Наврўз байрами арафасида Алишер Навоий номли вилоят мусиқали драма театрида маънавий-маърифий тадбир ташкилланди. Унга Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Наманган ҳудудий бўлинмасидаги ўқув жараёнларига жалб қилинган беш юз нафарга яқин ҳамширалар таклиф этилди.

Тадбир аввалида ўқув масканига малака оширишга келган ҳаваскорлар ижросидаги патронаж хизматига оид саҳнавий кўриниш намойиш қилинди. Чиқишга аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ тиббий жараён мавзу қилиб олинган эди. Оила. Қайнона-келин муносабатлари. Келин ҳомиладор. Ўзининг ва бўлажак фарзанди саломатлиги ҳақида қайғураётган келин шифокор қабулига чиқиши зарурлиги ҳақида қанчалар гапирмасин қайнонадан рад жавоб олмоқда. Шу орада патронаж амалиётини ўтказаётган шифокорлар хонадонга ташриф буюришади. Улар соғлом ва баркамол авлод туғилишида тиббий кўрикларнинг аҳамияти беқиёс эканлигини ётиғи билан тушунтиришади. Саломатлик посбонларининг таъсиридан фикри ўзгарган қайнона келинини ўзи оилавий поликлиникага бошлаб боришга ваъда беради ва буни амалда исботлайди.

Марказ акушерлик ва гинекология фани ўқитувчиси Шоҳиста Мамаджонованинг саломатлик ҳақидаги суҳбати ҳам тадбирни мазмунан бойитди. Нотиқ "Аёллар саломатлиги ойлиги" нинг аҳамияти ҳақидаги маърузасида соғлом фарзандни дунёга келтиришда аёллар саломатлиги муҳим ўрин тутиши ҳақида батафсил тўхталди. Тиббий кўриклардан вақтида ўтиб туриш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг олдини олиш, оилада соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш, соғлом ов­қатланиш каби жиҳатларга эътиборни қаратди. Савол - жавоблар пайтида эса тингловчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли жавобларни олдилар.

Байрамолди тадбири вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари ижросидаги концерт билан давом этди. Нав­рўзи олам, баҳор, муҳаббат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка чорловчи қўшиқлар янгради. Рақслар рақсларга уланди. Қисқаси, барчанинг қалбини байрам шукуҳи чулғаб олди.

Севара ҒОЗИЕВА.