Бу  азалий беинкор ҳаётий ҳақиқатдир. Кўҳна тарих қатларида исботловчи мисоллар қанчадан-қанча. Ахир олам ва одам ҳақида фикр юритилганида уларнинг бири-бирисиз барқарору барҳаёт бўлолмаслигини хаёлдан асло фориғ қилиш мумкин эмас. Инчунун, олам ва одамни айро тасаввурлашнинг заррача имкони йўқ. Ер бўлсаю, деҳқон тер тўкмаса, ҳосил қаердан битади. Боғ бўлсаю, боғбоннинг қўли тегмаса, не-не неъматларга тўла дарахтлар тарвақайлаб ёки қаровсиз қовжираб қуриб қолмайдими. Агар сувга лиммо-лим дарё-ю каналларга кўприк солинмаса, икки қирғоқдаги одамлар қандай муносабатга кириша оладилар. Шунданми, буюк бобомизнинг буюк меҳри буюк бунёдкорликларда мужассам, десак ҳеч муболаға эмас.

Амир Темурнинг "Биз ким - мулки Турон, амири Туркистонмиз. Биз ким - миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи туркнинг бош бўғинимиз" дея фахрланишларида авлодлар олдидаги масъулиятлари ҳам яққол сезилиб туради. Улуғликни сўзда эмас, амалда исботлаган инсонларгина миллатнинг гулларига айланишади худди бобомиз сингари. Улуғлик аслида фақат улкан миқёсдаги ишдагина зоҳир эмас, бу сифат оддий турмушдаги тутумларда ҳам акс этишини қуйидаги ҳикоятдан англаб олсак ажаб эмас:

"Шом сари юриш олдидан Қорабоғда чодир тикиб узоқ туриб қолдик, - дея ҳикоят айлайди Соҳибқирон бобомиз. - Ҳарбу зарб машқларини пухталамоқ учун қўшин ичинда бўлиб, очиқ ҳавода тунадик. Кўп вақт ўтказиб, сафар олдидан чодирга қайтсам, ажиб манзаранинг гувоҳи бўлдик. Бизнинг йўғимизда чодир туйнугидан икки кабутар тушиб, жуфти ҳалоллик қилмишлар. Улар бизнинг хос ўриндиққа хас-ҳашак-ла ин қуриб, бири тухум босиб ётур эди.

Тангри таоллонинг бу беозор жониворларига ҳалал етказмаслик учун чодирни ўзга қилдик. Эртаси куни сафарга жўнар аввалида тўрт нафар навкарни мулозим бирла қолдирдик. Уларга тайин этдикким:

- Тангри таоллонинг  беозор қушлари тухум очиб, палапонлари учирма бўлғунча шу ёнда бўлурсиз. Палапонлар учиб чиққоч, чодирни йиғиб, ортимиздан етиб бор­ғайсиз...

Шом сафарига отландик. Жониворлар борасида тузган тадбиримиз тангри   тао­л­лога хуш ёқиб, зафар туғимизни ҳилпиратди".

Шарҳсиз тушунган одам  оламдаги, борлиқдаги мавжудотларга меҳрли бўлиш ғоят шарофатли эканини дарров фаҳмлаб етади. Ахир табиатга меҳр ўзимизга меҳр эмасми. Қушларнинг кўкда қанот қоқишидан ким қувонмайди, уларнинг мусиқий сайроқларини бежиз қалбимизга яқин олмаймизку. Демак, қанотли жониворларга муносабатда Амир Темур бобомиздан бебаҳо намуна қолган. Муҳими, биз ҳам ўша намунага муносиб яшаб,  олам яратиқларига муносиб меҳр кўрсата олишимизда.

Амир Темурнинг бунёдкорлиги аввало қақраган ерларга сув чиқариб, боғу роғлар барпо қилишда кўринса, сўнгра маҳобатли бинолар қуришда барчани ҳайратга солган. У кишининг  "Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг" деб айтган сўзларининг ўзиёқ фикримизнинг яққол далилидир. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича: "Ҳар ердаким, иморатқа қобил ер кўрса эрди, ул ерда албатта бир иморат солур эрди" Соҳибқирон бобомиз.

Самарқанд боғларининг таърифлари ўша пайтлар тилларда достон бўлганини кўҳна битиклардан биламиз. "Боғи Чинор", "Боғи Беҳишт", "Боғи Баланд", "Боғи Дилкушо"  ана шулар жумласидандир. Бу боғлар наинки, ўз ҳамюртларимиз, балки хориждан ташриф буюрганларнинг ҳам ҳайратларини оширган. Ватанини гўзал жаннатмаконга айлантирган бобомиз бундан ўзгача ғурур туйган.

Амир Темур ҳукмронлигида халқнинг ободончилик ва зироатчилик ишларига доимо рағбат берилган. Буни қуйидаги икки фармондан осонгина илғаб етамиз:

"Кимки, бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз (ер остидан ўтказилган сув йўли- М.А.) қурса ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, учинчи йили қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғилсин".

"Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса (давлат даромадлари ва ерлари билан шуғулланувчи мансабдорлардан иборат ҳайъат - М.А.) тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлсаю, обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин".

Биз истиқлол йилларида буюк бобомиздан қолган меросни ўрганиб, авлодлар истиқболи учун зарур жиҳатларини ўзлаштириб, ҳаётимизни йилдан-йилга фаровонлаштириб бормоқдамиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамоликларида ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Соҳибқирон бобомизнинг "Эл дардига дармон бўлмоқ - буюк ва савобли вазифадир" деган ғоялари Юртбошимизнинг ҳам, юртдош катта-кичик раҳбарларнинг ҳам ҳаракат шиорига айланган. Ишончимиз комилки, Ўзбекистонимиздек келажаги порлоқ мамлакатимиз халқи юртга чексиз меҳр-муҳаббатларини буюк бунёдкорлик ишларида тобора ёрқинроқ намоён этаверади. Зеро, Амир Темур бобомиздек улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлмоқлик бурчи биздан  кечаю кундуз шуни талаб қилаверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.