларга ўрганиб қолган халқ, юқори табақа пул, турли-туман нарсалар олиб келар эди. Лекин Исҳоқхон тўра бу нарсаларни эгаси билан қайтариб юборар эди. Шунинг учун ҳам бойлар Исҳоқхоннинг ўрнига уларга ён босувчи Маматқул хожини қозиликка сайламоқчи бўлдилар. Лекин уларнинг сўзи ўтмай қолди. Натижада, Маматқул хожи Исҳоқхонга умрининг охиригача душман бўлиб юрди. Исҳоқхон тўра фақат халқ манфаати учунгина қозилик мансабида ишлаган. Унинг уйида, қозихонасида рус ҳуқуқшунослигига оид китоблар ҳам бўлиб, русча суд қонун-қоидаларидан ҳам хабардор эди" .
Исҳоқхон тўрани таниган ва билганлар бу комил инсон ҳақида ҳамиша яхши таассуротда бўлишган экан. Ҳатто унинг таърифу тавсифи замондошларию, пешқадам ижодкор зиёлилар томонидан қаламга олинган. Ўша битиклар бугунги авлод учун ҳаққоний тасаввурлар бера олиши билан ғоят қимматга эга. Ибратнинг "Танланган асарлар" тўпламига (2005) 1908 йилда ёзилган "Ҳақ сўз" мақоласи тасодифан кириб қолган эмас. Унга, яъни бошқа муаллиф қаламига мансуб мақолага нашрга тайёрловчилар томонидан атайлаб, гўё илова тарзида ўрин ажратилган. Қўқонлик маърифатпарвар шоир ва публицист Иброҳим Даврон (1874-1922) яхшиларнинг ҳимоячиси ва рағбаткори сифатида ўз мақоласини ёзгани ёрқин сезилиб турибди: "Наманган уездида Тўрақўрғон қозиси ас-саййид-ул-ҳаж Исҳоқхон тўра афанди бир ҳақиқий мусулмони комил эканини ўз ҳамқарялари билиб туриб, баъзи афкори содиқона тарафдори ўлдуғи учун қози афанди хирожи вос-вос деб таажжублануб, таън еткурадурлар. Лекин биз ўз фикри қосиронамиз бирла тафаккурот эдуб, ул жаноб қозини жумла ҳаракоту ақли писандонасини маъқул топмоқдин бошқа йўлимиз йўқ. Албатта йўқ. Чунки Бокуда Ҳусайнзода жаноблари бир фикри содиқонада бир гўшая чекди. Исҳоқхон тўра жаноблари эса бу гўшая чекмоқни ҳам бошқа фикр ила мардуд (рад) эдур. Чунки ақли комил инсон дунёнинг сонсиз меҳнат ва андуҳлариндин ва чарҳи кажрафтор таъналариндин бир зарра қадар ўлса-да малулият (ранжиш) ҳосил эдмаз".
Мақола бемақсад ёзилмагани тугалланмасида ойдинлашади. Муаллиф тўрақўрғонликлар ножоиз гаплари, ҳаракатлари билан шундай адолатпеша қозидан айрилиб қолишлари мумкинлигини огоҳлайди. "Агар Исҳоқхон тўрага тобе қишлоқ фуқаролари, яъни Тўрақўрғон бўлусти аҳолиси мундоқ қозийи инсонпарварни билмасалар, минбаъд авсоли бадахлоқ, нафс овораси, мажнундин хароброқ қозиға учраб, фалокат остида эзилмоқлари ҳақиқийдур. Қози тўрани(нг) фуқаропарвар ва инсоф доирасинда ҳақшунослик ила ширин ва беозор ҳалқулоҳға қилган муомалаи комилоналарини ёзмоққа мажбур ўлдум. Ҳамда ёзмоқ шаънига лойиқ бир ишдир".
Шу ўринда мусулмон халқ ҳаётини назоратга ва тартибга солиб турувчи қозилар судига ҳукмронликни қўлига олган рус маъмурлари томонидан нега яна йўл берилган экан? - деган савол хаёлимизда пайдо бўлади. "Маълумки, Ўрта Осиё Россия томонидан босиб олинганидан кейин ҳам қозилар суди сақланиб қолди ва шариат қоидалари асосида суд ишлари олиб бориш имконияти эскилигича қолдирилди, - дея изоҳлайди ибратшунос Улуғбек Долимов. - Бу билан чоризм ерли халққа нисбатан "одил", ўзини ерли халқлар "паноҳи" қилиб кўрсатмоқчи бўлди. Лекин давлат аҳамиятига эга бўлган жиноий ишларни қозилар судида кўриш ман этилди. Қозилик мансаби юқори табақанинг бойиш манбаларидан бири эди. Қозилар бойлар билан бир ёқадан бош чиқариб, халқни талар, бор-йўғини шилиб олар, юқори табақа манфаатларини кўзлаб иш кўрар, порахўрлик билан кун кечирар эдилар".
Ибратнинг ўзи ҳам "Қозийи қотил" шеърини бесабаб битмаган:
Чиқиб бир кун аҳли шахси жоҳил,
Ҳамиша корибори они ботил.
Эди феъли кишини қатл қилмоқ,
Бўлур эрди ҳама мақтулга фоил.
Ани бир муфсит қози қилубдур,
Эмиш ўз наздида хўп мард одил.
Этиб кўп халқни мажруҳу мардум,
Қўлида тасбеҳу ўқи ҳамойил.
Эди овқати мардумларни қони,
Этарди доимо жонларни зойил.
Кўринадики, ноҳақликка учраганлар бу қозининг олдига нажот истаб келишса, бадтар ҳоллари танг бўлиши аниқ экан. Бундайларнинг ҳаёти аянчли тугашини Косон қозиси қисмати мисолида аниқ ва равшан кўрсатилиши эса, Ибратнинг наинки ҳаётида, ижодида ҳам далил ва исботга тўла ҳақгўйлиги манаман деб туришидан далолатдир. Бу икки талабни маҳкам ушлаган Ибратнинг қозилик фаолиятида ҳуқуқшуносликнинг адолат туғини ҳамиша баланд кўтаришида қўш омили бўлиб хизмат қилгани шак-шубҳасиз.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.