Шифохонамизга етиб келгунча бемор қандай дори-дармонлар қабул қилгану, қандай ўзгаришлар юз берганини обдон таҳлил ва мушоҳададан ўтказардик. Энг муҳими, қўйилган диагност тўғри ёки қайта текширувга муҳтожлигини тез аниқлаш талаб этиларди. У пайтлар ҳозирдагидек замонавий аппаратлар қаёқда эди. Барчасини эшитиш, синчиклаб текшириш, ақл-идрокни тўла ишга солиб, ўткир фаҳм-фаросат билан касаллик ўчоғини топишга тўғри келарди. Чунки, илашган дард мисоли бола танасидаги ёв бўлса, врач уни мавҳ этишга шайланган аскардек гап. Аниқ ташҳис-аниқ нишон. "Ҳужумингиз" бесамар кетмайди. Бемор болани бой бериш эса енгилиш билан баробар. Бизлар учун бундан оғир, бундан уятли ҳолат бўлиши мумкин эмасди. Ва буни институтларни янги тамомлаб, эгнига эндигина оқ халат илган ёшларга ўргатишга бурчдорлигимизниям бирор дақиқа унутмаганмиз. Мен билан бирга Санъатхон Қорабоевна, Шарофат Зуфаровна, Лариса Николаевна, Хулкархон Ҳикматовнага ўхшаган фидоий касбдошларим ёнма-ён бўлишди.

Ая қўлимизга бундан қирқ йиллар аввал тутилган дафтарни тутқаздилар. Унда қўлларида интернатурани ўтаган ёшларнинг машғулотларда қатнашиши қайд этиб борилган экан: Саломат Арзиматова, Алоҳиддин Мадраҳимов, Исоқжон Бозоров, Насиба Кенжаева, Гулчеҳра Низомова, Борижон Тошматов, Мурод Ҳакимов, Манзура Ортиқова... улар йигирмадан зиёд. Эндиликда бу шогирдларининг ҳаммаси вилоятимиз туман ва шаҳарларида устозга айланишган. Ҳатто нафақага чиқишиб, меҳнат фахрийлари сафида элу юрт ардоғида яшашяпти. Демак, ая айни маҳалда устозларнинг устози мартабасигаям мушаррафлар.

Зоҳидахон Мўминованинг тиббий муолажа бобидаги касб маҳоратидан янада самарали фойдаланиш вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларининг кейин ҳам доимий диққат марказида турди. Наманганлик уруш ва меҳнат фахрийлари учун алоҳида имконият ва кенг қамровли қулайликлар муҳайёланган даволаш маскани очилгач, 1980 йили уни шу жойга ишга ўтказишди. Токи пенсия ёшига етгунча ўн йиллик ҳаёти юрт равнақи, халқ фаровонлиги учун меҳнат қилаётган фаол инсонларнинг фарзандларига ғамхўрлик кўрсатиш билан ўтди. 1990 йилдан эса 2-кичик тумандаги болалар уйида яна ўн саккиз йиллик умри ўксик кўнгилли етим, касалванд ва ногирон ўғил-қизчаларнинг саломатлигига посбонлик постида кечди. У эгнидаги оқ халатини 70 ёшида ечди-ю, ҳали ҳанузгача остоналаридан давоталабларнинг қадамлари узилмайди.

Катта асфальт йўл ёқасидаги пештоқига 27-рақам қўйилган дарвозадан фарзандини бағрига босиб чиқаётган ёшгина жувонни учратдик.

- Зоҳидахон аямиз бахтимизга узоқ яшасинлар, - деди мамнун кайфиятда Муслима Расулова. - Шошиб қолсак дарров маҳалладошимизга югурамиз. Кечами-кундузми онахонга барибир, сира малол олмайдилар. Мана икки яшар Собиржоним тинчланди қолди. Қўллари жудаям енгил. Телефон рақамимни ёзволдилар. "Аҳволидан ташвишланаман, ўзим сўраб-суриштириб тураман, айтилган дориларни вақтида ичириб туринг" деб тайинладилар.

Кекса шифокорнинг ўзлари эътироф этишларича, кунига 2-3 та болани кўриб қўйишларига тўғри келаркан. Эшиклари нажотталабларга ҳамиша очиқ. Пулсиз, беминнат ёрдамларининг сийлови Аллоҳдан ёғиладиган савоб эмиш. Бундан зиёда олийжаноблик, бундан зиёда хожатбарорлик борми дунёда?!

Кичикларнинг катта дўхтири Зоҳидахон аянинг ҳалол ва фаол хизматлари ўз вақтида тақдирлашга муносиб топилган. Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг собиқ бош врачи Клара Усмоновна Муҳиддинова бундан 35 йил муқаддам илғор шифокорни "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига тавсия этган ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юксак эътирофининг ифодаси сифатида буни ҳамкасбининг кўксига кўпсонли жамоаси олдида тантанали тақиб қўйган. Тошкенту Москваларда малакасини мукаммаллаштириш асносида олий тоифа эгаси бўлганига эса қирқ йилдан ошди-ёв. Шунингдек, болаларнинг тани соғлигини таъминловчи, ота-оналарга бир олам қувонч бағишловчи врач-педиатрни наманганликларнинг халқ депутатлари шаҳар Кенгашига вакил қилиб сайлашганиям унга ишончу ихлослари баланд бўлганлигининг яққол исботидир.

Ҳаётнинг аччиқ-кўргиликларини мустабид тузум даврида бошидан беҳад кечирган, лекин зиёли ота-онасидан ўтган ақл-идроки, метин иродаси, яхшиларнинг етаклови, яқинларининг меҳр-оқибати туфайли етим фарзанд эл- юртининг садоқатли қизига айланди, камолот бобида ҳамма ҳаваслайдиган шифокор инсон юксак обрў-эътибор қозонди. Наинки хизмат соҳасида оила аталмиш кичик қўрғонида ўзига хос намуна мактаби ярата олди. Врач-рентгенолог Лутфиддин Муҳиддинов билан 1961 йилда тақдирини боғлаб, 46 йил аҳил ва шарофатли яшаб, бахти бекамлик толеига мушаррафланди. Икки ўғил, икки қизни вояга етказишди. Замира ва Аҳмаджонлар бошқа-бошқа касбларни танлашган бўлишса, Муҳаббат билан Акромжонлар онаси каби кичкинтой беморларнинг нажоткори сифатида илму амалиётда юқори даражага етишган. Бирлари Андижон Давлат тиббиёт институтининг илмий маркази мутахассис, бирлари Наманган ички ишлар тизими тиббиёт муассасаси раҳбари.

Очеркимизни ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод этган янги "Машраб", ўзбек адабиётида достончиликка асос солган яловбардор шоир ва драматург, Абдулла Қодирий ва Сўфизодаларнинг муносиб сафдоши Рафиқ Мўминдан бошлаган эдик. Хотимагаям у кишини эслаш билан нуқта қўйсак. Отаси дийдорига тўйиб-тўймаган қиз аслида кейинчалик ҳам падари бузруквори шуҳратидан очиқ-ошкора, эмин-эркин фахрланолмади. Талабалик йилларида "Халқ душмани"нинг қизи экан" деган таъна-ю дашномларни эшитиб қолишдан чўчиб, хадикда юрди. Боиси, отаси ўн йиллик ноҳақ қамоқдан қайтганига қарамай, оқлангани ҳақидаги ҳужжатни кўришига соғлиги йўл бермади. Ҳибсхонада орттириб келган оғир хасталиги туфайли атиги тўрт йилгина яшай олди. 1951 йилнинг 5 майида қалби армону ўкинчларга тўла ҳаётдан кўз юмди.

Ўлимидан салгина кейинроқ эса унинг кўчасида ҳам кун чиққан эди. "Ўзбекистон Олий суди томонидан Рафиқ Мўминга нисбатан ўқилган айбнома унинг ҳаракатларида жиноий иш йўқлиги сабабли бекор қилиниб оқланган..." Афсуски, бу ҳам ўша йилларда ҳеч кимга маълум эмасди. Қачонки, жабрдийда отанинг фарзанди Ҳакимжон Мўминовнинг қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида адолат қарор топди. Орадан 19 йил ўтиб, 1970 йил 3 сентябрда етиб келган ана шундай хушхабар Рафиқ Мўминнинг ягона қизи Зоҳидахон аянинг ҳам қалбидаги армонларини аритиб юборди.

- Истиқлолга мингдан-минг шукроналар айтсак арзийди, - дейди онахон чеҳраларидан нур ёғилиб,- эмин-эркинликка нима етсин. Ҳамма ёқ тўкинчилик, ейдиган ҳам, киядиган ҳам етарли, танлаб-танлаб оласан. Биз бошдан кечирган оғир кунлар энди фақат хотираларда қолсин. Фарзандларимизу набираларимиз дориломон замоннинг давру давронлари саодатидан ҳеч қачон бенасиб бўлмасинлар. Президентимиз 2015 йилни - Кексаларни эъзозлаш йили деб бежиз номламаганлар. Қариялари қадрланган юртни ҳеч қачон тинчлик, қут-барака, файзу шукуҳ тарк этмайди. Кўнгилларимиз эса бундай ардоқдан тобора тоғланиб ва чоғланиб, қўлларимиз шукрона дуоларга очилаверади.

Эзгуликнинг умри боқий. Буни биз биргина Рафиқ Мўмин ва унинг шифокор қизи Зоҳидахон аянинг умрлари тимсолида ҳикоя қилдик, холос. Аслида Наманганимизда шундай саодатманд, табаррук инсонларимиз кўпдан-кўп. Уларнинг қутлуғ излари, кўнглига яқин сўзлари, эл олдидаги ёруғ юзлари минг-минглаб ёшларимизга бебаҳо ўрнак, десак ҳар қанча хақлимиз.

Содиқ САЙҲУН,

шоир ва публицист.

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).