Райҳон ифорини ким ҳам суймайди дейсиз. Беҳад тароватли, беҳад ёқимли, димоқни қитиқлайди, ҳидлаганингиз сари ҳидлагингиз келаверади. Ёш қаламкаш бежизга  илк тўпламини шундай номламаган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, шоира Беназир мухтасар "Сўзбоши"сида таъкидлаганидай: "...назм гулшани бир гулшанки, унда ҳар гулнинг бетакрор ифори ва номи бор. Поплик Муаттар Ғофурова ҳам назмсеварлар қалбига "Райҳон бўйлари"нинг муаттар ифорини таратишга аҳд қилган умидли ижодкор ёшлардан".

У ҳозирда Поп тиббиёт коллежининг 2-босқич ўқувчиси. Диққатга сазовор томони жуда ёш бўлишига қарамай, ҳаётни идрок этишда анча улғайган. Бу шеърларида ва насрий битикларида яққол бўй кўрсатиб турибди. "Биз ҳаётга келганимизда икки буюк инсон бошимиз узра қуёш ва ой мисол парвона бўлишади, - дейди ижодкорнинг ўзи,  - уларнинг борликлари - бизнинг энг катта бахтимиз, шодлигимиздир. Уларнинг меҳру муҳаббати йиллар ўтса-да, ўз сеҳрини йўқотмайди. Ана шу сеҳр орқали биз тириклигимизга, инсонлигимизга шукрона айтишни ўрганамиз. Ҳаётнинг ўзи мўъжиза эканлигини англаймиз. Икки буюк инсон ҳозир ёнимизда бор, аммо эртага-чи... Уларнинг қадрига етишни бугун ҳозирнинг ўзидан бошланг".  Шоира "Тоғдек суянчим борлиги бахтим" дея номланган бўлимга ота-она ҳақидаги машқларини жамулжам айлаган. У суянчиқларини ҳамиша ёнида бўлишини  истайди:

Кўкда нурин сочган қуёшдир отам,

Онам эса сирдош, кўкдаги ойим.

Менинг орзуларим тутмасин мотам,

Уларни асрагин, доим Худойим.

"Мен кўз очиб қўрган маконда Эйфел минораларию, Парижнинг осмонўпар бинолари йўқ, дунёнинг етти мўъжизаси ҳисобланган мисрликларнинг асрлардан-да кучли бўлган эҳромлари йўқ. Аммо  доим бир нарса туфайли қувониб яшайман. Ана шу қувонч сабаб бугун ўзлигимни англадим, дунёга теран нигоҳ билан боқишга ўргандим. Чунки, менда ота-онам ва барча яқинларим яшаётган мўъжаз Ватан бор" дейди Ватан туйғусига тўлиб-тошган шеърлари туркумига дебоча тарзда. Шу боис у "Ифтихор" шеърида туйғуларини теран таронага айлантирган:

Мустақиллик бизга катта бахт берди,

"Юртингга ярагин" деган аҳд берди.

Ўзлигин англаган бахтли фарзандлар

Ифтиҳор ҳиссидан кўксини керди.

Иқтидорли қиз учун Ватаннинг кўклами жуда қадрли. У гўзалликлар қошида яйраб-яшнайди. Ғанимат лаҳзалардан баҳра олади. Туйғулари туғён уради. Ўқувчини огоҳлайди: "Шошилинг, чунки сизни дея очилган гулларни қайта кўра олмаслигингиз мумкин".

У кўрганларидан илҳомланиб "Кўклам нафаси"ни сизга тутади. "Наврўз шукуҳи"дан дараклайди:

Бинафша, атиргул япроқларида

Томчилар Наврўздан бермоқда дарак.

Мени инсон этган улуғ халқимга

Бугунги тантана, айём муборак!

Ижодкор қизнинг элликка яқин шеърларидан жамланган илк тўплами тақдимоти ўзининг ўқув даргоҳи Поп тиббиёт коллежида ўтказилди. Республика Маънавият тарғибот маркази туман бўлими раҳбари Фарҳоджон Примназаров, коллеж директори Гулбаҳор Эргашева, "Адолат" социал-демократик партияси туман кенгаши раиси Мунира Муҳаммаджонова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Зафаржон Арслонов, устоз ўқитувчилар Мўминжон Тўхтаназаров ва Сайдинисо Ғафуровалар тақдимот тадбирида сўзга чиқишди. Улар ижодкор қизни адабиётга биринчи қадамлари билан самимий қутлашди. Шифокорлик касбини эгаллаши билан бирга шеърият мухлислари учун Наврўз байрамига арзигулик туҳфа тайёрлаганини зўр мамнуният билан эътироф этишди. Ижодий саъй-ҳаракатларини янгидан-янги шеърлар яратишга янада астойдил сарфлашига  ишонч билдиришди.

Бир гуруҳ шеърият шайдолари Муаттар Ғофурованинг илк тўпламига киритилган шеърлардан ёд ўқишиб, даврага янада файзу шукуҳ бағишлашди. У вилоят "Ижодкор ёшлар" клуби фаолиятида ҳам фаол бўлишга чорланди.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.