(Ҳаётий ҳикоя)

Буйраги панд берган Жобир урология бўлимига ётқизилди. Тўрт киши бир палатада даволанишарди. Эрталаб врач "обход"­га кирганида рентген плёнкасига синчиклаб назар ташлаб, уни бир соатдан сўнг ҳузурида кутишини айтди.

- Тинчликми, дўхтир, буйрагим ёмон чиқибдими?

- Бежизга йўлланма беришмаган агар пулни аямасангиз, ёмон буйракниям яхшилавориш қўлимиздан келади, - деди Холтўраев айёрона илжайиб.

- Дангалчи дўхтирларни ёқтираман, - дея чеҳраси ёришди Жобирнинг. Асло пулга қолган кун қолмасин. Ҳозиргача топганмиз, бундан кейин ҳам топамиз.

- Йўқ- йўқ, сиз мени нотўғри тушундингиз, шу вақтгача ҳалолликдан нон еб ўрганганмиз, қолаверса яна Маккатилога бориб, ҳаж зиёрати савобига мушаррафланганмиз. Сиз фақат мен ёзган дориларни анаву Собир ҳожи акадан олиб, етказиб турсангиз, икки ҳафтадаёқ бир ойлик давонинг нафини кўрасиз. Мендан салом етказсангиз, йўғиниям йўндириб беради, нарҳиниям арзонлатворади.

У лотереясига ютуқ чиққан одамдек хурсанд ҳолда палатага қайтди.

- Собир ҳожи аканинг дорихонасига кет­япсизми? - сўрашди палатадошларидан бири.

- Дўхтиримиздан салом айтиб қўйинг, - қўшилди иккинчиси.

Жобир гап нимадалигини тушунмасдан "ҳўп- ҳўп" деганича дори-дармон олишга шошилди. Кўп ўтмай, қора целофан халтани тўлдириб чиқди.

- Қанчага тушди? - қизиқишди ёнидагилар.

- Беш юз мингга етди- ёв, тезроқ тузалсам бўлгани, айниқса, хорижники жаа қимматакану, майли, пул қўлнинг кири.

- Нариги дорихонада ўзимизнинг Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилгани тўрт баробар арзонга сотиляпти, - деди ёши улуғроқ бемор. - Мен ўшандан олдим.

- Дўхтир эса, хорижникини мақтагани мақтаган, қизиқ. Билмадим, "Дорининг қиммати афзал" деб туғилганида отаси қулоғига азон чақиртирганмикин ҳожи укамнинг. Барака топгур-а, кимнинг тегирмонига сув қуяётганини ўзиям яхши биладию, бизни нодон фаҳмлайди шекилли.

- Эртага туғилган кунлари, - деди ёши кичикроқ беморнинг қитмирлиги тутиб, - нима совға қилайлик десам, "Дорисини сизларга томчилатиб қуйдик, бизга қутисининг ўзи етади, чет элники чиройли, набирам фармацевт бўладиганга ўхшайди, улардан коллекция тўплаяпти," - деб ишора қилдилар.

Орадан бир кун ўтиб, палатадошлар кечки пайт дўхтирнинг хонасига катта гулдаста билан киришди. Нимагадир врачнинг чеҳраси унчалик ёришавермади. Шунда фаросати етиб қолган Жобир ёнидаги шеригининг қулоғига "Бўшаган қутиларни бош­қа палаталарданам йиғиштириб олиб келинг" дея шивирлади. Зум ўтмай, дўппайган икки қора целофан врачга тантанали топширилди.

- Ҳурматли ҳожи ака, бизга дориси кифоя, сизга неварангиз учун бўшаган "импортний" дориларнинг қутисини илиндик. Барча даволанаётганлар номидан қабул қиласиз.

Врачнинг кайфияти беҳад кўтарилиб кетди. Энди кўнгли ўрнига тушди. Беморларига минатдорчилик билдириб, уйига жўнашга тараддудланди.

Улар палаталарига мамнун қайтишди. Деразадан ҳовлидаги баҳорий манзарани томошалашиб туришаркан, кутилмаганда дорихона хўжайини Собир ҳожи оппоқ "Ласетти"сида кириб келди-да, врач "ука"сининг "Нексия"си ёнига тўхтади. Бу ёқдан уролог Холтўраев чиқиб борди. Икковлари хушнуд қучоқ очишиб кўришишди. Сўнгра, врач дорихона хўжайинига бўшаган икки халта"импортний" дори қутиларини узатди. У машинаси юкхонасига омонатни жойлагач, ёнидан бир даста пул ажратиб, Холтўраевнинг ён чўнтагига солиб қўйди.

- Пулнинг кераги йўқ эди, - деди йўлига врач.

- Ҳисобли дўст айрилмайди, - деди фармацевт.

Буни юқоридагилар эшитишмаган бўлса- да, уларнинг қўл ва юз- кўз ҳаракатларию, оғиз қимирлатишларидан шуни англашди.

- Бошимга тук чиқиб, набиранинг бободан катталигини биринчи кўришим, - деди ўзини соддаликка солган бемор чол...

Содиқ САЙҲУН.