Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Қалби пок ва руҳи баланд одамлар ҳамиша яхшиликка яралгандай қачон қарасангиз, хайрли ва савобли юмушлар билан бандлигини кўрасиз. Бундай инсонлар бетамаю, иймон-эътиқодда собит бўлишади. Ҳар бир ҳаракатларидан элу - юртга наф етади. Уларнинг борлиги кўнгилларга мунавварлик бағишлайди. Негаки ўзини ўзгаларга керакдек ҳис этадиган, бугунги саъй-ҳаракатлари билан эртанинг эгалари учун хизмат қиладиган бунёдкору, ижодкорлик хислатларидан ғоят мамнунлик туясиз. Халқимиз ичидаги "Яхшиям шундай олийжаноб, жонкуяр ва меҳр-оқибатли инсонлар бор, кўплар фақат ўзини ўйлаб, ҳою-ҳавасларга берилаётган бир пайтда уларнинг фидойиликларига гап йўқ" деган эътирофлар хаёлингиздан ўтади. Ҳар вақт ёнингизга келишса, остонангизни ҳатлашса, бирор янгиликка, хушхабарга эга бўласиз, ўзингизда ҳам беихтиёр хайрихоҳлик уйғонади. Савобли ишларига ёрдам бериш, интилишларини қўллаб-қуватлаш истаги дилингизда кучаяверади. Мен Тўрақўр­ғоннинг таниқли кишилари сафига қўшилган, асли, касби қурувчи-муҳандис бўлса ҳам, соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган, пенсияга чиқса-да, ҳеч вақт уйида оёғини узатиб, хотиржам ҳордиқ чиқариб ўтиришни эп кўрмаган, унинг ўрнига маънавий меросимизни ўрганишга, улуғ зотларнинг мангу қўнимгоҳларини кўримгоҳларга, яъни зиёрат гўшаларига айлантиришнинг чинакам ташаббускори ва ташкилотчисига айланган бегободлик Раҳмонберди Раҳимовни шундай замондошларимиз сифатида жуда қадрлайман, ҳамкорлик қиламан, керак бўлса, маслаҳату мададларимни ҳеч аямайман. Шу боис у киши даъвати ва рағбати билан бундан уч йил муқаддам "Кўҳна гўша, қутлуғ қадамжо" китобимни ёзганман. Мазкур рисола улуғ пиру муршид Хожа Аҳмад Валийга бағишланган эди.

Раҳмонберди аканинг яхши одати бир ишга киришдими, уни поёнига етказмагунча, кутилган натижага эришмагунча сира-сира тинчимайди. Ўзи тарғиботни бошлаб, одамлар эътиборини жалб этгач, ўша муқаддас жойни ободонлаштиришга уриниб, мутасадди идораларга қайта-қайта бош уришдан, қимматли таклифларини муҳокамага ташлашдан, мабода муаммоларга дуч келса, унга муносиб ечим излашдан чарчамайди. Шу боис, барча ҳаракатлари самарали якун топиб бормоқда. Бунга шоҳидларнинг ҳамкору хайрихоҳларнинг фикрлари яққол далилдир.

- Мен бу исми жисмига монанд инсонни Хожа Аҳмад Валий ҳақида маълумот излаб ва тўплаб юрган вақтларидан биламан,-дейди педагогика фанлари номзоди, доцент, таниқли мусаввир Алижон Турдиалиев. - Кеча-кундуз тиним билмай, наинки Наманган, ҳали Андижон, ҳали Фарғона вилоятлари бўйлаб кезди, маълумотлар йиғди. Шаҳанд­даги зиёратгоҳни давлат рўйхатидан ўтказди, тархини чиздирди, шаклу шамойилини тиклаттирди. Усмонжон ҳожи ота Бултуров билан бирга бу даргоҳнинг янада файзли бўлиши учун ҳамон қайғургани қайғурган. Фақат шугина эмас, унинг ҳаракатлари туфайли Ахсидаги Эшони Калон Абдулмонийхон мақбарасигача ободонлаштириш режасига киритилди. Гулқишлоқдаги "Момохотун" мақбараси видеофильм тасвирига туширилди. Ҳозир эса Тўрақўрғон туманининг 26 жойидаги азиз-авлиё аждодларимиз мозорларини аниқлаб, уларнинг харитасини яратиб, туристик йўналишга киритишни мўлжаллаб турибди.

Раҳмонберди акамиз яхшиларни яхшиликка, фидойиларни абадийликка дахлдор янгиликларга чорлайди. Ҳаттоким, каминани ҳам зиё­ратгоҳлар ишига йўналтириб, хусусан, Фарғона вилоятидаги хушманзара манзил - Водилдаги Хожа Аҳмад Валий мақбарасига олиб бориб, унинг тарихига қизиқтирди ва ўша жойнинг ўзида ижодий картина чизиб келишимизга сабабчи бўлди. Миннатдормизки, бу улуғ зотнинг аждодлари портретлари туркумини яратишимга имкон яратди ва Хожа Аҳмад Валий, Алимбой Валий хақидаги ва бошқа тарихий ҳужжатли фильмларда иштирок этишимизга йўл очиб берди.

Ахсилик дўстимиз Алижон Турдиалиевнинг эътироф ва таъкидлари беҳад тўғри. Раҳмонберди ака тиниб-тинчимас, изланувчан ва тар­ғиботчи меҳнат фахрийси сифатида тенгқур қариялардан алоҳида ажралиб туради. Етмиш икки ёшда бўлишига қарамай, чарчаш нималигини билмайди. Юқоридагилар билан кифояланиб қолишни асло хаёлига келтирмайди. Куни-кеча олдимга бир гуруҳ калвакликларни бошлаб келди. Айтишларича, улар XIX асрнинг улуғ зиёлиси- Мулла Шамси Шавқийнинг авлодлари экан. Билдикки, энди ул муҳтарам зотнинг хотираларини абадийлаштириш, адабий ва илмий меросларини топиш, ўрганиш ва элга ёйишдек эзгу ният билан ташриф буюришган. Мен эса яна кўмакка чоғландим. Қўлимда бор бўлган маълумотларни биргаликда бойитаётганимдан ғоят қувондим.

Дарвоқе, Раҳмонберди ака пенсия­га чиққунига қадар қурилиш муҳандиси вазифасида узоқ йиллар ҳалол ва фаол меҳнат қилган. Қанчадан-қанча мактаб, боғча ва шифохона биноларининг тикланишида қатнашган. Бир муддат ҳунар-техника билим юрти талабаларига уста-мураббийлик вазифасини ҳам бажарган.

Меҳнат фахрийси ўзини ҳамиша халқ хизматига бағишлашдан тўхтамайди. Айниқса, пенсия ёшига етса ҳам билим ва тажрибаларини ёшларга ўргатишдан, тиббиёт муассасаларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларда ташкилотчи ва бош-қош бўлишдан тўхтамади.

- Раҳмонберди Раҳимов 2008 йилдан 2016 йилгача туман тиббиёт бирлашмасида қурилиш-муҳандиси вазифасида ишлади, - дейди бош врач ўринбосари Салоҳиддин Худойқулов. - Даволаш-профилактика муассасаларидаги қурилиш ва таъмирлаш юмушларига етакчилик қилди. Улардаги муҳандислик-коммуникация тармоқларини узлуксиз ва соз ҳолатда бўлишига эришишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Фаолияти давомида касбига фидокорлиги ва шижоаткорлиги билан ёшларга ўрнак бўлди. Масъул ходимлар билан биргаликда тизимдаги бино ва иншоотларни мукаммал таъмирлаш бўйича Инвестиция дастурига киритиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда фаол қатнашди. Айниқса, марказий шифохонанинг терапия бўлими биносини, Бордимкўл ва Қатағон-Сарой қишлоқ врачлик   пунктларини лойиҳалаштиришга, қурилиши ва жиҳозланишига бош бўлди. Биз шундай меҳнатсевар, серҳафсала ҳамюртимиз билан фахрланамиз

Айни пайтда Раҳмонберди ака Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарор ва фармонлари асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараларидан беҳад қувониб, умр йўлдоши Зулайҳо ая билан фарзанду набиралари камолини тилаб, кўнгиллари шукроналарга тўлиб яшашяпти.

- Юртимиз тинчлиги ҳамиша бар­қарор, халқимиз ҳаёти доимо фаровон бўлаверсин! - дейди кўнгли эзгуликларга тўла Раҳмонберди Раҳимов. - Бизлар эса дуолар қилаверамиз, ёшларга панду насиҳатлар бериб, истиқлолли Ўзбекистонимиз тобора ривож топиши учун баҳоли қудрат кўмаклашаверамиз.

Яхшиликка яралган инсонларнинг қалбидан ана шундай эзгу мақсадлар ҳеч қачон аримайди. Юракда бори билакда ҳам, тилакда ҳам кўринаверади.

Содиқ САЙҲУН.