Тарихий обидалар ва маданий меросимиз ҳақида илмий изланишлар ва тадқиқотлар ўтказиб, кўплаб китоблар ёзилган бўлса-да, жа­моат бинолари тарихининг ҳали фанга номаълум ва атрофлича ўрганилмаган соҳалари ҳам беҳисоб. Биз ушбу мақоламизда даволаш муассасаларининг шаклланиши, шаҳарларда жойлашиши, ўтмишда халқ орасида тутган ўрни ва роли, уларнинг меъморчилик тарихига назар ташлашга уриндик.

Маълумки, ўтмишда Шарқ мамлакатларида табобат илми анча яхши ривожланган. Шу боис даволаш муассасалари халқ орасида катта эътибор қозонган. Ўзбекистон ҳудудида Х асрда тиббий илм­лар анча ривожланиб, XII асрда ва ке­йинчалик Бухоро, Самарқанд, Урганч, Тошкент каби йирик шаҳарлар ўз шифохоналарига эга бўлган.

Қурилишларга ҳокимлар, мансабдорлар, тиббиёт арбоблари бош-қош бўлганлар. Шарқнинг буюк сиймолари - улуғ табиблар Абу Бакр ар-Розий ва Абу Али ибн Синолар ҳам ўз даврида жамоа бинолари қурилишига жиддий ёндошганлар. Ар-Розий Бағдодда, Ибн Сино эса Ҳамадонда шифохона қурдирган. Мазлум халққа атаб "Дор-уш-шифо"лар қуриш, тиббиёт соҳибларини тайёрлаш, табобат хизматини тўғри йўлга қўйиш хайрли хизматлар қаторига кириб, бу иш ҳукмдорлар томонидан ҳам доимо қўлаб-қувватланган. "Ислом султонлари ва улуғ хокимлар эл соғлигини яхшилаш учун давлат ҳомийлиги остида дори-дармонлар ва кимёвий малҳам моддалар йиғдилар. Бу ишга билимдон табибларни жалб этиб, қулай ва ёруғ шифохоналар қурдилар" деб ёзган эди XIII асрда яшаб ўтган тарихчилардан бири Рашидиддин.

Эроннинг таниқли илмий марказларидан бўлмиш Рай, Исфахон, Ҳамадон, Мовароуннаҳрнинг Самар­қанд, Бухоро, Қўқон ва Урганч шаҳарларида Х-XII асрларда шифохоналар бўлиб, уларда халқнинг ихлосини қозонган табиблар фаолият кўрсатганлар. Табиблар одатда бир неча тилларни билганлар. Бу уларга беморлар билан суҳбатлашишда, шогирдларига табобатдан сабоқ беришда беғараз қўл келган.

Шифохона ва улардаги тиббий фаолият турли хизматлар эвазига уюштирилган. Вақфлар ҳисобидан амалга оширилган. Шундай вақфларнинг бирида "касалхонани таъсис этуви шахс хоналарга эътибор бериш, касалхонадаги беморларни дори-дармонлар билан таъминлаш, табиблар, қон олувчилар, хизматчилар, ошпазлар осойишталиги ва тартиб сақловчилар ва бошқаларга мояна беради, касалларга сут ва овқат, соғайиши ва дам олишида зарур бўлган барча ашёларни мол-мулк қилиб вақфларнинг эгалик ҳуқуқи ва ихтиёрига ўтказилади" деб ёзилган.

1046-1068 йилларда Самарқанд­да ҳокимлик қилган Буғрахон Иброҳим Тамғочхоннинг вақф ҳужжатларига кўра, 1066 йилнинг ўрталарида шаҳарнинг Ривдод кўчасидаги даҳада касалхона жорий этилади. О.Г. Большаков касалхона қурилган жой ҳақида фикр юритиб, у ҳозирги Регистон майдонига яқин бўлган Сўзангарон кўчаси йўналишига тўғри келган, деб тахмин қилади. Унинг фикрича, касалхона бу ердаги шаҳар даҳаларидан бирида жойлашган бўлиб, бир ёндан масжид, бош­қа томондан дарахтлар, уй-жойлар билан чегараланган.

Вақф ҳужжатига кўра, шифохона, биносининг ҳовлиси тўрт томонли ва кўчага қараган битта дарвозаси бўлган. Демак, шифохона режасининг тузилиши тўрт томони берк ички ҳовлили бино кўринишига эга бўлган. Бу эса ўз нав­батида, Самар­қанд шифохонаси ўзининг меъморий, режавий ечими бўйича ўша даврда нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун ислом шарқида кенг тар­қалган мадраса биносининг меъморий тузилишига яқин бўлган, деб хулоса қилишимизга асос бўлади. Мадраса, карвонсарой, масжид биноларига хос ички ҳовлили режавий ечим шифохоналарга ҳам жуда мос келган. Чунки бундай меъморий тарих беморларнинг палаталарини ички ҳовлига қаратиб жойлаштиришга ва ҳар-хил тиббий хизмат турларини ташкил қилишга имкон туғдирган. Бундан ташқари, ички ҳовлида кун давомида соя-салқин ва дам олишни ташкил қилишга қулай шароит яратилган.

Самарқанд шифохонасида малакали табиблардан ташқари, кичик тиббий ходимлар, қон олувчилар, ошпазлар, имомлар, ҳовлига қаровчилар ҳамда гўрковлар ишлашган.

Демак, шу хизматларга мос равишда турли хоналар, жумладан, касаллар учун ҳужралардан таш­қари, ошхона масжид, дорихона, табибларнинг йиғилиши учун заллар ва бошқа ёрдамчи хоналар бўлган. Самарқанд шифохонаси қошида юқоридаги вақфда кўрсатилишича, қатнаб даволанувчи касаллар учун кичик шифохона ("нимак бемористон"), яъни дармонхона ҳам ташкил қилинган. Шифохона низомида бу ерда нафақат касаллар, балки ногиронлар, мажруҳлар, қаровсиз қолган қариялар ҳам манзил топганлар, деб айтилган. Самарқанд шифохонасининг қанча вақт фаолият кўрсатганлиги номаълум, аммо у XIII асрда Чингизхон босқини даврида яксон қилинган кўринади. Ҳозирги даврда бу бинодан, афсуски, нишона ҳам қолган эмас.

Самарқанд шифохонаси каби даволаш муассасаси Хоразмнинг қадимий пойтахти Кўҳна Урганчда ҳам бўлган. Мазкур шифохона XI-XIII асрларда фаолият кўрсатганлиги туфайли Ўрта Осиёлик улуғ табиб Абу Али ибн Синонинг ҳам ишлагани эҳтимолдан холи эмас. Шифохонада ички касалликларни дори-дармонлар билан даволаш бўлимларидан ташқари, бошқа бўлимлар ҳам бўлган бўлиши керак. Чунки хоразм­лик табиблар беморни даволашда турли усуллардан: дори-дармонлар, массаж, парҳез, мусиқатерапия, яъни куй-қўшиқ ва турли ўйин (рақс)­лар кучидан ҳам фойдаланганлар. Шуниси қизиқарлики, кўҳна Урганч шифохонасида маҳаллий табиблар билан ҳамкорликда сурия­лик табиблар ҳам ишлаганлар. Самар­қанд ва кўҳна Урганч шифохоналари ҳамда XII аср вақф ҳужжатларига асосланиб, Ўрта Осиёда бу даврга келиб жамоат касалхоналари барча вазифа ва эҳтиёж-талаблар асосида, ўзига хос тартиботга эга муассаса бўлиб шаклланган, деган хулосага келишимиз мумкин. Ўша даврларда ҳам ҳозирги шифохоналардагидек "консилиум" усулига амал қилиниб, табиблар беморларни даволашда юқори малакали табиблар билан кенгаш ўтказиб турган. Касалхоналар таркибида масжид, дорихона, табибларнинг йиғилиши ва маслаҳатлашиши учун махсус хоналар бўлган.

Г. Солдатзе ўзининг Ибн Сино ҳақидаги тарихий романида улуғ табиб даврида (Х аср) Бухорода ҳам касалхона бўлганлиги хақида билвосита хабар беради. Беморларни уйидан ташқари, шаҳар касалхоналарида ҳам даволагани ёшилигиданоқ маҳорати ва билими билан бош­қа табибларни ҳайратда қолдиргани ҳақида ёзади.

Ўрта Осиё ва Шарқ халқларида ёзда салқин, серсоя ва зилол сувларга бой жойлардан хушҳаво боғлар ташкил қилиш одат тусига кириб қолган. Бундай боғлар ўтмишда асосан йирик ер-мулк эгалари учун хизмат қилган. Улар айрим боғларда аслзодаларга хизмат кўрсатувчи махсус шифохоналар қурдирганлар. Масалан, Тошкент қалъаси ташқарисидаги Кайковус чорбоғида (XVI асрда) имтиёзли зодагонлар ва ҳарбийларга мўлжалланган шифохона биноси бўлган. Шифохона чорбоғнинг қулай жойида жойлашган бўлиб, унга ҳарбий тўқнашувларда ярадор бўлган шаҳзода ва султонлар жанг майдонидан келтириб турилган. Чорбоғда даволанишдан ташқари, аслзодалар учун адабий мунозаралар, базм-зиёфатлар, ҳазил-мутойибалар ҳам ўтказилган.

Шукрилло НАСРИДДИНОВ,

Наманган давлат университети ўқитувчиси.

(Давоми келгуси сонда).