Амир Темур - буюк шахс: кураги ерга тегмаган саркарда, йирик давлат арбоби, қонуншунос, талантли меъмор, нотиқ, руҳшунос, шу билан бирга, эл-юртини севган ва уни машҳури жаҳон қилган инсон. Улуғ бобомизнинг сиймосини рангли бўёқларда жонлантириш ҳар бир мусаввирликка қизиққан ёшларнинг орзуси. Шуни ҳисобга олиб биз мактабимизда таваллуд кунлари муносабати билан танлов ташкилладик. Танловимизнинг мавзуси "Амир Темур - барҳаёт сиймо" деб номланди.

Ўқувчиларимиз улуғ боболари таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб ўз лаёқатларига яраша расмлар чизишди. Мактаб "Тасвирий санъат" тўгараги аъзолари фаоллик кўрсатишди. Натижада танловга кўплаб асарлар ҳавола этилди. Биз уларни кўриб, бирма-бир назоратдан ўтказиб, ғоят қувондик. Чунки, тадбир олдидан ўқувчиларимизга Амир Темурнинг ҳаёти, жасорати ва "Темур тузуклари" асарининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳикоя қилиб берган эдик. Айниқса, ҳикматона панду насиҳатлари билан таништиргандик. Расмларда бунинг самараси яққол ифодаланганидан фахр­ландик. Ўқувчиларимиз орасида мусаввирлик талантига эга бўлган Нодирабону Муҳаммадвалиева "Соҳибқирон" асарини шоир Зиёвуддин Мансурнинг шу номдаги шеъри асосида шарҳлаб берди. Самандар Муҳаммадвалиевнинг "Буюк саркарда ва илм-маърифат ҳомийси", Муштарий Тожибоеванинг "Темур бобом - доно бобом" картиналари ҳам юқори баҳоланди.

Биз кўрик-танлов ўтказиш билан аждодларимизга авлодларнинг меҳр-муҳаббатини янада кучайтиришга эришаётганимиздан мамнунлик ҳис этдик.

Ғанижон МАНСУРОВ,

Тўрақўрғон туманидаги

55-мактабнинг тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси.