Бироқ, компьютер, уяли алоқа воситаси, интернет сир-синоатларини пухта ўзлаштираётган ўғил-қизларимизнинг барчаси шу имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланишяптими? Афсуски, бунга тўлақонли ижобий жавоб бериш қийин.
Наманган шаҳридаги мактаблардан бирида ишлайдиган танишимнинг куюниб сўзлашича, танаффус бўлди дегунча ўқувчилар турли ижтимоий сайтлардан тортиб олган суратлар, видеоклиплар, эрмагу-томошаларни Blutoos орқали бир-бирининг телефонига ўтказиб берарканлар. Улар шу қадар "берилиб" кетишарканки, дарсга қўнғироқ чалиниб, ўқитувчининг кириб келганини гоҳида сезишмас экан...
Биргина қўл телефонидаги ур-йиқит, зўравонлик, бузуқликни тарғиб этаётган "томоша"ларнинг ўзиёқ ёш авлод онгига, руҳиятига катта салбий таъсир кўрсатади. Боланинг ўқиши, хулқ-атвори кескин ўзгаради. Шафқатсиз ўйинлар, беҳаё, беандиша фильмлар билан унинг тафаккуридаги инсоний фазилатлар емирилиб бораётганлиги биз ота-оналарнинг ёдимизга ҳам келмайди. Ўзи билан ўзи овора бола қачонки, хунрезликка, безориликка қўл урсагина маҳалла-кўйда бошимиз эгилиб чора истаймиз.
- Ўғлим ўта асабий, жиззаки, бир оғиз гапга еру кўкка сапчийдиган бўлиб қолди, - дейди аёллардан бири ўкиниб. - Эртаю-кеч қўлида телефон, қулоғида наушник. Ҳа, энди балоғат ёшида-дея дастлаб эътибор бермадиму, кейин сингилларига, ҳатто ўзидан катта ёшли қўшниларимизга қилаётган қўпол муомаласидан қаттиқ ташвишга тушдим. Дадаси эса Россияда эди. Телевизорни ҳам меъёридан баланд эшитади. Хаёлпараст, мактабга сумкасиз кета бошлади. Жазолаш ниятида қўл телефонини олиб қўйдим. Интернетдан бирорта адабиёт, керакли дарсликлар ўрнига суратлар, видеоклиплар, ур-йиқит томошалар кўчирибди. Фарзандим билан дўстона суҳбатлашарканман, унинг уйқусизликдан қийналаётганини, қулоғидан шовқин аримаётганлигини, дарсларни яхши ўзлаштира олмаётганлигини ҳис қилдим. Невропатолог шифокорга олиб борсам, телефондан меъёридан ортиқ фойдаланганлиги оқибатида асабида руҳий зўриқиш ва эшитиш тизимида заифликлар пайдо бўлганлигини аниқлади.
Дарҳақиқат, бугун аксарият ёшларимизда функциялари беҳисоб сўнгги русумдаги қўл телефони бор. Баъзи бир ижтимоий тармоқлар орқали ўзларини, "хайриҳоҳ", "дўст" тутиб, боланинг тафаккурини заҳарлашни мақсад қилган турли экстремистик гуруҳлар кўпайса кўпаймоқдаки, асло камайгани йўқ. Бундай гуруҳлар аввалига ўзларини "мурувватли", "меҳрибон" қилиб кўрсатадилар. Охир-оқибат ота-онаси, яқинлари назоратидан четда қолган айрим ўсмир йигит-қизлар уларнинг "ширин" сўзларига маҳлиё бўлиб қолишмоқда. Тармоқлардаги "танишув"лардан кейин ўғил ё қизнинг феъл-атворидаги юз бераётган ўзгаришлардан бехабар ота-онанинг фарзанди вақтлар ўтиб, экстремистик гуруҳлар, гиёҳвандлик, фоҳишабозлик каби иллатлар домига тушиб қолганида кўтарган фарёдидан, афсусу-надоматларидан фойда бормикан?
Биз ёшларни мобиль алоқа воситаси ва интернет тизимидан фойдаланишларини таъқиқлаш тарафдори эмасмиз. Фақат уларни мақсадли ва безиён ишлатишларини истаймиз. Техника тараққиёти фақат ёшлар маънавиятини бойитишга хизмат қилсин. Устозларгина эмас, маҳаллада, оилада барчамиз фарзандларимиз назоратини ўз измимизга олайлик.
Вақт топиб ёзишмаларини кузатиб турайлик. Муносабатларимизни дўстона ва самимий тушунтирайлик. Улар дўстни олисдаги бегоналардан эмас, ўзимиздан, ўз яқинларидан қидирсинлар. Зеро, фарзандларимиз нурли истиқболимиз, порлоқ келажагимиз. Шундай экан, огоҳ бўлайлик. Уларни ёт ғоялар, турли мафкуравий хуружлар таъсирига берилишидан асрайлик!
Манзура ЭРГАШЕВА,
"Шифокор ва ҳаёт"нинг махсус мухбири.