Бугун ўзбек ёшлари дунёнинг турли давлатлари, жумладан, энг тараққий топган мамлакатларда нафақат ўқиётгани, балки, нуфузли университетларда дарс бераётгани, йирик компаниялар бошқарув тизимида ишлаётгани истиқлолимиз шарофатидандир. Зеро, биз кўплаб табиий ва аниқ фанлар пойдеворига тамал тошини қўйган ва дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломаларнинг авлодларимиз.

Алишер Дедахонов ғурур ва ифтихорга муносиб шундай ёшлардан биридир. Унинг бир неча тилларни мукаммал билиши, иқтисодиёт ва инновация йўналишларида илмий изланаётгани, ўз соҳасида муваффақиятларга эришаётганини назарда тутиб уни улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон тўра Ибратнинг муносиб издоши дейиш мумкин.

Алишер Тошкент давлат шарқшунослик институтини битиргач, Жанубий Кореянинг Ёнгнам университетида бизнес бошқаруви йўналишида таҳсил олди ҳамда магистр даражасига эга бўлди. Магистратурадан кейин докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб 30 ёшида PhD (Фалсафа доктори) даражасига сазовор бўлди.

Алишер ёшлигиданоқ хорижий тилларни тиришқоқлик билан ўрганди. Ҳозир у инглиз, корейс, рус, турк тилларини ўз она тилидан кам даражада билмайди. Ёш олим ўндан ортиқ давлатлардан келиб таҳсил олаётган турли миллат вакилларига бизнес бошқаруви йўналишидан таълим бермокда.

Алишер Дедахонов Японияда бўлиб ўтган халқаро илмий анжуманда ўз мутахассислиги бўйича дунё олимлари эътирофини қозонди.

Ёнгнам университети профессори, изланувчан ёш олим Алишер Дедахонов якинда "Marquis Whos Who in the World" (Маркуис Ким аслида Ким) нуфузли мукофотига сазовор бўлди.

Marquis Whos Who - қисқача таржимаи ҳолларни ўзида мужассам қилган АҚШнинг қатор каталогларининг нуфузли нашри ҳисобланади. Мазкур каталогдан дунёдаги бизнес, юриспруденция, фан, тиббиёт, санъат, бошқарув ва шу каби бошқа соҳаларнинг юқори малакали етакчи мутахассислари ўрин олган.

- Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифларини Жанубий Ко­рея­дан туриб ижтимоий тармоқлар орқали зўр қизиқиш билан кузатиб бордим, - дейди А. Дедахонов биз билан телефон орқали суҳбатда. - Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизда саноат, бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигида инновацион технология қўллаган ёш олимнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратгани, айниқса, мени қувонтирди. Жанубий Кореянинг "Hyundai" автомобилларини Наманганда ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар, Наманган шаҳридаги давлат хизматлари маркази ҳамда Тўрақўрғонда хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган Ибрат мактаби ташкил қилингани ҳақидаги хушхабарлар она юртимизда таъбир жоиз бўлса, янги бир уйғониш даври бошланганидан далолат беради. Мен ҳам келажакда Ўзбекистонимиз тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қиладиган лойиҳалар билан ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.

Акрамжон Сатторов.