Тарихий манбалардан маълумки, юртимизда илм-фан, маънавият ва маданият, санъат ривожига муносиб ҳисса қўшган жаҳонга машҳур улуғ алломалар таваллуд топган. Улар яшаган даврлардан бизларга бетакрор обидаларга бой мафтункор шаҳарлар мерос қолган. Бугун уларни кўриб, аждодларимиздан бениҳоя фахрланяпмиз.
Биз ҳамкасбларимиз билан саёҳату зиёрат мақсадида йўлга тушиб кўҳна Хоразмга отланган эдик. Машиналаримиз Шарқ гавҳари Самарқанд шаҳрига етиб келгач, дастлаб Регистон майдонида жойлашган мажмуа ва хоналардаги мозийдан садо берувчи миллий ҳунармадчилик намуналари кийим-кечак либослари, сопол ва мисдан моҳирона ясалган буюмларни кўриб танишдик. Шаҳардаги Бибихоним мадрасаси, Шоҳизинда мажмуаси, Хазрати Хизр, Дониёр пайғамбар мақбаралари, Улуғбек расадхонаси янада ҳайратимизни оширди.
Истиқлолли юртимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали ёнида бир зум туриб, шундай нурли кунлар, дориломон ҳаёт асосчиси билан ғойибона сўзлашгандек бўлдик, гўё. Уларнинг қабрларини зиёрат қилдик.
Яна сафарни давом эттирарканмиз Хивага олиб борувчи йўлда хоразмлик Умрбек исмли инсон билан танишдик. У "Гуллар шаҳри Наманган аҳлини жуда ҳурмат қиламан" дея, бизга ҳамроҳ бўлди. Машиналар Тўрткўл, Беруний туманларидан ўтиб Хонқага етиб келди. Меҳмондўстлик хоразмликларга ҳам хос одат экан. Бизни бир гуруҳ хонқаликлар ҳурмат билан кутиб олиб, меҳмоннавозлик кўрсатишди. Сўнг мамнуният ила кузатиб қўйишди.
Ҳозирги Хива-Хоразм кўҳна меъморчилик намуналари жамланган ўзига хос музей шаҳар экан. Айниқса, ички шаҳар деб юритиладиган Ичан қалъа кўкка бўй чўзган юксак миноралари, илоҳий гумбазлари салобатига мутаносиб ажойиб монументал биноларга тўла экан. Ҳамроҳлар билан Ичан қалъа ичидаги "Орзу" меҳмонхонасига жойлашдик. Сайёҳлар учун қулай шароитлар муҳайё этилган. Ота-боболари яшаб ўтган, ўзи туғилган ҳовли-меҳмонхона эгаси Давлатназар ака эрталаб сайёҳлик бюроси экскурсаводи Санобар Худойбергановани таклиф этиб, бизларни учраштирди. Экскурсавод ҳуштавозе, ширин лаҳжада саломлашиб, қалъа билан таништирди.
Хива Хоразмнинг энг кўҳна шаҳарларидан. Ривоятларда айтилишича, шаҳарга асос солиниши ибтидоий замонларга бориб тақалади. Барча туркийларнинг валломати Ҳазрати Абу Турк ҳозирги Хива ўрнида обиҳаёт манбаи-Хейвоқ қудуғини қазиттиради ва унинг теграсида саҳройи текисликда бунёд этилажак шаҳарнинг пойдеворини тиклаттиради. Ҳозир ҳам қадимий қисмида қудуқ қолдиқларини кўриш мумкин.
Қадимшунослар чуқур маданий қатлам остида кўп асрлар илгари бунёд этилган истеҳқом иншоотлари қолдиқларига дуч келадилар. Хоразмнинг минглаб шаҳарлари орасида бармоқ билан санарлиларигина табиатнинг сўқир кучларига ва ижтимоий барқарорлик зарбаларига дош бера олдилар. Хиванинг тақдири кечмиш 25 асрга оид археологик топилмаларда, бизгача етиб келган Х ва кейинги асрларга мансуб ёзма манбаларда изчил қайд этилган Х аср Хоразмда Абу Райҳон Беруний (975-1043), Абу Али ибн Сино (980-1037) сингари тафаккур ва илму фан даҳоларининг асри "Маъмун Дорилҳикмаси" (Академияси)нинг равнақ ва завол топиш замонидир.
Ичан қалъанинг кириш дарвозаси ёнида улуғ мутафаккир ал-Хоразмийнинг теран нигоҳ билан боқиб турган салобатли улкан ҳайкали ёнида экскурсавод сўзларини мароқ билан тинглар эканмиз, аждодларимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром туйғулари дилларни ширин энтиктирди. Ичкари шаҳарга кирибоқ қалъа шаклларининг гўзал ва улуғворлиги, ўйма ёғоч устунлар, эшиклар, шифтларининг нафислиги, нақш мавзуларининг санъаткорона жойлаштирилиши, рангин парчинлар (қадамалар)нинг ранг-баранглиги билан ҳар бир зиёратчини ҳайратга солади. Маиший меъморчилик халқнинг кўп асрлик анъаналарини, донишмандлиги ва бадиий-эстетик дунёқарашини уйғунликда акс эттирган. Ичан қалъанинг гумбазли-пештоқли композиялари, баланд айвонлари, томлари теп-текис, пахсали-синчли иморатларнинг тиғиз қуршовида кўкка талпинган миноралари, шунингдек, бақувват пахсали қалъа деворлари халқасига қараб Мовароуннаҳрнинг ўрта асрлар феодал шаҳарлари хусусида яққол тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Кўҳна АРК қадимий қалъа эгаллаган ҳудудда азал-азалдан одамлар яшаб келган. Бу ерда шаҳарга асос солинган даврга оид бирламчи иморат топилган. Экскурсаводнинг таъкидлашича, Оронгхон ҳукмронлиги вақтида бу жойда қурилган янги сарой тахминан 100 йилдан сўнг Аваз иноқ ҳукмронлиги йилларида (1782-1804 йилларда) эскирганлиги сабабли бузиб ташланган. Унинг ўрнида бошқа сарой мажмуаси бунёд этилган. Буларнинг барчаси Арк Хива пойтахт деб эълон қилинган замонлардан ҳукмдорларнинг қароргоҳ саройи бўлиб хизмат қилиб келганини тасдиқлайди.
Лекин ҳозирги Арк ХIX асрнинг биринчи ярмида амалга оширилган жадал биносозлик фаолиятининг натижасидир. Қўнғирот уруғидан чиққан ҳукмдорлар сулоласининг асосчиси Элтузархон ҳукмдорлиги йилларида Кўринишхона қурилиб,зийнатланган эди. Айвоннинг устунларидан бирида 1274 ҳижрий-шамсий-1855 мелодий йиллар санаси, бошқасида эса Огаҳийнинг исломий адлия ҳақидаги мисралари мавжуд. Масжидда ҳам 1225-1838 йил-сана сақланган. Аркнинг ўтмишдаги гавжум иншоотларидан фақат айрим объектлари бизнинг давримизгача етиб келган.
Аркнинг бақувват пахса девор билан қуршалгани ва ғарб томонидан шаҳар деворларига бориб тақалиши Қалъага олиб борувчи бош йўлак, равоқли-пештоқли чортоқ ва уччоракли минора-рукнларига эга монументар дарвозалар шаклидалиги ҳайрат ва қизиқишимизни янада кучайтирди. Айниқса, қўш гумбазли айвонга ва ичкаридаги залга эга бош қабулхонага оралиқ ҳовлилар орқали ўтган йўлак нозик ишланган ёғоч устунлар, шифтлар безакларида, нақшлар турларида ХIX асрнинг биринчи ярми Хива меъморчилигининг маҳорати ва ютуқлари ўз аксини топган.
Қалъанинг шимолий қисмида давлат муассасалари, девонхона, аслаҳахона, порох устахонаси, ошхоналар, ҳарам, хўжалик иншоотлари алоҳида-алоҳида ҳовли бўлиб жойлашган. Бақувват деворлар, нимминоралар ва данданали кунгираларга эга қалъа устидаги "Чордара кўшк-Оқиших бобо" деган кўтаринки ном билан машҳур бўлган минорадаги хосхона юксалиб туради.
Биз ўтган асрларда бу шаҳарда пул бирлиги бўлган мис,олтин, кумуш тангаларни ясовчи устахонада бўлиб зарбхонадаги ишчилар меҳнат қилаётган ҳолат акс эттирилганини кўрарканмиз, ўша замон, давр кўз олдимизда гавдаланди. Айниқса Хиванинг ажойиб меъморий ёдгорлиги ХIX асрда қайта қурилган кўп устунли Жума масжидининг тилга олишимиз жоиз.
- Бу қадамжодаги анча илгари Х- ХIV асрларда бунёд этилган иморатларнинг нақшли, кунгирадор ёғоч устунлари ҳозиргача сақланиб турганидан ҳайратга тушдик. Устунлар аждодларимиз яшаган даврдан, санъатнинг нотаниш саҳифаларидан ҳикоя сўзлаётгандек эди,-дейди таҳририят бош ҳисобчиси Исломжон Лутфиллаев ҳаяжон билан.
Бундай зиёратгоҳлардан Сайид Аълоиддин мақбараси ва Боғбонли масжиди ҳам яхши сақланган. ХVII-XVIII аср бошларида ранг-баранг диний ўқув юртлари, мадрасалар қад растлайди. Булар жумласига Араб Муҳаммад мадрасаси, Шерғозихон мадрасаси киради. Ичан қалъа меъморий обидаларининг кўпчилиги ХIX асрнинг биринчи ярмида қурилган. Хусусан, Қутлуғ Мурод иноқоғо мадрасаси, Ҳазрати Шайх Паҳлавон Маҳмуд Пурёривалий мақбараси мажмуаси, Оллоҳқулихон Саройи, Карвонсарой ва мадрасаси, Тошҳовли сарой ансамбллари ҳам диққатга сазовор жойлар экан.
Ичан қалъа худуди 26 гектар бўлиб, меъморчилик музей-қўриқхонаси деб эълон қилинган ва давлат мухофазасига олинган. Хива-Ичан қалъа умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Хива шаҳри халқ санъати ва маданий марказ ҳисобланади. Тарихчи аллома, Хоразм давлати ҳукмдорларидан бири Абдулғозий Баҳодурхон, муаррих ва шоир Шермуҳаммад Мунис Хоразмий, солноманавис шоир ва таржимон Муҳаммад Ризо Огаҳий, муғанний ва хонанда, Хоразм мақомнавислик мактабининг асосчиси Полвонниёз Комил Хоразмий ва илму фан, адабиёт ва санъатнинг бошқа машҳур намоёндалари Хивада таваллуд топганлар ва юрт шаъни-шавкатини кўтариш йўлида мардонавор меҳнат қилганлар.
Табаррук Ичан қалъа теварагини қуршаган янги замонавий ўқув юртлари, саноат корхоналари, маданий-маърифий муассасаларга эга шаҳар йил сайин равнақ топмоқда. Улкан гилам тўқиш комбинатида халқ қадимий гиламдўзлик санъати асраб-авайланиб, қайта тикланмоқда.
Қайтишда Бухоро шаҳрига ташрифимиз ҳам ғоят мароқли кечди. Авлиёлар, пиру комилларни улғайтириб, дунёга танитган ва мусулмон оламида диний илмларни эгаллаб эзгу савоб ишларга муносиб ҳисса қўшган инсонлар яшаб ўтган шаҳар ҳусни янада очилибди. Баҳоуддин Нақшбандий мажмуаси ҳам янгидан бунёд этилгандек. Биз уларнинг оналари қабрларини зиёрат қилдик, сўнг мақбара ва мажмуадаги хоналар, ҳужралардаги ёзувлар, турли ёдгорликлар тарихи ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлдик.
- Мен ўтган йили Бухоро шаҳри саёҳатига келганман. Бу йил эса Хоразмда ҳам бўлганимдан хурсандман. Ҳар бир зиёратгоҳда ўзгаришлар катта. Таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилибди. Мажмуа ёнидаги эски иморатлар ўрнига саёҳатчиларга қулайлик яратиш учун автобус ва енгил автомашиналар тўхташ жойлари, тўрт қаватли "Бухоро" меҳмонхонаси қурилиб фойдаланишга топширилибди. Кўчалар обод, йўллар равонлиги, мезбонларнинг хушманзират, хуштавозелиги барчамизни қувонтирди. Бундай шароитлар яратилгани учун, аввало, Президентимизга раҳмат, - дейди таҳририят иш юритувчиси Роҳила Алиқулова.
- Саёҳатдан таассуротларим бир олам. Хоразм ва Бухоро шаҳарларига биринчи бор келишим. Ичан қалъа ва Бухородаги Минораи Калон, Лабиҳовуз, Баҳоуддин Нақшбандий мажмуаларини зиёрат қилдик. Аждодларимиз ҳаёт йўллари билан яқиндан танишдик. Булар умрбод ёдимда сақланиб қолади, - дейди мамнуният билан дизайнер Дониёр Жўраев.
Бир ҳафталик саёҳат мобайнида бир олам шодлик, бой тасаввуру таассуротлар билан яна меҳнат қучоғига қайтдик.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.