ЁХУД БИБИ САЛИМАНИНГ ОЛАМ АРО БЕНАЗИР ЎҒЛИ
Айланиб фарёд этарман халқ аро парвонавор,
Сабру тоқат қолмади, эмди бўлубман беқарор,
Бўлмасин ҳеч ким менингдек булбули беэътибор,
Хизматингда ҳозир ўлмай Машрабингдур шармсор,
Волидам, Маккам, Мадинам, меҳрибоним қайдасиз!
Бундай армоннавор ва интизор сатрлар шоирнинг ашъорлари хазинасининг чинакам бойликларидир. Жафокаш она ва девона фарзанд муносабатлари ғайритабиий ҳолатда беҳад эрта бошланган. Оташнафас инсоннинг ҳали ёруғ оламга назари тушмасиданоқ ўзининг мавжудлигини зоҳирлаш қудратига эгалиги шарофатли боланинг таваллуди яқинлашаётганидан мужда эди. Ривоят қилинишича, Бобораҳимнинг онаси бозорга кириб, мева расталарига яқин борибди, саватдаги узумларга разм солибди. Қуёш тафтида шира боғлаган олтинранг ҳусайнига кўнгли кетибди. Еб кўрмоқ учун қўл чўзганча қорнидаги ҳомиласининг бежо ҳаракатини сезиб, тўхтаб қолибди. "Эй она, нега бировнинг ҳақини емоқчисиз, сиз узумнинг эгаси билан ҳисоб-китоб қилмадингиз, наҳот ноҳалол луқмага кўнглингиз суст кетди?!" - деган нидони туйибди беихтиёр Биби Салима. Шундагина бағридаги "парча"сида мўъжизавий хислат борлигини пайқабди. Ўша ондан луқмаи ҳалолига заррача гард қўндирмасдан кўзи ёришига эришган, гўдагини сутидек пок ризқ билан боққан экан.
Аёлнинг жамиятдаги нуфузи, аввало, унинг оналикка муносиб хатти-ҳаракати ҳамда фазилатларига боғлиқ. Турмуш тарзи қандай бўлишидан қатъий назар, ота-она учун фарзандларини ҳалолдан еб-ичириши худди Бобораҳим сингари уларни инсоний камолотда тўкисликка элтади. Эл манаати учун куюнган савобмандлар сафини кенгайтиради.
Зоти шарифнинг падари бузруквори Мулла Вали бобо ҳамда волидаи муҳтарамаси Биби Салима ғазнаи Намангоннинг бўзчи ҳунармандларидан бўлишган. Оиланинг касб-кор ортидан топгани турмушлари рўзма-рўз ўтишига асқотарди, холос. Рўшнолик ва фаровонлик орзу-хаёл эди. Отаси исми олдига "мулла" атамасининг қўшилиши унинг саводхонлиги боисидан эканлиги ақлга ишора, албатта. Шундан Раҳимбобони ҳунардан кўра ҳам илмга иштиёқманд қилиб ўстиришни хоҳлашди. У Курашхона мавзесидаги мадрасанинг илми толиблари сафига қўшилди. Бу ерда тасаввуф тариқатининг намоёндаси мулла Бозор Охунддан бошланғич таълимни олди. Зукко устози шогирдининг туғма хислатини, дарвешона хулқу одатларини вақтида пайқаб, ниҳоят Кошғардаги пири муршиди Офоқ Хожа даргоҳига йўллашни афзал билди. Йигирма беш ёшлардаги йигит 1665 йилдан янги раҳнамоси ҳузурида истиқомат қилди. Кўрганига қизиқувчан ва ҳаётдан таъсирчан йигитнинг кўнглидаги туйғулар туғёни қўлига аввалдан қалам тутқазган эди. Гарчи, дастлабки шеърларига Маҳдий, Риндий ва Зинда деган тахаллуслар тиркаган бўлса-да, у пири комил хоҳишига кўра, ўзига энг монанд номни танлади. Кейинчалик буни мамнуният ила назмига муҳрлади:
Қуддус аро азиз Хожам Машраб отимни қўйдилар,
Кошғару Ёрқанд ичида соҳиби гуфтор ўзим.
Машраб етти йиллик муридликдан сўнг 1673 йили 33 ёшида Наманганга қайтади. Яқинлари соғинчи билан тоғу тошлардан, чўлу биёбонлардан ўтиб, энтикиб ва талпиниб келса, отаси аллақачон ёруғ оламни тарк этган, онаси беморланиб ётган, ёлғиз синглиси бўзлаб ўтирган экан. Машрабнинг фарзандлик меҳр-эҳтиросидан "Онам" радифли ғазали яралади.
Жамолинг кўргали келдим, аё эй меҳрибон онам,
Мани учун адо бўлғон юраки, бағри қон онам.
Она ва ўғилнинг дийдорлашуви узоқ чўзилмади. Мусофирлик мусибатидан эндигина мосуво бўлган Машрабга тақдир яна қувончни ортиқ кўрди. Кексалигу хасталикдан жони қалқиб турган биби Салима ниҳоят ўғлонининг юзларига кўзи тушгач, гўё жудолик жабрини бир лаҳзада унутгандай хиёл жилмайди, сўнгги илинжи ижобатидан кўнгли тинчланиб, Аллоҳга шукронасини шивирлаб омонатини топширди. Машраб ўз қўлида жон таслим қилган ёруғ оламдаги энг мўътабар инсонидан айрилиб қолди:
Бенаводирман бу боғ ичра онамдин айрилиб,
Мен етим ўлдим нетай, қолди қанотим қайрилиб.
Машраб оиласи шажарасини яхши билгани учун, аждодларига садоқати бутлигидан наслу насабини ҳеч қачон эсдан чиқармаган. Боз устига буни барҳаёт сатрларига сингдирган:
Ҳеч киши билмас эди қайдан бу ерга келганим,
Асли зотимни сўраган, мен ўзим Ҳўқониман.
Демак, ота-онаси, ёки уларнинг аждодлари қўқонлик бўлишганигача, аёнлашади. Машраб бу жиҳатдан ўзининг шажарасига аниқлик ҳам киритиб кетган экан.
Фарзанд учун хоҳ у бола бўлсин, хоҳ у ёш йигит бўлсин, барибир ота-она гўё беминнат паноҳ, таянчтоғ мисоли беназир қадр-қимматга эга. Уларнинг ўрнини ҳеч ким, ҳеч қачон боса олмайди. Мулла Вали ва Биби Салималарсиз Бобораҳимга ёруғ оламда Аллоҳдан ўзга яқин қолмади. "Ёлғизнинг ёри худо" деганларидай унинг бутун вужуди, бутун қалби туйғулар фиғонидан жунбушга келди. Исёнкор руҳидан сўзлари илтижоланди, шеърлари сеҳркорланди. Ҳаётий ҳақиқатлар алёрланган халқона наволардан оҳангдорланди. Самарқандлик заҳматкаш машрабшунослардан бири Жалолиддин Юсупов таъкидлаганидек: "Унинг ёлғиз орзуси - инсонни барча офатлардан асраш, бу йўлда ҳамма бало-қазоларга ўзлигини қалқон этиш эди:
Элни сазойи қилмагил, якка ўзумни айлагил,
Юрдиму кўрдум ҳамани, дунёда пургуноҳ ўзум.
Девонаи Машраб номи ила эл аро машҳурликка мушаррафланган ҳамюртимиз истиқлолли давримиз шарофатидан янада улуғликка кўтарилди. Адабиёт мухлислари шеърларини севиб ўқишмоқда, санъаткорлар ғазалларини авж пардаларда баралла куйлашмоқда. Айниқса, наманганликларнинг эҳтироми ўзгача. Маҳобатли ҳайкаллари эса, худди ўзлари Наманганга қайтгандек тасаввур уйғотади нигоҳларимиз тушганида.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.