Тўрақўрғонда "Исҳоқхон Ибрат - авлодларга ибрат" мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги, "Давр" ижтимоий-иқтисодий, сиёсий газетаси таҳририяти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари туман бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар, туман газеталари, тармоқ ва нодавлат даврий босма нашрлар муҳаррирлари, тарихчи ва тилшунос олимлар, фахрийлар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ озодлиги учун курашган Исҳоқхон Тўра Жунайдуллахон Тўра ўғли Ибрат араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз ва француз тилларини яхши билган, қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганган. Серқирра ижодкор сифатида "Луғати ситта ал-сина" ("Олти тилли луғат"), "Жомеъ ул-хутут" ("Хатлар мажмуи"), "Тарихи Фарғона", "Тарихи маданият" , "Мезон уз-замон" ("Замон тарозуси"), "Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий" каби ўндан ортиқ илмий-тарихий ва маърифий асарлар яратган. Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда янги "усули савтия" мактаби ташкил этиб, ўнлаб қишлоқ болаларини ўқитган.
Дунё кезган Исҳоқхон Ибрат Шарқ ва Ғарб илм-фани, маданияти ва санъати билан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга интилган ва бу борадаги амалий ишлари билан юртимизда мазкур соҳалар ривожига катта ҳисса қўшган. Хусусан, 1908 йилда Оренбург шаҳридан литографик машина келтириб, ўз ҳовлисида "Исҳоқия босмахонаси" ташкил этгани мамлакатимиз матбаачилик соҳасида улкан қадамлардан бўлган эди. Ушбу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатган, бир қатор илмий-маърифий китоб ва рисолалар, газеталар чоп этилган. Уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ҳам очилган.
Анжуманда Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти, тарихчи олим, ношир, шоир, таржимон, педагог, инновацион лойиҳалар ташаббускори бўлган тадбиркор сифатида ижтимоий тараққиётимиз, маънавий ҳаётимизга қўшган улкан ҳиссаси, вилоятда буюк маърифатпарвар олим илмий-ижодий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маърузалар тингланди.
9-болалар мусиқа ва санъат мактаби фойесида ташкил этилган бадиий кўргазмада таниқли мусаввирлар, истеъдодли ёш рассомларнинг Ибрат ва у билан боғлиқ тарихий воқеалар акс этган тасвирий санъат асарлари намойиш қилинди.
Иштирокчилар Президентимиз ташаббуси билан Тўрақўрғон тумани марказида Исҳоқхон Ибрат хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилаётган мемориал комплекс билан танишди. Мажмуа кўлами, мазмун-моҳияти ва маънавий-маърифий, амалий аҳамияти жиҳатидан юртимизда буюк инсонлар, уларнинг халқимиз олдидаги беқиёс хизматларига эҳтиром рамзи сифатида қад ростламоқда. У Косонсой сойи соҳилида 2 гектардан зиёд майдонни эгаллайди. Мажмуа боғ-хиёбон, унинг ўртасида Исҳоқхон Ибратнинг ҳайкали, миллий меъморчилик услубидаги айвон, мусиқали фаввора, хорижий тилларга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат, музей, босмахона, 140 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва бошқа бадиий композицияли элементларни ўз ичига олади.
Тадбир доирасида иштирокчилар Еттикон маҳалласида яшовчи фахрий педагог Зоҳиджон Норматовнинг уйида ташкил этилган кутубхона билан танишди. 2 мингдан зиёд китоб фондига эга ушбу шахсий кутубхона эшиклари китобсеварлар учун доимо очиқ.
- Мактабда 50 йилдан ортиқ бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишладим, - дейди 73 ёшли З.Норматов. - Нафақага чиққан бўлсам-да, ҳали мактабдан, жамоат ишларидан кўнглимни ҳам, қадамимни ҳам узганим йўқ. Болалар билан ишлаш ҳаётимнинг мазмуни. Шунинг учун уйимда кутубхона очдим. Ҳар куни ўн-ўн беш чоғли ўқувчи шу ерда. Улар билан китобхонлик қиламиз, шахмат-шашка ўйнаймиз.
Анжуманда Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, бу борадаги ишларни оммавий ахборот воситаларида изчил ёритиб бориш юзасидан вазифалар белгиланди.
- Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган грант лойиҳаси асосида ўтказилмоқда, - дейди "Давр" ижтимоий-иқтисодий, сиёсий газетаси муҳаррири Зоҳида Кенжаева. - Лойиҳа асосида веб-сайт яратилди, унга Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар суратлари билан уч тилда жойлаштириб борилмоқда. Буклетлар тайёрланиб, тарқатилмоқда. Айни пайтда "Ибрат яратган боғ" номли китоб нашрга тайёр.
ЎзА.