Йиллар югуригининг оқар сувга қиёсланишида катта маъно мужассам. Вақт ҳам, сув ҳам, умр ҳам асло ортга қайтмайдию,оби ҳаётдан кўркам дала ва боғу-роғлар, одамлардан эса эзгу амаллар ўчмас излар тимсолига айланиб қолаверади.
Аччиғу ширин хотиралар қалбларга қатланаверади. Гўё қиёфасиз ва унсиздек туюлсада, аслида бундай эмас. Агар жонланса борми, кечагидек кўз ўнгингизда гавдаланади, тилга киради. Бизнинг табаррук хонадонга ташрифимиз кекса аёлнинг ибратли умр дафтари варақланишига сабаб бўлганида худди шуни ҳис қилдик.
- Юртнинг улуғ адиби Рафиқ Мўминнинг қизи эканлигимдан ҳамиша фахрланаман-да, - беихтиёр болаликларини ёдга ола бошладилар. Зоҳидахон ая. - Ўтган асрнинг 30-йилларида Комилахон абам билан турмуш қуришгач, Тайфиқжон, Шафиқжон, Ҳакимжон, Жавлонжон сингари акаларим, Лолахон опам ва мен оилани тўлдирганмиз. Афсуски, ҳали вояга етмаган ўғил-қизларининг бошига Шўроларнинг қатағон сиёсати етимлик кулфатини солди. 1937 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, қаламкаш ва муаллим дадамга "халқ душмани" тамғасини босди. Аянчли шароитда мактаб ёшига етмаган Жавлонжон акамиз қаттиқ хасталикка чалинди, уни тупроққа қўйдик. Ўн ёшли Лолахон опам ҳам пешонамизга сиғмади. Ана энди бечора ёлғиз абамнинг қаноти остида қолганларимиз эса жонимизни аранг-аранг асрадик.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида 6 ёшли қизалоқ эдим. Қанчалар қийинчиликларга қарамай, илм олишга интилдик. Дадам қамоққа кетаётиб абамга шуни такрор-такрор уқтирган эканлар. Оиламиз раҳнамоси роса ўн йил қамоқ жазосини ўтаб, уйга қайтганларида ўқиш-ёзишимизни кўриб бошлари кўкка етди. Афсуски, Россиянинг совуқ авахтахоналарида саломатликларини анча йўқотган эканлар. Яна тўрт йилгина бирга яшаш насиб этди, холос 1951 йилнинг 5 майида ёруғ оламдан мангуга кўз юмдилар. Дадамнинг ўпка силидан, абамнинг ичтерламадан, акам-опамнинг диареядан бевақт ўлимга дучорланишлари кўнглимни жудаям ўртаб юборди. Мактабнинг етти йиллик сабоғини тугатибоқ шаҳардаги медтехникум (тиббиёт били юрти)га чопдим. Фельдшер-акушерлик бўлимига қабул қилиндим...
Зоҳидахон ая билан мулоқотимиз анча мароқли кечди. Икки асрда яшаган, икки хил тузумнинг "тоти"ни татиб кўрган, кайвоний кампирнинг ҳам қайғули, ҳам қувончли ҳаётий ҳикояларини тинглаб, ҳозиргача авайлаб сақлаётган салкам юз йиллик тарих шоҳиди бўлган ҳужжатлар, китоб-дафтарлар, газета ва суратларга кўз югуртириб, бутун умрини инсонлар соғлиғини сақлашга бағишлаётган бу ажойиб аёл билан ҳамюртларимизни батафсилроқ таништиришга бурчдорлигимизни янада теранроқ англадик.
Ўтган асрнинг 50-йилларида вилоятимизда тиббиёт соҳасидаги мутахассислар жуда ҳам кам эди. Техникум талабаси Зоҳидахонга акушер-гинеколог Тамара Хўжаевна Холхўжаева билим бериш билангина кифояланмади. Етим қиздан оилавий шароити оғирлиги, иқтисодий ҳолати ночорлиги учун меҳр-мурувватини аямади. Ўзи ишлаётган 1-туғруқхонада навбатчи ҳамшираликни уддалашига имконият яратиб турди. Бу билан касбига иштиёқи баланд бўлган ёшгина қиз назарий билимини амалий фаолиятда қўллаб, муолажа малакаси мукаммаллашишига беминнат кўмаклашди. У ўқишда олди талабалар қаторидан ўрин олди. Қўлига ҳамширалик дипломи текканидаям қизнинг орзулари ҳали тўлиқ ушалмаган эди.
- Дадам истаганларидай энди болалар врачи бўлмоқчиман, ёрдамингизни аямассиз, ака - деди оиланинг каттаси Тайфиқжонга умидвор оҳангда.
- Синглим учун ҳар нарсага тайёрману, аммо врачликка олти йил ўқилади, сабр-тоқатинг етармикин, қийналмасмикансан? - деди акаси ўйланиброқ.
- Хоҳиш билан бошланган ҳаракатнинг машаққати малолсиз, оғирлиги сезилармиди, - бўш келмади яна у.
- Андижонгами?
- Тошкентга! Дадам юрган пойтахт шаҳардаги институтда ўқисам ёмонми?
- Яхши, тайёргарлигингни кўравер, ёлғизгина синглимни ўзим бирга олиб бораман.
Орзулари осмон қизнинг шодлиги қалбига сиғмади. У қўш жамодонни тўлдирди. Бирида устибошу егулик, иккинчисида китобу дафтарлар. Улар Намангандан поездга ўтиришди. Кеча оқшом темир йўл вокзалидан қатор-қатор вагонларини қичқирганча тортиб силжиган паровоз эртасига субҳи саҳар Тошкентга етказди. Ака-сингил вокзалга тушибоқ тумонат одамни кўришди. Азим шаҳарга кимлар келиб, кимлар кетмайди. Улар ТошМИни сўроқлашиб, трамвайга чиқишди. Лиқ тўла аёлу эркак. Зоҳидахон биринчи бор бундай гавжуму сершовқин транспортда юриши. Атрофига ҳаяжон аралаш олазарак назар ташлайди. Қайси томонига қарамасин, бегона чеҳралар. Ҳамма ўзи билан ўзи овора.
- Ака, дадамнинг тошкентлик танишлари бормиди?
- Бўлгани билан фойдасиз, - деди Тайфиқжон маъюсланиб.
- Нега?
- Дўст бор, душман бор. Кейин тушунтираман...
Ака-сингил институт бекатида трамвайдан тушишди. Қаёққа қараб юришларини билмай туришган эди ҳамки, кимнингдир овози қулоқларига чалинди.
- Ҳойй, ҳамшаҳарлар!
Қарашсаки, нарироқда наманганлик жарроҳ врач Содиқжон Ботиров жилмайганича келяпти.
- Домла Рафиқ Мўминнинг фарзандлари кўзимга ўтдек кўриндиларинг,-деди акаси билан қўл сиқишиб сўрашаркан.-Янглишмасам, синглингиз ҳамшираликка ўқиётганди, бу ёқларга келишингизга қараганда врачликни ниятлаган кўринади. Институтда ҳужжат топшириш бошланган, қабул комиссиясига учрашишимиз керак.
Зоҳидахон имтиҳонлардан ўтиш у ёқда турсин, аввало кириш ҳужжатлариниям ўтказиш қийинчиликларини бошидан кечиришига тўғри келди. Меҳрибон одамлар кўпакану, тартиб-қоидаларни четлаб ўтиш мумкин эмас экан-да. Буни ректор олдига кирганида чуқур ҳис этди.
- Жоним билан ҳужжатларингни қабул қилардигу, тартибга кўра бир йиллик меҳнат стажига эга бўлишинг шарт эди-да, - деди профессор /уломов. - Лекин умидсизланма, унгача менинг уйимда яшайсан, ишлаб ҳам тураверасан, келгуси йил талабалар сафига қўшиласан.
Қизга бу жўяли гаплар бироз маъқулроқ келдию, ташқаридаги акаси билан унинг шеригидан бошқача фикр чиқди.
- Юр-чи, энди профессор Шамсиевнинг ҳузурига кирасан, - дейишди умидларини сўндирмай.
- У киши мени танимайдилар-у? - ҳайрон бўлди Зоҳидахон.
- Таништирасан, дадам болалар уйида боққанлар, тарбиялаганлар. Домланинг эсида тургандир, - деди Тайфиқжон синглисини дадиллантириб.
Бахтга қарши профессор ёзги таътилда санаторийда даволанаётганлигини айтишди. Ногоҳ ҳужжатлари орасидаги вилоят комсомол қўмитасининг йўлланмаси қизнинг эсига тушди. Вақтни бой бермай Республика комсомол қўмитасига мурожаат қилди. Котиб Зокиржон Иброҳимовга Зоҳидахон йўлланмани кўрсатди.
- Эътиборга олишармикин? - деди у секингина.
- Сизга ўхшаган интилувчан ёшларга имтиёз беришлари керак, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишга кўзингиз етадими? - сўради котиб масалани кескин ҳал қилаётгандай.
- Китобларни ёдлаб олганман,-деди Зоҳидахон ҳеч иккиланмай.
- Ундай бўлса, сизга ишонч билдирамиз.
Зоҳидахонни ТошМИ ректоратига юборишди. Гарчи /уломов Москва сафарида бўлсада, ёрдамчиси ҳужжатларини олиб қолди. Етимлигини назарда тутиб, ётоқхонагача ажратиб берди. Икки ойлик тайёргарликдан кейин биринчи имтиҳон - рус тилидан диктант ёзиб чиқди. Эртасигаёқ баҳоси "5"лигини эълон қилишди. Ўзбек тили ва адабиётидан иншониям қойиллатди. Оғзаки синовда /афур /уломнинг "Сен етим эмассан" шеърини юрак-юракдан берилиб ёддан айтганида ўзининггинамас, ҳатто ўқитувчиларнинг ҳам кўзларида ёш қалқиди. Навбатдаги химия фанидан Тайфиқ акаси келиб сабоғини мустаҳкамлашга ёрдамлашди.
Институтга кириш истагидаги йигит-қизларнинг кўплигию, қабул ўринларининг озлиги учун мандат комиссияси сараловидан ўтгачгина талабалик насиб этарди. Зоҳидахон нуфузли олим-домлалар йиғилган катта хонага кираркан, жуда-жуда ҳаяжонда эди. Тўрида ўтирган ректор /уломов унга нигоҳи тушиши билан негадир ўрнидан турди. Хонанинг пардаси очиқ ён деразаси ойнасига ишора қилиб ўтирган комиссия аъзоларининг эътиборини тортди.
- Ана, ҳовлида абитуриентлар орқасидан келганларнинг аксариятида "Волга" ёки "Победа", бу қизимизникида эса эшак араваям йўқ, - деди Зоҳидахонга меҳри товланиб. - Айтчи, қизим, қайси соҳага қизиқишинг кучлироқ?
-Педиатр бўлишни хоҳлайман, болаларни жудаям яхши кўраман, - деди у ҳеч иккиланмай.
- Бўпти, эртагаёқ ётоқ берамиз, стипендияям оласан, шарти шуки, фақат аъло ўқишинг жамоат ишларида фаоллик кўрсатишинг керак.
- Ишончингизни оқлашга астойдил ҳаракат қиламан, - дея ваъда берди у ҳаяжон ва севинчдан мижжасида ёш қалқиб.
Тошкент Давлат тиббиёт институтига қабул қилинган наманганлик қиз олти йиллик сабоқ даврида чинакамига намунали талабалар сафида юрди. Қанчадан қанча дарслигу қўлланмаларни, айниқса Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" китобларини қунт билан ўрганди. Бемор болаларни даволашнинг назарий асосларини чуқур ўзлаштирди. Ҳар кунги вақти кундузлари ўқишда, кечалари шифохонада навбатчиликда ўтди. Ҳатто, пахта йиғим-теримида институт бўйича энг юқори натижага эришиб, устозлари олқишию, тенгдошлари ҳавасига сазоворлик шарафини ҳар йили сақлашга эришди.
Кечаги ҳамшира энди врач-педиатрлик бўйича олий маълумотли мутахассисга айланди. Наманганга ёруғ юз билан қайтди.
Кичик беморларга катта эътибор кўрсатиш малакасини яхшигина эгаллаган, зукко ва билимдон шифокорни шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Миршоҳид Мирсайдуллаев поликлиникада иш фаолиятини бошлашига рухсат берди. У тегара педиатрлигига тайинланди. Наманган шаҳри марказидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчиларнинг фарзандлари саломатлигини сақлаш вазифаси зиммасига юклатилди. Тегара врачи тиниб-тинчимаслиги, хоҳ кундузи, хоҳ кечаси бўлсин елиб-югуриб юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиши билан тезда ота-оналарнинг ихлосини қозонди. Поликлиника мудири Анвар Султонов эса Зоҳидахоннинг сидқидил ҳаракатларини ҳамиша қадрлади. У ердаги роса ўн йиллик фаолияти давомида минг-минглаб ўғил-қизчаларни даволади. Турли касалликларга чалинишларининг олдини олди. Соҳанинг наинки шаҳар, балки вилоят раҳбарлари назаригаям тушди, эришган натижалари кўпчиликда эътироф қозонди, тажрибалари эса ҳамюртларига оммалаштирилди.
1969 йили вилоят болалар шифохонаси очилгач, бошқарма бошлиғи Ваҳоб Умрзоқовнинг ўзи энг моҳир врачларни танлаш ва жой-жойига қўйиш билан алоҳида шуғулланди.
- Зоҳидахон Рафиқовна, сизга бўлим мудираси вазифасини топширамиз, - деди қатъий ишонч билдириб. - Мақсадимиз, янги шифохона бемор болаларнинг Намангандаги энг намунали муассаса мақомини олишига тезроқ эришишдир.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми келгуси сонда).