Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда, аниқроғи 2018 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилингани ҳам юртимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётида фаолликларини ошириш учун ҳар тарафлама рағбатлантирилаётганига бир исботдир.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида мавжуд муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Шунга кўра, республика, вилоят, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари тузилмаси тубдан такомиллаштирилди. Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди. Эндиликда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилади.

Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чоралар кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг банд­лигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Зеро, аёл - жамиятнинг жон томири, хонадонларимиз файзу фариштаси, чароғбони. Уларнинг оилада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини сақлашдаги, фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси беқиёс.

"Мўътабар аёл" кўкрак нишони ҳам давлатимиз томонидан аёллар меҳнатига, уларнинг юрт тинчлиги ва тараққиётига қўшаётган ҳиссаларини муносиб баҳолаш деб биламан. Шунингдек Фармоннинг 16-бандида 1999 йилда таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга берилиши белгилаб қўйилди. Авваллари бу рақам бир нафарни ташкил қиларди.

Дарҳақиқат, шу пайтгача давлат мукофотлари олган юртдошларимиз орасида хотин-қизлар сони деярли ярмини ташкил қилади. Эндиликда иқтидорли ва етакчилик қобилиятига эга бўлган қизларимизни рағбатлантириш имконияти янада кенга­йиб, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.

Ўйлайманки, энди юртдош хотин-қизларимиз бу юксак мукофотга муносиб бўлиш истагида янада жонбозлик кўрсатиб ўз иқтидорларини намойиш этадилар.

Санобар ХОЛМИРЗАЕВА,

Учқўрғон туманидаги

12-ўрта мактаб ўқитувчиси.