Соғинсам отажоним, излайин қаерлардан,
Соғинсам нур - жаҳоним, излайин қаерлардан?!
Шоир Нуриддин Бобохўжаев қаламига мансуб ушбу қўшиқни ҳар гал тинглаганимда юрагим алланечук ҳолга тушади. Соғинч туйғуларидан ўртаниб кетаман. Ахир мен ҳам дунёдаги энг азиз инсоним - падари бузрукворимдан айрилиб қолганман.
Оилада отанинг ўрни, оилага ғам-ташвишнинг яқин йўллатмагани ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайди. Бироқ она ёки фарзандлар ўша кўзга кўринмаган ишни уддалай олмаслиги отанинг вафотидан кейингина жуда-жуда билинаркан. Баймоқда юрганимда ҳамқишлоқларимдан, шаҳарда юрган кезларимда, катта-кичик биродару устозлардан бир гапни кўп эшитганман: "Яқин инсонинг оламдан ўтса, қабристонга бориб, зиёрат қилсанг, бироз бўлса-да енгил тортасан" дейишган. Аммо қабристон ҳам сиздаги соғинч ҳиссини тўла боса олмасакан.
Айниқса, яқинингизни йўқотган маҳалингиз бирор бир ишга қўлингиз боравермайди. Кўчадами, бозордами, транспортдами танишларни кўрсангиз, "Шу инсон отам билан бирга ишлаган эди, шу одам билан отам кўп-кўп гаплашиб туришар эди" деган фикр ёки отангизнинг синфдош дўсту қадрдонлари учраб қолишса, "Улар билан ёнма-ён яшаб юрсалар бўлмасмиди" деган ўй беихтиёр хаёлингиздан ўтади. Амакингизни, аммангизни учратиб қолсангиз, ичингиз тўлиб кетади.
Агар дадангиз уяли телефон тутган бўлсалару, вафот этганларидан сўнг жиринглаб қолса борми, қандай жавоб беришни билмай тилингиз айланмайди. Чунки, отангизни "вафот этдилар" ёки "энди жавоб беришга иложлари йўқ, оламдан ўтдилар" дейишга ботинолмайсиз.
Ўйлаган режангиз гоҳо амалга ошмаса, ишингиз юришмаса, кимдандир дакки эшитсангиз, ичингиздаги дардингизни айтадиган одам қаерда. Ёки сизни бирор вазифага тавсия этишса, бирор яхши буюм ҳарид қилмоқчи бўлсангиз, маслаҳат бергувчи, қўллаб-қувватлагувчи инсонни қидириб қоларкансиз. Ўша инсон отангиз бўларкан.
Онангиз билан суҳбатлашиб ўтирганингизда беихтиёр мавзу отангизга бурилаверади. "Даданг сенга бундай баҳо берар эди, сенинг мана шу ишни қилишингни роса хоҳлар эди, бу сўзларингни дадангга айтганингда хандон отиб кулар эди, ҳар гал сени кўрганда дадангнинг кайфияти тоғдек кўтарилиб кетар эди" деган гапларни эшитиб, ичингиз тўлиб, кўзингизда ёшлар қалқир экан.
Тўй-ҳашамларда дадангизнинг тенгқур қадрдон дўстлари йиғилишиб ўтирган уйга сизни чорлаб қолиши мумкин. "Хўўў, дўстимизнинг ўғли, тортинма, кел буёққа, қаторимизга қўшилиб, Ғайбуллонинг ўрнида ўтирасан, ҳеч бўлмаса сени кўрганда уни кўргандек ҳис этамиз ўзимизни" дейишса борми, ғоят қувонасизу, лекин бир аҳволга тушасиз.
Уйда дадангизнинг кийимлари сизга мос бўлиб қолганида ўз-ўзидан уларни устингизга иласиз, кўчага чиқсангиз, кутилмаганда гоҳо аммаларингиз ва амакиларингизнинг узоқдан шитоб билан келишларига таажжубланасиз. "Сенмидинг, йироқдан акам (даданг) деб ўйлабман, роса ўхшаб кетибсан-а" дейишса гап нимадалигини англаб, яна кўнглингиз бир қалқиб оларкан.
Қишлоғимизда бир ногирон инсон бор. Унинг ҳолидан дадам ҳаётлигида тез-тез хабар олиб турар, қишда ўтин-кўмири, емоқ учун буғдой-уни, кияр кийим-кечагидан доимо қайғуриб юрардилар. Ҳатто тўй-тўйчиқ, совуқ маъракаларгача ўзлари билан бирга олиб борардилар. Буни ҳеч ҳам ўзларига малол кўрмасдилар. Шу одатлари ҳам ҳамқишлоқларни айрим меҳрга муҳтож инсонларга нисбатан ғамхўр бўлишига қайсидир маънода ўргатиб қўйган эди чамамда.
Дадамнинг энг эътибор тортадиган одатларидан бири (мен буни вафот этганларидан кейингина билдим) ҳарбий хизматга борган даврларидан, яъни 1977 йилдан токи вафотлари 2017 йил 15 май кунига қадар қайд дафтарлари бор экан. Уни ҳамиша ёнларида асраб-авайлаб, саҳифаларига ўзларининг барча кечинмаларини, қариндош-уруғларидаги эсда қоларли воқеа-ҳодисаларни бирма-бир ёзиб юрган эканлар. Энди эса, бизлар уни ўқиб, кўп нарсаларни қайтадан уқмоқдамиз. Худди бизларга ўзларидек сабоқ беряпти гўё.
Инсон ўз яқинларидан жудо бўлса ҳам унинг хаёли билан яшайди. Хотиралари жонланиб, худди тирикдек ҳис этиш одати табиий ҳолдир. Мен эса хаёлимда гоҳ-гоҳ суҳбат қураман. Маслаҳат сўрайман. Тушларимда (ўнгимда бўлгандек) уйга келганга ўхшайдилар. Овозлари қўнғироқдай жаранглайди. Энг кўп такрорлайдиган сўзлари: "Онангга эҳтиёт бўлинглар, соғлиғига эътибор қаратинглар, мендан сизларга омонат..." деб уқтиришларига нима дейсиз.
Отасини йўқотганларга айтадиган гапим шуки, фарзанднинг ёруғ оламда иккита суянган тоғи бўлади. Бири отангиз, бири онангиз. Агар отангизни йўқотган экансиз, меҳрибон ва жафокаш онангиз сиз учун ғаниматдан ғаниматдир, уларни отангиз учун ҳам, ўзингиз учун ҳам, бобо сифатида ўғил-қизларингиз учун ҳам ҳамиша асрашга, ардоқлашга бурчлисиз!..
Зафаржон АБДУЛЛАЕВ,
НамДУ катта ўқитувчиси.