Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар боис юртдошларимиз жонажон Ўзбекистонимизнинг кўҳна тарихи ва бугунги тараққиёти ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш учун республикамизнинг қадимий шаҳарларига уюштирилаётган саёҳатларда зўр мамнуният билан иштирок этишмоқда. Куни кеча "Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририяти ходимларидан иборат гуруҳ "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" шиори остидаги ҳаракат доирасида Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларига ташкилланган бир ҳафталик туристик саёҳатдан қайтиб келди.
- Ўтган йили ҳам Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ижодий сафарлар уюштирилган эди. Бу йилги саёҳатимиз ҳар қачонгидан ҳам таассуротларга бой бўлди, - дейди фотомухбир Рустамали Мамадалиев. - Жаҳон тамаддунида ўз нуфузига эга азиз ва мўътабар Ватанимизнинг ўтмиши ва ҳозирги нурафшон қиёфаси, истиқлол шарофати билан минтақаларда олиб борилаётган улкан ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари кўз ўнгимизда намоён бўлди, гўё. Қадимий шаҳарлардаги тарихий обидалар, асрлар оша қад ростлаб турган меъморчилик иншоотларини кўриб ҳайратга тушдик. Кун сайин обод бўлиб, ривожланиш йўлидан дадил одимлаётган келажаги буюк давлатимизнинг фуқароси эканлигимиздан беҳад фахрландик.
Суратларда: саёҳатнинг унутилмас лавҳалари.
Ўз мухбиримиз.