Бундай толе камдан-кам ижодкорларга насиб этади. Асарлари барча халқларга манзурлигу, олам аро машҳурлик топган туғма талант соҳибларигагина хослиги эса азалий ҳаётий ҳақиқатдир.

Адабиёт аталмиш маънавий неъмат-сеҳр­ли сўзларнинг қалблардан қалбларга қанотланишининг, қўноқланишининг не-не заҳматкашлари сафида турган, ҳеч вақт буюкликка даъво қилмасдан, буюклар қаторидан тириклигидаёқ муносиб ўрин олган Чингиз Айтматовнинг нодир қисса ва романлари ер куррасининг турли қитъаларида аввал ҳам, ҳозир ҳам севиб ўқилаётгани шунга шаходат беради. Бизнингча, бундай қалам аҳллари неча-неча юз йилларда бир бора дунёга келишади. Миллион-миллион мухлислар кўнглини забт этиб, музаффар сўз тимсолида адабиётда абадиятга мушаррафланиб кетишади худди қардош қирғиз халқининг атоқли ва ардоқли ёзувчиси Чингиз Айтматов сингари. Алоҳида урғу бераётган иқроримизнинг боисини ортиқча шарҳ­лаб ўтиришга ҳожат йўқ бўлса керак. Ахир бу адибни ҳеч бир ўзбек ўзига бегона олмаган, кечаги авлод ҳам, бугунгиси ҳам. Асарларида қирғиз миллий менталитетининг устувор руҳи барқарорлигига қарамай, ўз-ўзидан ўзбеконаликка уйғунлигиям табиий ҳолдир.

Инчунун, бизларнинг илдизларимиз бир-қадим Турон, қўҳна Туркистоннинг туркий қавмлари авлодларимиз. Ерларимиз ерларимизга туташ, дилларимиз диларимизга пайванд. Бир ўзандан сув ичамиз. Марказий Осиёнинг тақдирига тақдирдошмиз. Орзу ўйларимизу, мақсад муддаоларимиз азалдан бир нуқтада туташаверади. Қўлимизни қўлимизга бериб, эришган мавқеимиздан кўкрагимизнинг кенг кериб яшамоққа ҳақли эканимизни истиқлол даврида янада чуқурроқ ҳис қиляпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида таъкидланганидай: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда».

Бугун Ўзбекистонимизда айтматовхонликка эътиборнинг янада кучайишига, бу давлатмиз миқёсидаги муҳим маънавий тадбирлар сирасига кираётганлиги, икки халқнинг дўсту қадрдонлиги, улуғларига ҳурмат-эҳтироми баландлиги янги босқичга кўтарилиб, янги тараққиётимизга муҳим тарбиявий таъсирини кўрсатмоқда. Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижоди истиқлол даври кишилари учун ўрнагу ибрат мактабига муносибдир. Бу ҳақда мухтасар мақола битмоқнинг мушкуллиги шундаки, унинг умри давомидаги қимматли ижод маҳсули бўлган асарлари номаларини санашнию, қачон ёзилиб, қандай ғоя ва фалсафаларни бағрига жо этганлигини қайд қилмоқ имконини беради, холос. Аслида донишманд адибнинг бир варақдаги битиклари шарҳига ўнлаб саҳифалар керак бўлади. Қутлуғ айём арафасида баҳоли қудрат қалам тебратиб, яна бир Чингиз Айтматов даҳосига эҳтиром кўрсатишдан бошқасига ожизмиз. Биз фақат унинг асарлари баҳосини зукко адабиётшунослару таржимонлари эътирофу таъкидларидан қидиришгагина ҳаддимиз сиғиб, сиз мухлисларга етказишга журъатландик.

Чингиз Айтматов 1928 йилнинг 12 де­ка­б­ри­да Талас вилоятининг Шакар қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди. Тўрақул Айтматовнинг ерга тер тўкиб улғайгани учунми элга меҳри бўлакча эди. Ана шу меҳр туфайли фаол инсонга айланди. Партия ва маҳаллий кенгаш ходимлари сафларида ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги унинг обрў-эътиборини оширди. Қирғизистоннинг таниқли давлат арбоби мавқеига кўтарилди.

Бироқ Шўроларнинг шафқатсиз иккиюзламачилик сиёсати, риёкорлиги бундай юқори мартаба касб этаётган шахсни охири бадном қилди. 1937 йилда «халқ душмани» атаб, панжара ортига киритди. 1938 йили отиб ташланди. Демак ўн ёшли Чингиз бола отадан етим қолди. Жафокаш онаси, татар милатининг илғор фикрли аёли Наима Абдувалиева Чингиз ва ука-сингилларини отаси ва ўзи каби билимдон, сиёсий уйғоқ инсонлар қилиб тарбиялаш учун астойдил қайғурганини тўнғич ўғлининг ке­йинги камолотидан яққол билиб олишимиз қийин эмас.

Чунончи,у 8-синфни тугаллагач, Жамбул шаҳридаги зоотехникумга муваффақиятли имтиҳон топшириб, талабалар қаторига қўшилди. Шунгача ҳам у ҳаётнинг аччиқ-чучигина тотиб улгурган, олам ва одам ҳақидаги мушоҳадаларини ҳали тўла балоғатга етмасидан анча теранлаштиришга эришган эди. Турмуш ташвишлари бошидан ортиб ётган онаси фарзандининг келажагига бепарво қарамади. Дастлаб рус мактабига ўқишга берди, сўнг, қирғиз мактабига ўтказди. Иккинчи жаҳон уруши (1941-1945) даврининг мусибатлари бу оила бошини ҳам четлаб ўтмади. 1942 йили ўн тўрт ёшли, аммо ақл-заковат бобида тенгқурларига нисбатан баланд Чингиз Шакар қишлоқ кенгаши котиблиги вазифасини ўз зиммасига олишга мажбур бўлди. Шугина эмас, солиқ йиғувчиси, тракторчилар бригадаси жамоаси ишларининг ҳисобчиси вазифаларини елиб-югуриб ўтаган, болалигини эрта тарк этиб, катталардек фикр юритадиган ҳолатга етиб қолган эди. Ҳаётга тераннигоҳли, билимга чанқоқ ўспирин устозларини зукколиги билан лол қолдирарди. Жамоа тадбирлари чоғида тенгдошлари ичида ҳамиша фаоллигини намоёнлаб, рағбатларга сазоворланарди. Шундан 1948 йили техникумни аъло баҳоларга тугаллаб, олий маълумот олиш учун ҳозирги Бишкекнинг ўша маҳалдаги қишлоқ хўжалиги институти остонасидан ҳатлади, ниятига етди.

У йигирма икки ёшида, яъни 1950 йили Керез Шамшибоевага уйланди. Турмушдоши тиббиёт институтида ўқирди. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб рўзғорларини тебратишса-да, якдиллик, мақсадлар муштараклиги икки ёшнинг эл корига ярайдиган врач мутахассислар бўлиб етишиш йўлидаги қийинчиликларни осонроқ енгиб ўтишларига имкон туғдирди. Икки ўғил Санжар ва Асқарнинг туғилиши эса оила ришталарини мустаҳкамлаб қўйди.

Чингиз Айтматовнинг туғма лаёқати инс­титут талабаси пайтидаёқ юзаланаётган эди. Дастлабки қораламалари - ҳикоялари 1952 йилдан Қирғизистон матбуот нашрларида эълон қилина бошланди. У энди иккинчи касб томон қалам билан дадил қадамлар ташлаётган эди. Шу боис олийгоҳ сабоғини якунлагач, уч йил ветеринар - врач вазифасини астойдил бажараётганига қарамай, тунги бедорликдан ҳаловат истаётган қалб кечинмаларига бўйсунди. Қатор-қатор ҳикоялари дастлаб дафтарлари юзини, кейин эса газеталар саҳифаларини безади. Ёш ёзувчи келажак тақдирини қалам билан кўрди, уни толе дарчасини чертувчи сеҳрли «таёқ»ча янглиғ маҳкам ушлади. На­с­р­да анчагина қўли келиб қолганини англаган ҳолда 1956 йили Москвадаги Олий адабиёт курсига йўл солди. 1957 йилда «Ала-Тоо» журналида қирғиз тилида босилган «Юзма-юз» қиссаси юксак иқтидорининг нишонаси янглиғ ҳикояларини қўлма-қўл қилиб ўқиётганларга навбатдаги қизиқарли ва мароқли таассурот уйғотадиган катта туҳфа бўлди.

"Юзма-юз" қиссаси адабиётнинг наср майдонида қалам суриб келаётган, энг кичик жанр-ҳикоячиликда бир мунча мувафақиятлар қозонган ёзувчининг ўз ўқувчиларига тасодифий ижодий армуғони эмасди. Унинг лаёқат бобидаги табиий юксалиши шитобли ва шукуҳли кечаётганини яна бир қиссаси яққол намоёнлади. Тўғриси, Чингиз Айтматовдек забардаст ёзувчи қирғиз халқи орасидан чиқаётганлигини ўз вақтида самимий равишда пайқаб, унга бағрикенглик билан рағбат ёғдирган буюк шахс - қозоқ адабиётининг алломаси Мухтор Авезов бўлди. Чингиз Айтматов Олий адабиёт курсида сабоқланаётган вақтда Мухтор оға Москвада яшаб, университетда талабаларга маърузалар ўқиётган дамлар эди. У рус ва қирғиз тилларида теппа-тенг асарлар битаётган ноёб талантли ёш Чингизнинг адабиётдаги истиқболини олдиндан тасаввур эта олиш салоҳияти соҳиби сифатида "Жамила" қиссаси билан танишибоқ, бу асарнинг дунё бўйлаб парвозига "оқ фотиҳа" бериб юборгани муаллиф учун мўъжизавий кутилмаган ҳодисага айланганини сира айтмасдан ўтолмаймиз.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор)