Китобни бежиз офтобга қиёсламаймиз. Қат-қат варақлар бағрига олам ва одам ҳақида маълумотлар, билимлар жо қилинадики, улар ўқиганнинг худди зиёдек онгу шуурини, кўнглини мунаввар айлайди. Буни бизнинг мактабимиз ўқитувчилари ҳам, ўқувчилари ҳам яхши билишади. Ана шунинг учун кейинги пайтда китоб, муаллиф ва китобхонни бир-бирига боғловчи, яқинлаштирувчи тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Куни кеча Хотира ва қадрлаш куни олдидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тўрақўрғон туман кенгаши билан ҳамкорликда адабий учрашув ташкилланди.

Дастлаб халқимизнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуфни хотирладик. Унинг шеърларини болалар ифодали ўқишди. Эл-юрт мадҳига бағишланган назмлари наволарга кўчди.

Кейин эса мактабимизга ташриф буюрган "Афғон шамоли" номли 14 жилдли роман-эпопея, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳақидаги "Жасорат" - Наманган-1991" китоби муаллифи Исҳоқжон Нишонов билан учрашув бошланди. 7-синф ўқувчилари муаллифнинг турли жанрларда ёзилган ранго-ранг китобларини қўлларига олиб, уларнинг мазмун-моҳиятини мухтасар шарҳлашди. Бу тақдимот тусига кирди. Барчанинг ана шу китобларни ўқишга қизиқишини кучайтирди. Сўнгра ёзувчи билан ўқувчиларнинг савол-жавоблари бошланди.

Тадбирни мактабимиз ёшлари сардори Гулзода Қаюмова олиб борар экан, ўқувчиларни фаолликка чорлаб турди. Юқори синф ўқувчиларидан Мухлиса Раҳимжонова, РухсораТурсунова, Мафтуна Анварова, Моҳинисо Тўраева, Адиба Содиқова, Муниса Мўминова, Гулшаной Раҳимбердиева, Нурмуҳаммад Набижонов, Дилшода Жўраева ва Ўғилой Тожибоевалар анжуманда шеърлар ўқишди, ёзувчининг асарларига фикр-мулоҳазалар билдиришди, ўзларининг иқтидорларини намойиш қилишди.

Анжуманда қатнашган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ходими Ғуломжон Абдуллаев сўзга чиқиб, шундай тадбирларни изчил ташкиллаш ҳамда синфлараро "Энг кўп китоб ўқиган ўқувчи" танловини уюштириш таклифини билдирди.

Мактабимиз директори Исмоилжон Дадажонов ёзувчи Исҳоқжон Нишовнинг мухлиси сифатида унинг китоблари билан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Тадбирда фаол қатнашган ва ўқишда аъло натижаларга эришаётган бир гуруҳ ўқувчиларимизга мактаб маъмуриятининг Мақтов ёрлиқларини анжуман меҳмони, академик адиб Исҳоқжон Нишонов билан биргаликда тантанали топширди.

Ҳамкасбларим - она тили ва адабиёти ўқитувчилари Раҳима Отамирзаева ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мактаб бошланғич ташкилоти етакчиси Гулнора Тожибоеваларнинг ташаббуси ҳамда ташкилотчилигида бундан буён ҳам бу каби тарбиявий таъсири катта бўлган тадбирлар тез-тез ўтказилаверади. Президентимизнинг китобхонликни ва китоб тарғиботини кучайтириш тўғрисидаги Фармойиш ва қарорларини бажаришга доимий ҳиссамизни қўшаверамиз.

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

Тўрақўрғон туманидаги 4-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси.