Тўрақўрғон туманидаги 8-умумтаълим мактабида биринчи тоифали инглиз тили муаллимаси Сайёра Шарипова ўқув йили сўнгидаги "Очиқ дарси"га ҳамкасбларини таклиф этди. У ўзининг фойдали тажрибаларидан жамоадошларини баҳраманд қилди.
4-"А" синфдаги бу галги мавзу "Хитойликларнинг янги йил ҳикояси" деб номланди. Ўқитувчи машғулотда ўқувчиларига қўшни давлатнинг байрами, урф-одати, маданий ҳаёт тарзи, миллий кийимлари ҳақида маълумот беришни мақсад қилганди. Амалда бунга деярли тўла эришилди. 45 дақиқалик дарс давомида болалар ўзларини гўё Хитойда юргандек сезишди. Муаллиманинг гапларини зийраклик билан тушунишга интилишди ва ўз навбатида саволларига инглиз тилида ёдлаган шеърлари билан жавоблар қайтаришди. Дилдора Акролхолова, Дилшода Раҳматуллаева, Нилуфар Жўрабоевалар ҳатто матннинг грамматик жиҳатларигача айтиб беришди, устозлари ясаган ҳаракатли кўргазмасидан ғоят ўринли ва самарали фойдаланишди.
Энг муҳими, машғулотга ўқувчиларнинг қизиқиши тобора оширилди. Жавоҳир Жакбаров ва Одина Ёқубжоновалар гуруҳлари бўйича мавзуга оид машқларни ўйин тарзида ўтказишда фаол қатнашишди. Болаларга "Сизнинг буржингиз нима?" саволига муносиб жавоб ифодаланган қўшиқни мароқ билан куйлашди. Айниқса, муаллима ўқувчиларига хитойликларнинг қизил рангга бошқача муносабатларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Уларнинг ўз яқинларига совғаларини қизил конвертларга жойлаб жўнатишларини айтиб, болаларни қизил конверт ясаш мусобақасига чорлади. Бу билан меҳнатга муҳаббатларини ҳам кучайтирди.
Очиқ дарснинг муваффақиятини ва ўрнакли томонларини эътироф этишиб мактаб директорининг маънавий-маърифий, ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари - Дилором Мадаминова, Ҳабиба Қудратуллаева, синф раҳбари Озода Аҳмадалиева, инглиз тили ўқитувчилари Саида Икромова, Наргиза Холмирзаевалар сўзга чиқишди. Муаллиманинг ноанъанавий машғулот ўтиш маҳоратига юқори баҳо беришди.