Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида 1908 йили Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида "Исҳоқия босмахонаси"ни ташкил қилган.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Эҳтиёж - кишини ҳаракатга келтиради. Бизнингча, Исҳоқхон тўранинг матбаачиликка азм айлаши замирида ҳам шу ичкий куч ётади. Аввало, ўзида одамларнинг маънавий дунёсини илму маърифат нури билан ёритиш истаги азалдан туғёнли эди. Қўлёзма китобатчилик даври охирлаётганини зукколик билан англаб етолди. Етук хаттотларнинг камдан-камлиги, бори ҳам минг уринмасин, йилига ўнтача китобни кўчириш имкониятигагина эгалиги, бу ҳам ақлий, ҳам жисмоний қўшалоқ ишнинг суст мароми тезоб замон талабларига жавоб беролмаслигини ўз вақтида пайқади. Айниқса, маҳаллада янгича мактаб очганида болаларга китоблар беролмаганди, ўзи ёзган қўлёзма асари эса Тошкент чопмахоналарида ("Луғати ситтати алсина" 1898 йили тайёр эди) 1901 йилнинг охиридагина босилганди. Машаққатли меҳнатлари маҳсули ёруғликка йиллар маҳтал ётгани унда изтироб қўзғамасдан қўймасди. Қандай ишга жазм айласа, албатта, ўшани уддаламагунча ҳаракатдан тўхтамайдиган феъли Ибратни Наманган матбаачилигига таъмал тоши қўйишига олиб келди.
Тарих фанлари номзоди Азиз Бобохоновнинг "Асрдан ошган зиё масканлари" китобидаги фикрлар жуда асосли ва далилларга бой: "Исҳоқхон Жунайдуллаев "Луғати ситтати ал-сина" нашридан кейин китоб нашри шайдоси бўлиб қолади. У нашр ишларини зимдан ўрганиб юриб, босмахона анжомларини қўлга киритишдан олдин уларнинг қайси усули ва турини қишлоқ шароитида ишлатиш осонроқ кўчишини чамалаб кўргандан сўнг, Туркистон генерал-губернатори маҳкамасига литография, яъни тошбосма очиш учун илтимоснома ёзади. Бироқ Санкт-Петербургдан рухсатнома келмайди. Шунга қарамай, ўзбек зиёлиси шоир Ибрат ўзининг навбатдаги асарини катта умид билан нашрга тайёрлаб боради ва асарнинг нашрига рухсатнома олиш учун китоб қўлёзмасини Санкт-Петербург цензорининг Бош бошқармасига йўллайди. Исҳоқхон Жунайдуллаев таваккал қилиб, босмахона очишга рухсат олмасдан туриб, 1908 йили Оренбургдан литография ускуналарини катта маблағ ва машаққатлар эвазига олдин Қўқонга поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларда етказади. 1908 йилда ўзи қурдирган ҳаммоми ўрнида тошбосма матбаа ташкил қилади ва уни "Матбааи Исҳоқия" номи билан атайди. 1908 йили "Рухсатнома олган йилдан илгари, яъни Санкт-Петербургнинг Бош бошқармаси цензори томонидан 1909 йил босишга рухсат берилган китоб - "Санъати Ибрат қалами Мирражаб Бандий"ни чоп этишдан ўз фаолиятини бошлади".
Ибратнинг ўзи бу ҳақда "Тарихи чопхона" ғазалида қуйидагиларни битган:
Минг уч юзу йигирма олтида чопмахона
Очмоқға бўлди рухсат ва сўз бериб замона.
Мақсад бу ишдан эрди оламға илм қасри,
Ҳам қўймоқға асарлар ёдовари жаҳона.
Биздин кейингилар кўп илму ҳунар топарлар,
Ҳайфоки, анда биз йўқ, йўқ эътимодхона
Оламдин ушбу она сонсиз кишилар ўтди,
Мингдин бири қўюбдур оламға бир нишона
Мен катта бой эмасдим ким айласам бинойе,
Дахлим етишмас эрди рўзғори чойу нона.
Юқоридагилардан кўринадики, ҳамюртимиз ўз олдига эзгу мақсадлар қўйган. Бу борада матбаачиликдан яхши хабардор бўлган Ҳусайн Макаев Исҳоқхонга беминнат кўмаклашади. Шуниси диққатга сазоворки, Ибрат ҳатто ўз босмахонасининг муҳрини ҳам тайёрлатади. Тошбосмада чоп этилган китобларнинг муқовасига муҳр тушириб борилган. Унинг кўриниши нур сочаётган қуёш бўлиб, марказида «илм» сўзи ўйиб битилганди.
Албатта, шахсий кичик корхона тез орада кенгайтирилди. Матбаачининг бутун диққат-эътибори миллатига илм-маърифат тарқатадиган энг қимматли, ўқишга осон, сермаъно ва тушунарли асарларни чоп этишга қаратилди. Маҳаллий халқнинг китобга меҳри оширилди. Натижада бу ишни авж олдириш учун литография 1910 йили Наманган шаҳрига кўчирилди. Матбаа мих ва тошбосмага айланди. Ишлари юришиб кетгач, бутун Туркистон миқёсида маълуму машҳур бўлиб кетди. Катта ҳажмдаги асарларгача нашр қилишга киришила бошланди.
Матбаачилик саноатнинг ўзига хос тури. Унинг маҳсулотларини мухлисларга етказиш учун эса алоҳида дўконлар очиш ҳам зарур эди. Шунинг учун бу масаланинг ижобий ечимига эришишга астойдил бел боғлади. Таниқли олим Улуғбек Долимовнинг келтирган қуйидаги далиллари Ибратнинг ўша пайтда матбаачилик иши йилдан-йилга ривожланганидан далолат беради: "Наманган матбааси маҳсулотининг кун сайин ортиб бориши шаҳар ва қишлоқларда китоб дўконлари ва бозорларининг бир мунча кўпайишига сабаб бўлди. 1910 йилдан бошлаб Наманган шаҳрида 13 та, Чустда 2 та, Попда 2 та, Янгиқўрғонда 1 та, Тўрақўрғонда 1 та китоб дўкони очилди. Бу дўконларда асосан, "Матбааи Исҳоқия"да нашр қилинган китоблар жуда арзон нархларда сотилар эди. Бу матбаада, асосан, маърифатпарварликка оид рисолалар нашр қилинган. Бу ишда асосий ташаббусни Исҳоқхон Ибрат кўрсатган".
Ҳамюртимиз матбаачилик билангина кифояланиб қолишни истамади.1913 йилга келиб, босмахона қошида "Ат-тижор ал-Наманган" номли газета чоп этишни ниятлади. Ҳатто масъул идораларга рухсат олиш учун мурожаат қилди. Бироқ ўша пайтдаги ҳукумат унга бу имкониятни бермади.
Шунга қарамай, у маърифатчиликнинг бошқа йўлларидан фойдаланишга астойдил интилди. Яъни ўз уйида халқ учун бой кутубхона ташкиллади. Унинг номини "Кутубхонаи Исҳоқия" дея номлади. Узоқ-яқиндан таълим-тарбияга оид энг нодир рисолаларни излаб-топиб, ўқувга қўйди. Кутубхонанинг фонди кундан-кунга бойитилди. Шахсий кутубхонасида ўзбек ва форс-тожик ижодкорларининг 1000дан зиёд қўлёзма ва босма китоблари жамланганлиги ҳақида маълумотлар бор. Биргина мисол: Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланаётган Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутатғу билиг" ("Саодатга элтувчи илм") асарининг Наманган нусхаси деб ном олган нодир қўлёзмаси ҳам Ибратнинг кутубхонасида бўлганлиги бизга маълум.
- Матбуот билан матбаа эгизак, бири-бирисиз номукаммал Матбаа корхонаси гўё тандир, матбуот нашри эса унга ёпиладиган хом хамирдай гап, - дейди Содиқ Сайҳун икки соҳани узвий боғлиқликда тасаввур этишимиз учун муқоясалаб. - Хамиртуруши жойида бўлса, хамир яхши қорилса, сифатли нон ясалади, кейин эса шунга муносиб равишда ўт қаланган, маромида қизитилган, чўғли тандирга ёпилсагина, биз кутган чиройли шаклдаги, хуштаъм нон узилади ундан. Шунга монанд равишда ҳаётий ва ҳаққоний битилган, дизайни нигоҳтортар мақолалардан иборат газета ёки журнал ўзига яраша мухлисларга манзур маҳсулотга айланиши босмахона бағрида кечади.
Ибрат сиймосида бир вақтнинг ўзида ҳар иккисини бирдай қўшиб фаолият юритган ташаббускор ва ташкилотчи инсон гавдаланади".
Водийнинг кўзга кўринган шахси қаторида турган ақли зукко, қалби қайноқ, зеҳни ўткир, фикри теран Исҳоқхон тўра наинки оғзаки сўз айтмоқ билан қаноат ҳосил қилди, ўлка минбари - "Туркистон вилояти газети"га долзарб мавзуларда мақолалар ёзди. Ватан ва миллат тақдирига бепарво қарамади. Мудроқ халқ кўзини илму маърифат билан очишни ўйлаб, бу борада бетиним қайғурди. Ҳатто, чор ҳукуматининг сайловлар сиёсатига ислоҳлар жоизлигини дангал айтишдан, газетага рўйи-рост ёзишдан ҳадиксирамади. У адолатли тартиб-қоидаларнигина ёқлашини яширмади, эътирозлари халқ манфаатларига дахлдорлиги учун шахсий ҳаловатини орқага суриб қўйди. Чунончи, 1910 йили ўлкада қозилар сайлови эълон қилинади. Газета мазкур масалани кенг ёритишга масъуллигидан фойдаланиб, мулоҳазали мақолалар йўллади. Ўша давр матбуоти саҳифалари бизга далилий манба бўла олади. "Положенияда 223-бобида зикр қилингандурки, - дея ёзади "Туркистон вилоятининг газети" 1908 йил 56-сонида Ибрат, - эътибори бор, етти кундан зиёда ҳибс бўлмаган, ўттуз сўмдан зиёд иштраб тўламаган, ёши йигирма бешдан паст эмас одам" қози бўлар экан. Олим ё оми, аҳмоқ ё доно киши, ё шариат биладурган ва ёки низом биладурган демаган... Кўрасиз кимларни(нг) қўлларига бу катта шариат ҳукмини топширадурлар. Фикр андиша қиладурган киши йўқ. Андиша қиладурган одамни одам ҳам ҳисоб қилмайдилар... Положения бобиға мувофиқ элликбоши деган кимгаки, шар кўп тушса, ани ёзар экан. На қилсунлар, бу хил қилсалар положенияга мувофиқ. Положенияда шариат биладурган мулладан деган эмас экан... уларга ким ва нима бўлиши ҳам даркор эмас экан. Бефикр ўтсанг, эй дўст муҳтожи нон ўлурсан".
Юқоридаги сатрларни ўқиб газета нонини еб тирикчилик ўтказаётган унча-мунча журналистларнинг қўлидан бундай журъат келмаслиги хаёлимиздан ўтади. Қарангга, ҳукмрон чор ҳукумати сайлов қонун-қоидаларини ўзгартириш керак, деган фикрни кинояли тарзда матбуот орқали бутун Туркистон вилоятига ёйишга тобе ер фарзандининг ҳадди қандай сиғганига ақл бовар қилмайди. Бу чинакам миллатпарварлик, бу халқнинг эртаси учун астойдил жон куйдириш, бу адолатга ўч қалбнинг ўзига хос исёни эмасми.
Фарғона давлатчилиги тарихида катта ўрин тутган Ахсикент хусусида 1913 йилнинг ёзида Тошкент археология жамияти илмий мунозара ташкиллайди. Тадбирга водий вакиллари сафида Исҳоқхон тўранинг таклиф қилингани айни муддао бўлди. "Туркистон вилоятининг газети" даги мунозара унинг мақоласи билан бошланганида ҳам рамзийликни уқишимиз қийин эмас. Боиси, Ибрат қадимги Ахсикентга ёндош қишлоқнинг фарзанди, юртга таниқли шахс, ҳаваскор археологларнинг бетаъма сардори эди. У кўҳна шаҳар харобаларини ўрганиш - юртнинг кечасини аён кўриш билан баробарлигини чуқур идроклаб, бу масалага чор ҳукуматининг, халқининг диққат-эътиборини тортишни истаб, ўзи китобларда, айниқса "Бобурнома"да ўқиганлари, одамлардан тинглаганларига таяниб, Ахси шаҳри тўғрисида ғоят қизиқарли ва аҳамиятли маълумотларни келтиради. Ўлкамиз тарихини ўрганишга барчани ундайди.
Матбуот фаолига айланган қаламкаш 1911 йили Қўқон-Наманган темир йўлининг қурилиши ва ишга туширилиши ҳақида мақола ёзган бўлса, 1912 йили 15 июлда унинг ишга туширилишини олқишлаб репортаж битди. Шунингдек, "Эски мактаблар хусусида", "Миллатни ким ислоҳ этар?", "Тўрақўрғондан мактуб" сингари мақолалари эса газета ва "Ойна" жаридасида ёритилди.
Унинг биринчи матбаачи ва фаол матбуотчи сифатидаги хизматлари кенг ўрганишга ва тарғиб этишга арзийди. Бизнинг битикларимиз эса дастлабки изланишлари, яъни денгиздан томчи кабидир десак хато қилмаймиз.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.