Ахсикент - дунё тамаддунида ўзига хос из қолдирган кўҳна шаҳар, Ватанимизнинг бир парчаси, не-не алломаларга бешиккент, табаррук гўша. Мингдан-минг афсусларки, милоддан илгариги V-IV асрларда ҳаёти ибтидолангану, эрамизнинг ХIII асри бошларида мўғул босқинчилари томонидан интиҳога дучор қилинган. Саккиз юз йилдан бери "ўлик шаҳар"лар қаторида турган аждодларимиз қадимги қўнимгоҳининг асл ҳолатлари хусусида кимлар ёзмадилару, кимлар ёзишмаяпти. Қизиқишлар кучли, тадқиқотлар ҳам, тар­ғиботлар ҳам бардавом. Тасаввур ва фаразларнинг бир талайи топилма-ашёлардан далилланган, яна бир талайи хали исботталаб фикру ўйларимиз ҳосиласи. Қазув-қидирув, тадқиқ, таҳлил бобида изчиллик, мукаммаллик ва тўкислик мавриди энди-энди келаётибди.

Истиқлол ислоҳотлари янги босқичга кўтарилган бир пайт­да тарихимизни ўрганишга, бутун оламга кўз-кўз қилишга, яъни хорижий туристларни фахрли ўтмишимизни кўриб-кетишга чорлаш масаласига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибор билан қарашлари халқимиз асрий орзуларини ушалтириш имконини тобора яқинлаштирмоқда.

Юртбошимиз наманганликлар билан учрашувларида алоҳида таъкидлаганларидай: "...Бу диёрдаги машхур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдгорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос цивилизация ва бой маданият ривожланганидан далолат беради". Шунинг учун Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 16 октябрда "Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида "Ахсикент" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида" 831-сонли қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ Наманган вилоят ҳокимлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги "Ахсикент" жамғармаси ва унинг дирекцияси иш бошлади.

Яқинда Наманган давлат университетида "Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни" мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти Тошкент бўлимининг раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоевнинг маърузаси тингланди. Айниқса, олимнинг ҳозирда олиб борилаётган қидирув-қазув ишлари ҳамда эришилган натижалар ҳақида берган маълумотлари барчани қувонтиради.

Чунончи ерости водопроводининг яна иккита кузатув жойи кўзга ташланди. Сув ўтказгичлар қалин мудофаа деворлари остидан юрган бўлиб, 20-30 метр, ҳатто баъзи жойларда 50 метр чуқурликда эканлиги аниқланди.

Кузатув хоналаридаги ҳовузчалар оқиб келган лойқаларни олиб, тозалаш учун қулай қилиб бунёд этилган. Яна эътиборталаб янгилик, бир жойда сувни иккинчи баландликка кўтариш учун аввал шунча пастликка шўнғитиб тушириш ҳолати вужудга келтирилган, кейин сув ўз-ўзидан табиий равишда юқорига кўтарилиб, яна равон йўлга ўтиб, оқимини давом эттираверган. Бундан аждодларимиз кўпгина физик қонуниятларни, математик ҳисоб-китобларни пухта ўзлаштиришган, билимларини амалиётда қўллаш салоҳияти билан ҳаёт тараққиётини таъминлашга кўп жиҳатдан қодир бўлишган экан, деган хулоса туғилади. Қазув-қидирувдаги дастлабки ҳаракатлар чакки эмас. Эндиликда вақтни бой бермай, ҳар қадам серсамара якун топиши учун мақсадни аниқ белгилаш, ҳаракатларни бир-бирига мувофиқлаштириш ғоят долзарб бўлиб колмоқда.

Анжуманда вилоят бош меъмори Шерзод Қўчқоров Ахсикент очиқ осмон остидаги музейга айлантирилаётгани муносабати билан тайёрланган лойиҳани йиғилганлар эътиборига ҳавола қилди. Слайдлар орқали Ахсикентнинг яқин пайтларда ўзгартириладиган қиёфасини кўз ўнгимизда жонлантирди. Юқоридан чор атрофни, очиқ музей манзарасини томошалаш учун махсус ойнавандли кўтарма-айланма қурилма-ю, кўҳна кент устидан ҳаракатланадиган хавфсиз осма ўтиргичлар сайёҳлар учун беҳад манзур тушса ажаб эмас.

Ҳудуддаги уч қаватли музейнинг биринчи қаватига Ахсикент билан боғлиқ макетлар жойлаштирилади. Тепа қаватларида эса ўтмишга шоҳид қимматли осори-атиқалару ҳужжатларни қўйиш мўлжалланган. Ҳозиргача қўлга киритилган ноёб топилмаларнинг барчасига шу масканда иккинчи "ҳаёт" бағишланади.

Улар археологлар бисотида, вилоят ўлкашунослик музейида, Гулқишлоқдаги 29-мактабда, Шаҳанддаги 33-мактабда, ҳатто одамларнинг уйларида мавжуд. Фақат бирма-бир кўздан кечириб, саралаб, шу масканга келтирилиши шарт. Биз биламизки, ҳар бир топилма тарихнинг тупроқ остидаги "юзи". Ахсикентнинг, авало, Ахсикентнинг ўзида оламга кўз-кўз қилиниши бу ерга ташриф буюрадиган ҳар қандай сайёҳни мафтун этиб қўйиши турган гап. Бу билан туристлар кўҳна гўшага келиб, ҳам Ахсикентнинг ўзини, ҳам музейдаги Ахсикент­ни томошалашларига ҳар томонлама қулайликлар яратилган бўлади.

Халқаро илмий анжуманда Америка Қўшма Штатлари, Хитой, Япония ва Россиянинг қадимшунос археологларигача фаол қатнашишлари ва уларнинг сўзга чиқишлари Ахсикент дунё олимлари нигоҳида турганлигининг, ҳали очилмаган сиру синоатлари билан ўз бағрига чорлаётганининг яна бир бор исботига айланди.

- Ахсикент жаҳон давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутгани ҳақидаги маълумотлар сизларни ҳар қанча фахрлантиришга арзийди,-дейди Наманган давлат университетида фаолият юритаётган АҚШ Кентукки университети профессори Элис Бритен. - Уни ўрганишга, бутун оламга танитишга ҳозир давлатингиз миқёсида юксак эътибор қаратилаётгани беҳад аҳамиятли. Шу эзгу ишларнинг иштирокчилари сафига қўшилганимдан бугун кўнглим мамнунлик туйғуларига тўлиб-тошмоқда.

- Мен 2014 йили Ўзбекистонга келганман, Сурхондарё ва Қашқадарёда кўҳна маданият ўчоқларини ўрганиш билан маш­ғулман, - дейди Хитой археологи, профессор Ванг Хян Цин. - Ахсикент - ер юзининг Шарқидаги қадим шаҳар. Буюк Ипак йўли ёқасидаги савдо маркази сифатида дунё тамаддунида катта роль ўйнаган. Уни очиш, сақлаш ва муҳофаза қилишга астойдил киришганликларинг учун Ўзбекис­тон тарихини оламга ёйиш борасида янада катта манбага эришишларинг шубҳасиз, деб ўйлайман.

Токио университети профессори Шого Кумет қуйидагиларни таъкидлади:

- Мен ҳозиргача Қирғизистонда илмий-тадқиқот олиб борган бўлсам, икки ҳафтадирки, ишимни Андижонга кўчирдим. Ахсикент эса узоқ эмас экан. Битта водийга жойлашгани мен учун қулайлик туғдирди. Кўҳни чорвачилик ва деҳқончилик қандай кечганини ўрганиш учун, албатта, Ахсикентда сизларга ҳамкорлик қилиш истагидаман.

Ахсикент ҳақида Япон кино ижодкорлари 1993 йилда ҳужжатли фильм яратиб, дунёга такрор-такрор намойиш қилишганини яхши эслаймиз. Ишонамизки, Ахсикент яқин вақтлар ичида истиқлол ислоҳотлари шарофатидан дунёга қайта юз очиб, ер куррасининг турли томонларида яшаётган халқлари минг-минглаб километр масофани ҳаво лайнерларию, тезюрар поездларида босиб ўтиб, саёҳатга келишларига, арзийдиган ҳайратона туристик манзилгоҳлар қаторига киритилиши ҳаётий ҳақиқатга айланади.

Халқаро анжуманда қатнашар эканмиз, ҳамюрт олимларимиз ҳамда шоир ва ёзувчиларимиз вакиллари билан танаффус чоғидаги ўзаро муҳокама ҳамда мунозараларимиз ҳам қизғин тусга кирди.

-  Бугун биринчи ўринда амалга оширишимиз зарур бўлган вазифа,-дея алоҳида урғу берди. Наманган давлат университети "Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси" кафедраси профессори Асқарбек Акбаров, - Ахсикентда ишланган ва олиб кетилган санъат яратиқлари, қўлёзмалар, китоблар, турли сабаблар билан Ахсикент­ни тарк этиб бошқа юртларда яшаган ватандошларимиз асарлари рўйхатини тузишдан иборатдир. Юртимизга оид энг кўп ашёлар сақланаётган Санкт-Петербург шаҳрининг "Этнография" музейи жамғармасидаги ва хориж музейларидаги тарих ва маданиятимизга оид тўла маълумотлар ва фотоларни тўплаб, католог-китоб ҳолига келтириш ва чоп қилиш даркор.

- Қадимги Ахсикент қўрғони худди Германиянинг Рейн дарёси соҳилида минг йил муқаддам барпо қилинган қадимги немис қалъасига ўхшайди, - деди шоир ва публицист Абдулла Жалил. - Қизиғи шундаки, ҳар икки қалъа ҳам дарёнинг бурилиб кетадиган жойида барпо этилган. Ҳар икки қалъанинг мустаҳкамлиги ҳам ўхшаш... Биз ҳам ўзлигимизни англашни истасак, ватанимизнинг қадимги тарихини кўрсатувчи қўҳна Ахсикент қалъасини қандай бўлган бўлса, шундай ҳолатда тиклашимиз, оламга кўрсатишимиз шарт.

Мақсадлар аниқ, режалар улуғвор, ҳаракатлар бетўхтов. Давлат эътиборидаги, ислоҳотлар доирасидаги хайрли ва савобли юмушлардан элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган катта-ю кичик четда қолмаслиги лозим. Ахир бу кунларни кўриш бизлар учун қанча йиллардан буён ширин орзу эди-ку!

Тупроқтепа остидаги мўъжизанинг юзини очиш истиқлолли юртнинг чин иқболли авлодларига насиб қилганидан чексиз фахру ғурурлар туйишдан ортиқроқ бахт борми, азиз замондошлар?!

Содиқ САЙҲУН.