"Туркистон - умумий уйимиз" халқаро танлови махсус мукофотининг соҳиби, шоир ва публицист Абдулла Жалил 1948 йилда Наманган шаҳрида туғилган. У 1966-1972 йилларда Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида, 1984-1986 йилларда Тошкент олий сиёсий мактабининг Оммавий ахборот воситалари бўлимида билим олган.
1974-1990 йилларда матбуотда масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, муҳаррир бўлиб хизмат қилди. 1990-2000 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлимида масъул котиб бўлиб ишлади. Шоир Абдулла Жалил 1974 йилда Наманганда "Ниҳол" адабий уюшмасини, 1990 йилда Республикада биринчилардан бўлиб Жамоатчилик фикрини ўрганиш марказини ташкил этган. Абдулла Жалил "Наманган наволари" баёзининг ташкилотчиси ва муаллифларидан бири.
Унинг "Қуёшга мактуб" (1990), "Уйғоқ руҳлар", "Бўхтон ва ҳақиқат" (1993), "Ўтаётган кун" (1994), "Тўққизинчи салб юриш" (1994), "Ватаним онам" (1996), "Шамшод япроқлари" (1997), "Ҳаё гавҳари" (1998), "Ўзбек аёли" (1999) китоблари нашр этилган.
2009 йилда "Янги аср авлоди" нашриёт матбаа маркази шоир Абдулла Жалилнинг "Ватан муҳаббати", 2010 йилда "Ҳақиқат жамоли" номли шеърлар ва публицистик мақолалардан иборат "Сайланма" китобларини босмадан чиқарди.
1996 йилда шоир Абдулла Жалил ҳаёти ва ижоди ҳақида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг "Фан" нашриётида "Ҳақиқат куйчиси" номли илмий оммабоп рисола нашр этилган.
ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ
Халқ қабулхонаси. Ажиб кашфиёт,
Ҳар бир вилоятда, шаҳар, туманда.
Бу ерда кўнгиллар бўлмоқда обод,
Ҳар қандай муаммо ечим топганда.
Ҳар бир келувчига юксак эҳтиром,
Иззат-ҳурматини этилар бажо.
Кутиш залида сиз оласиз ором,
Барча шароитлар сизга муҳайё.
Элга хизмат қилмоқ бўлсин бош мезон,
Одамлар дардига бўлайлик малҳам.
Бу ерга арз билан келган ҳар инсон,
Рози бўлиб чиқиб кетсин чинакам.
Ариза кўтариб пойтахт аро
Энди сарсон бўлиб юрмас фуқаро.
ЭЛ ДАРДИ
Худо эл дардини қалбимга солди,
Юрт ғамин руҳимда қилди устувор.
Бу дард азобларин юрак тан олди,
Мен ўз қисматимдан бўлдим бахтиёр.
Элим, юртим дея яшадим куйиб,
Курашлардан бошим чиқмади сира.
Гоҳ мағлуб бўлдим мен аччиқ хотира,
Гоҳи ғолиб чиқдим ғанимни туйиб.
Ватан муҳаббати бўлди куч, мадор,
Оғир пайтда топдим ўзимда бардош.
Душманни аёвсиз қила олдим фош,
Ниқобларин йиртдим, такрор ва такрор.
Халқим, Ватаним деб қайғурган дамда
Илоҳий бир қудрат жўшар танамда.
ЯХШИ ОДАМЛАР
Яхши одамларни лавозимидан
Бўшаткизмоқ мумкин чиркин қўл билан.
Эгалламоқ мумкин ўрнин дафъатан,
Иғво, фитна, фасод турли йўл билан.
Аммо бир кун келиб ҳасадгўйлар ҳам
Бўшаб кетадилар бўлиб шармисор.
Ҳеч нима йўқотмас оқ кўнгил одам,
Ҳар жойда топади обрў-эътибор.
Уни азиз қилар худонинг ўзи,
Барчага доимо бўлар муҳтарам.
Ўткир, кескир бўлиб унинг ҳар сўзи
Кундек иссиқ бўлар юз-кўзлари ҳам.
Яхши одамларни яратган эгам,
Билади ҳимоя қилмоқликни ҳам.
ДЎСТЛИК
"Дўстимнинг душмани - душман менга ҳам,
Дўстимнинг дўстлари менинг ҳам дўстим".
Бу қадимдан қолган нақлдир ошнам,
Чуқур ўйлаб кўрсанг бўларди балким.
Дўстингни душмани балки пок инсон -
Имон-эътиқодли одам беғубор.
Дўстингга дўст бўлган балки бир шайтон -
Илонннинг ёғини ялаган ғаддор.
Дўстинг деб бегуноҳ яхши инсонни,
Ҳеч қачон ўзингга душман билмагин.
Ажратолмай туриб яхши ёмонни
Бировга душманлик, ёвлик қилмагин.
Дўст деб яхшиларга бўлмагил ёмон,
Дўст деб, ёмонга эл бўлма ҳеч қачон.
ШОИР АБДУЛЛА ЖАЛИЛ ИЖОДИ УСТОЗЛАР ВА МУХЛИСЛАР НАЗДИДА
Ўзбек шоири Абдуллоҳ Жалил турк халқларига қилинган бўҳтонни фош этди. Бир халқни ўз тарихидан айириш мумкин эмас.
Ҳидоят ТИКТОШ,
турк ёзувчиси, "Замон" газетаси.
Туркия, 1992 йил, октябрь.
Қани энди ҳар бир вилоятда Абдулла Жалил сингари халқим, Ватаним деб куйиб яшайдиган ижодкорлар кўпроқ бўлса, халқимиз ўзлигини тезроқ таниб оларди.
Жамол КАМОЛ,
Ўзбекистон халқ шоири,
Тошкент, 1990 йил.
Шоир Абдулла Жалил давримизнинг жасоратли ва билимдон, ватанпарвар, эрксевар, маърифатпарвар, ҳақиқатгўй, жонкуяр, фидойи, серқирра қалам соҳибидир. Унинг публицистикаси шоирлигидан кам эмас, бир-бирини тўлдиради.
Абдуқаҳҳор Иброҳимов,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби.
3 ноябрь, 2009 йил.
ҚАЛБДАН ҚАНОТЛАНГАН НАВО ҚАЛБГА ҚЎНАДИ
Наманган адабий муҳитида ўзига хос овозга эга бўлган шоир ва публицист Абдулла Жалил ҳамон илгаригидек жўшқин ижод билан банд. У йилдан-йилга мухлисларига манзур асарлар яратиш устида қунт билан ишламоқда. Энг муҳими, барча шеърлари, давр билан ҳаёт билан ҳамоҳанг. Яқинда "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририятида чоп этилган "Кўнгилга йўл" "Сайланма"сини қўлга олдиму, беихтиёр мутолаасига қизиқиб қолдим. Тўғриси, кейинги пайтда ўқиган шеърий китобларимдан шу қадар таъсирланмаган эдим. Бу етмиш ёш бўсағасида турган шоиримиз қалбидаги қуюқ ва теран туйғуларнинг юксак бадиий маҳоратга йўғрилиб назмланганлигидан, албатта.
Тўпламдаги ҳар бир шеър бесабаб битилмаган. Шоир ҳаётида ўзи таъсирланган лаҳзаларнинг теран тасвирини кўз ўнгимизда ёрқин гавдалантиради. Ҳайрату ҳаяжон ҳиссиётларини биз билан сизга ҳам юқтиришга интилади. Ва бунга тўла эриша олганини инкор эта олмаймиз.
Вақтни ҳам ўзидан юргиздик тезроқ,
Кунларда йилларни кўрдик тиниқроқ.
Истиқлол кўринди яна нурлироқ,
Сен асло чарчашни билмадинг бироқ.
Эй, сен, олов ёшлик, тинмас ёшлигим,
Эй, сен, жасорати сўнмас ёшлигим.
Зеро, чарчашдан бегона чашмадек қайноқ қалбнинг наволари ҳануз янгроқликдан яралаётган шеърлар фалсафий фикрларга бой. Одамнинг наинки одамга, айни замонда оламга муносабати мушоҳадаси асносида қоғозни безаган шеърлари беихтиёр ўқиганнинг кўнглини ҳам безаб юбораётгандек эзгу хаёллар оғушида эзгу амалларга ошноланиш ҳиссини туясиз. Ҳар сатри маъноларда мағизланган шеърлар сизни шундай ҳолатга солади:
Жумлаи олам бўлди пайдо ҳаракатдан,
Ҳар неники кўрди дунё ҳаракатдан.
Бўлди рўёб ойу қуёш, сайёралар,
Заминга соябон само ҳаракатдан.
Кимки мақсад йўлида тинмас, Жалилий,
Бошига қўнмишдир Ҳумо ҳаракатдан.
Биз биламизки, бир тоифа шоирлар ўз асарлари билан фақат адабиётни бойитибгина қолмай, унинг жанрлари ривожига ўзига хос ҳисса қўшиш камолотини касб эта оладилар. Кимдир достонда, кимдир ғазалда, кимдир саккизлик ёки тўртликда ва яна бошқа турларида устуворликка интилади. Бу хислатни Абдулла Жалил сонетда намоёнлаган. Юз сонетли шеърдастасини биз мухлисларга туҳфалаган. Дунё адабиётида Данте, Петрарка ва Шекспирнинг шу жанрдаги асарлари анчайин қанот ёзган бўлса, ўзбек адабиётида Барот Бойқобилов бундан қирқ йиллар аввал жадал ва дадил қалам тебратганини биламиз.Наманганимизда эса Жамолиддин Муслимнинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаяпти. Мустақиллик йиллари даврида айниқса, сўнгги тўрт-беш йил ичида ёзган сонетларини Абдулла Жалил асарларининг алоҳида салмоғи сифатида баҳолашимиз мумкин.
Шуниси диққатга сазоворки, тўпламдан 100 та сонет ўрин олган. Уларнинг мавзуси ранг-баранг. Ўн тўрт сатрли бу шеърларни шоир ўта талабчанлик билан тартиблаган. Бошланма сонетдан токи тугалланма сонетгача ҳар бирида айрича маъно ва мазмун мужассам эрса-да, уларни узвийликда боғлаб турган ғоя одамга ва оламга меҳр-муҳаббат яратганнинг яралганларга берган умр неъматининг чекланган, ғаниматдан-ғанимат вақти, имкони эканлигига иқрорлантириш даъватидир. Оддий ва содда айтилганда ҳикматларга йўғрилган панднома шеърларнинг "қаймоғи" аксарият икки, гоҳ-гоҳ уч якунланма мисраларига муҳрланган. Замонга ғоят ҳамоҳанглигидан шоиримизнинг ҳозиржавоб ва жанговор руҳга садоқатини сезишимиз қийин эмас. Чунончи:
Ариза кўтариб пойтахт аро
Энди сарсон бўлиб юрмас фуқаро,
дея халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан мамнунликни ифодалайди. Беш йўналишли беш йиллик Ҳаракатлар стретегиясининг шарофатини шарафлашга жуда монанд ва чиройли қиёс топади:
Ўлимдан бошқасин бордир иложи,
Азизим, ҳаракат ҳаёт гултожи.
Унинг ҳаётдаги одатий қарашларни парчаловчи фикрларигача далилли ва дадилли. Гўё ҳар биримизга уқтирги янглиқ:
Куч, қудрат - пул, бойлик, мансабда эмас,
У элга муҳаббат, меҳнатга пайваст.
Бой бўлайин десанг, зарни юртга соч,
Буюклик истасанг, элга қалбинг оч.
Кўринадики, сонетларнинг ҳар биридаги сўнгги икки ёки уч қаторига хулоса фикрлар жамланган. Гўё шоир илгари сурган фалсафасини мухтасар хулоса якунланмасидай. Агар юқоридаги ўн икки ёки ўн бир қаторидан воз кечилса ҳам якунловчи сатрларни ҳикмат тарзида ўқиш мумкин.
Биз учун шоиримиз тили ва дили бир, ҳақиқат ва адолат бобида курашчан, журъату жасорат бобида собит Ватан фарзанди сифатида янада қадрли. Баркамол сўз соҳиби ўзбек адабиётида ўзининг ўзига хос ижод бўстонини яратишга қодирлигини ёрқин намоён этишга эришди. Эришганда ҳам Наманган адабиётида биринчи бўлиб, 5 жилдли сайланмаси билан 70 ёшлиги айёмини нишонлади. Дастлаб 2009 йили "Ватан муҳаббати" номи билан сайланмасининг 1-жилдини мухлислари қўлига тутган эди. 2010 йили "Ҳақиқат жамоли" 2-жилдига жойланди. 2017 йили юқорида мутолаасидан мароқланганимиз - "Кўнгилга йўл"и кўнглимизга боғланди, 2018 йилда эса "Шафқат гулоби" даги публицистик битиклари 4-жилдга жойланиб ўқувчиларга тортиқ қилинди. Тўй кунлари "Ростгўйлик" номи билан 5-жилд нашрдан чиқаётгани беҳад мукаммалик касб этган. Унга назму насрдан тартиб берилган. Ҳам лирик, ҳам сатирик шеърлар, достонлар долзарб муаммолар кўтарилган тарихий, танқидий публицистик мақолалар, ҳатто ҳикоя ва қиссаларгача ўқишга муяссарланяпмиз.
Устоз адибнинг қалами ҳамиша қутли. Ҳозирда адабиётнинг катта жанри романлар устида ишлаётганликларидан бохабармиз. Насиб этса яқин орада уларни ҳам ўқиш бахтига муяссар бўлсак ажаб эмас.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.
ҲАЁТ БИЛАН ҲАМНАФАС ИЖОДКОР
Таниқли шоир ва публицист Абдулла Жалилга бу таъриф беҳад монанд тушади, деб ўйлайман. Чунки у ҳозирги замон талабларига, давлатимиз ва Президентимизнинг даъватларига жавобан жўшқин фаолият кўрсатаётган, тинимсиз изланаётган адибларимиздан бири ҳисобланади. Қутлуғ ёшини 5 жилдли "Сайланма" асарлари билан нишонлаётган ўткир қалам соҳибининг фақат назмдагина эмас, насрда ҳам баракали ижод қилаётганини "Шафқат гулоби" (4-жилд) китобининг ўзиёқ яққол тасдиқлаб турибди. Бир шеърида:
От устида бўлсанг, қўлингда қилич,
Ўзингни бос, шафқат гулобидан ич,
деганлари бежиз эмас экан-да! Энди эса шу ғояга, адолат ва ҳақиқат тантанаси учун курашга бағишланган публицистик мақолалари бир муқова ичига жойланибди. Китобни ўқирканмиз, ундаги курашчанлик, халқ бахту саодати учун астойдил қайғуриш руҳи устуворлигини дарров сезамиз. Аслида мазкур мақолалар фақат бугунги куннинг маҳсули эмас. Турли йилларда битилиб, турли газета-журналларда ёритилганлари анчагина, ҳатто бир қисми аввалроқ мўъжаз китоб шаклида нашр қилинганидан бохабармиз. Бу гал уларнинг ёнига янгилари қўшилиб, "Сайланма"га жамланибди.
Публицистика - ҳозиржавоб жанр. Даврнинг долзарб масалалари кўтарилиши, унга омманинг диққат-эътибори тортилиши сабаб ҳар бир фикр жуда жўяли, далилли бўлиши шарт. Абдулла Жалил кўп йиллик ижодий тажриба ва маҳорат эгаси бўлгани учун деярли ҳар бир мақолани маромига етказиб ёзган. Чунончи, "Афсонага айланган умр"да истиқлолимиз меъмори Ислом Каримовга ўзига хос чизгилар берган. Таърифу таҳлил қисқа бўлишига қарамай, кўз ўнгимизда Биринчи Президентимизнинг улуғвор қиёфалари яққол гавдаланади. "Буюк ислоҳотчи", "Мустақиллик йўллари", "Юртимиз тарихидаги оламшумул воқеа", "Шахснинг давлат тепасига келиши тасодиф эмас", "Тарихий жасорат" ва "Афсонавий Президент" каби кичик сарлавҳаларининг ўзидаёқ адибнинг эътирофлари мужассам.
Абдулла Жалил мозийга теран назар солишга одатланган. Истиқлолгача юртимиз ва халқимиз тарихининг сохталаштирилишидан кўнгли қаттиқ оғриган. Тарихимизни бугуннинг ҳақиқат ойнасига солишни ўзининг ижодкорлик бурчи деб билади. Жумладан, қадимги Ахси қалъаси ва Ахсикент шаҳри обидаларини ўрганиш, уларни жаҳон сайёҳлик манзилгоҳларига айлантириш ҳақидаги ўйларини, таклиф ва мулоҳазаларини "Катта хазиналар ва осори-атиқалар макони" мақоласига муҳрлаган. У юртининг кўҳна гўшасини, яъни "Наманган Афросиёби" аталмиш тупроқтепа ҳолатдаги Ахсикентни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, жаҳонга кўз-кўзлаш борасидаги ишларга ғоят куюнчаклик билан муносабат билдирса, ўзбек халқи тарихининг биз билган ва билмаган сиру синоатларини зукколик билан қаламга олган "Тарихда ўзбек халқининг жаҳон майдонига чиқиши" мақоласида ҳозиргача ҳатто мутахассис олимлар айтмаган гапларни айтишга журъати етган. Тарихий "Шайбонийнома" асаридан келиб чиқиб, ҳақиқат жамолини кўрсатишга интилган. Миллатпарварлик руҳи тўла сингдирилган мақолани ўқигач, ўзимиз ҳам ёзувчимизнинг чуқур таҳлилдан кейинги қуйидаги хулосаларига беихтиёр қўшиламиз: "Агар шоир Амир Муҳаммад Солиҳ бўлмаганида, ҳозир биз ўзбек халқи беш юз йил олдинги воқеалардан хабардор бўлмас эдик. Тарихимизнинг ана шу даври биз учун қоронғи бўлиб қоларди". Абдулла Жалил бу билан кифояланмайди. "Мўғуллар истилосинининг тугатилиши" асарида аввалги фикрини янада мустаҳкамлайди. "Барча замонларда ҳам Ватанни ҳимоя қилиб, жанг майдонида жон бериш ҳар бир жангчи учун шарафдир. Шаҳзода Шоҳбахт-Муҳаммад Шайбонийхон жаҳон тарихида ўзбек давлатини юзага келтирган буюк шахс, жасур саркарда сифатида ҳурмат ва эҳтиромга лойиқдир".
Абдулла Жалилнинг ижодий жасорати бугун пайдо бўлган эмас. Ҳали мустақилликка эришмай турибоқ ҳақиқат жарчиси сифатида танилиб улгурган эди. 1989 йилдаги Фарғона воқеаларини кўриб, "Қўқон фожеаси"ни ёзиб, Шўролар давлатининг ҳийла-найрангларини рўй-рост очиб ташлашга интилган.
"Сайланма"нинг 4-жилдига ҳали оҳори тўкилмаган кичик асарларнинг киритилгани ғоят фойдали. Боиси, "Қонунлар амалиётда сайқалланади" мақоласида адвокат, прокурор, судья мақомлари ҳақида ўзининг қимматли фикр-мулоҳаза ва таклифларини айтганлиги мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида суд тизимидаги ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши борасида муҳим аҳамият касб этади.
Оила - кичик жамият. Унинг мустаҳкамлиги, барқарорлиги иқтисодий ва маънавий масалаларга узвий боғлиқ. Урф-одатиларимиз азалдан ҳаётимиз зийнати бўлиб келгану, бугун ўшаларнинг энг яхши томонларини унутмаслигимизни огоҳловчи "Сочалон", "Бир хўплам сув" мақолаларида илгари сурилган фикрлар ҳаммамиз учун ҳам қадрлидир.
Биз адибимизни етуклик ёшлари билан қутлаб, доимо ижодий жўшқинлик тилаб қоламиз.
Шоира ҚЎЛДОШЕВА,
Учқўрғон туманидаги 13-ўрта мактабнинг
ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси.