У МАЪРИФАТПАРВАР ОЛИМ ВА ШОИР ИСҲОҚХОН ИБРАТДИР

Миллий уйғониш даврида яшаб, қалам тебратган ўзбек зиё­лилари орасида Исҳоқхон Ибрат сингари фидойи ва серқирра салоҳият соҳиби жуда кам. У фақат назарий фикрлар ва ижодий фаолият билан чекланиб қолмаган. Айни маҳалда эзгу ғояларини амалга ошириш учун шахсий намуна  кўрсатган. Ўзининг ҳисобидан янги усулдаги мактаб очган, истироҳат боғи, босмахона, кутубхона ташкил қилган. Мактаб ўқувчилари учун дарслик ва қўлланмалар ёзиб, нашр эттирган. У Фарғона водийсидаги биринчи матбаачи сифатида ҳам маълум. Ҳар қандай техника янгиликларини мамнуният билан қабул қилган ва шу тарихий воқеа муносабати билан шеърлар ёзган.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан фидойи юртдошимиз хотирасининг улуғланиши жуда улкан ҳайрли иш бўлди. Шу муносабат билан Тўрақўр­ғонда хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган Ибрат номидаги махсус мактабнинг очилганлиги, гўзал хиёбон бунёд этилаётгани ва музей ташкил қилинаётгани  диққатга сазовор. Ҳозиргача қисқа муддат ичида матбуотда ўнлаб мақолалар ёритилди, дастлабки китоблар яратилмоқда, телевидение ва радиода қатор кўрсатуву эшиттиришлар берилди. Шундай эзгу тарғибот-ташвиқот ишлари бугунга келиб авжи паллага кирди. Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари астойдил ҳаракатга тушишгани беҳад қувончлидир. Вилоят "Ижодкор ёшлар" клуби томонидан ой бошида "Энг яхши ибратхон ижодкор" кўрик-танлови эълон қилинган эди. 19 март куни вилоят ёшлар марказида танловнинг якунловчи бос­қичи ўтказилди. Унда Наманган шаҳри ва барча туманларда яшовчи иқтидорли ўғил-қизлар қатнашишди.

- Наврўз- янги кун, яъни янги йилнинг шарқона бошланиши, шундай қутлуғ айёмда бундан 156 йил муқаддам бизнинг улуғ юртдошимиз Исҳоқхон Жунайдуллоҳ ўғли таваллуд топган, - дея таъкидлади Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун. - Қутлуғқадам инсондан халқимизга бой мерос қолганки, уни фақат истиқлол йилларида эмин-эркин ва кенг ўрганишга имкон туғилди. Тўғриси,  серсалоҳият ижодкор ҳамюртимизнинг ҳаёти ва фаолияти, ёзган асарлари билан қизиқувчилар кундан-кунга кўпаймоқда. Хусусан, мазкур  тадбир  улар сафини ёшлар ҳисобига янада кенгайтириб юборганини кўриб турибмиз. Ўзларининг шеър, эссе, лавҳа ва мақолалари билан танловда иштирок этганлар сони элликдан ортиб кетди. Биз улар ичидан энг яхшиларини саралаб, муаллифларини байрам арафасида рағбатлантиришга тавсия қилдик.

Шундан сўнг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг Дипломлари ҳамда "Ижодкор ёшлар" клубининг китоблар жамланмасидан иборат эсдалик совғалари ғолибларга тантанали равишда топширилди. Ижод намуналари юқори баҳоланганлар ичида Сарвиноз Адашалиева, Муаззам Ас­қарова, Дилшод Отабоев, Аҳиллидин Асқаров, Гулҳаё Ҳошимова, Муаззам Машрабхоновалар бор эди. Анжуман танлов ғолиблари  мушоираси билан давом этди. Айниқса, Моҳина Маматураимова, Гулшода Ҳусниддинова, Миржалол Абдужабборов, Машҳура Аҳмаджонова,  Жавлонбек Абдуллаевлар сингари қаламкашлар даврада янада фаоллик кўрсатишди.

Тадбирнинг энг кичик иштирокчиси, уйчилик етти ёшли иқтидорли қиз-Покиза Аҳмаджонова йиғилганларга шоира Меҳриноз Аббосованинг "Ватаним" шеърини ёддан ифодали ўқиб берди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи "Ёш ижодкорлар" кенгашининг вилоят бўлими раиси Орифжон Олимжонов қатнашди. У ғолибларни қутлаб, уларга ижодий парвозлар тилаш билан бирга адабиёт сабоқларини чуқур ўзлаштириш борасида қимматли таклифларини билдирди.