Оппоқ тонг отмоқда... Унинг ажойиб тароватию, қушларнинг янги кунни қаршилаб сайраётгани, гуллар баргига тонгги шабнам сирға таққанидан завқланасан киши. Айниқса, тонг пайтда ҳар бир хонадоннинг кўча дарвозаси очилиб, сувлар сепиб, супирилади. Шундан биламизки, шу хонадонда бўйига етган қиз ёки янги тушган келинчак бор.
Эрта тонг мусаффо ва беғубор! Тўйиб-тўйиб нафас олиб, атрофларга боқасан. Табиатнинг гўзаллигини кўриб, яйрайсан. Табиат ва инсонларни яратган Аллоҳга минг бор шукроналар келтиргинг келади. Ҳа, тонг пайти ажойиб гўзаллигу таровати билан мафтункордир. Шунинг учун бўлса керак, шоирларимиз тонг ҳақида тўлиб-тошиб ижод қилишади. Ўз ашъорларини "Тонгни қаршилаб", "Тонг сабоси", "Оппоқ тонг", "Тонгги шабнам" каби номлар билан атаганлар. Ёки бастакорларимиз "Тонг еллари", "Субҳидам", "Тонгги наволар" деб қўшиғу ва куйлар яратганлар. "Тонг юлдузи" номли газета ҳамда "Келажак тонги" радио эшиттиришлари мавжуд. Булардан кўриниб турибдики, тонгнинг нақадар софлиги, мусаффолигию ҳамма нарса эрта тонгдан бошланиши, ризқ-рўзимизнинг бутунлигини ҳам ҳис қиламиз. Янги тушган келинчаклар юмушларини "Эрталабки салом"дан бошлашади. Келинчакларнинг либослари оппоқ ҳарир кўйлакларини ҳам ана шу оппоқ тонгнинг рангидан олган бўлса не ажаб?!
Эрта азонда супра ёйиб, қорилган хамирнинг кўпиши-ю, унинг пиширилгандаги мазаси ўзгача тотли бўлади. Келинларнинг тонг палласида туриб, сигирларни "шов-шов" қилиб соғишлари-ю, қўйингчи, барча хайру саховатлар ҳам эрта тонгдан бошланади.
Тонгнинг хосиятлилигини баён этувчи бир ҳикоят айтиб бергандилар бувим. Қадимда раҳмон ва шайтон қўшни бўлиб яшаган эканлар. Раҳмон доимо инсонларга яхшилик ва эзгулик қилар, уларни яхши йўлга етаклар экан. Шайтон эса унинг аксини қилар, одамларга ёмонликни раво кўрар экан. Бу икки қўшни ҳеч келиша олмас эканлар. Шунинг учун Аллоҳдан нидо келиб, ҳар иккисини ҳам руҳларга айлантириб юборибди. Раҳмон учиб келиб, бир деҳқоннинг ўнг елкасига, шайтон эса чап елкасига қўнибди. Деҳқон иш қилса ўнг елкасидаги Раҳмон тўғри йўл кўрсатар экан, чап елкасидаги шайтон эса аксини қилар экан. Раҳмон деҳқоннинг қулоғига деҳқончилик сирини айтибди. Унинг маслаҳати билан ҳосил мўл-кўл бўлибди. Бунга шайтон чидамай, деҳқонни йўлдан ура бошлабди. Бир куни шайтон деҳқон ухлаб ётган кўрпага ўзининг юмшоқ пўстинини ёпиб, ғафлат пардасини ташлабди. Деҳқон турай деса ҳеч тура олмасмиш. Шунда деҳқон "Вақт эртаю, кел бирпас ётиб олай, сўнг тураман" дебди. Ҳар куни шундай бўлаверибди. Ғафлатда қолган деҳқоннинг ишлари юришмай, уйидан барака кўтарилибди. Деҳқоннинг бир доно келини бор экан. Қайнотасини борган сари иши орқага кетаётганини сезиб; "Қайнотам шайтоннинг гапига кирибди!" деб ҳар куни эрта тонгдан туриб, Аллоҳдан ризқ сўраб, қайнотасига инсоф сўраб, кўча дарвозасини очиб, чиннидай қилиб супуриб-сидириб, ариқ бўйларидаги чиқиндиларни тозалаб қўяверибди.
Ҳар куни Раҳмон ўз фаришталари билан кўчаларда кишиларга ризқ улашаркан-да! Кимнинг кўча эшиги эрта тонгдан очилиб, супурилган бўлса, ўша хонадонга кўпроқ ризқ бераркан. Кимнинг уйи супирилмаган бўлса, ўша куни ризқ улашмас экан. Кўпроқ ризқ доно келин хонадонига насиб қилар экан. Қайнота-деҳқон келинининг бу ишидан ҳижолат бўлиб, ғафлатда ётганини сезиб, тонгда туришни одат қилибди. У туришида: - "Раҳмон ўзинг мадад бер" дебди. Ана ўшанда раҳмон яна унинг елкасига қўнибди. Унинг фаришталари ғафлат пардасини деҳқон устидан олиб ташлабди. Шундан сўнг деҳқоннинг хонадони кундан-кунга обод ва фаровон бўла бошлабди. Ҳар тонг пайтида туришнинг хосияти битмас-туганмас экан-да!. Унинг савоби нечоғлик катта эканлигини доноларимиз таърифлашган:
Ғафлат уйқусидан уйғон
гар тилар бўлсанг мурод,
Ки етар мақсадга ҳар ким
бўлса ул бедорроқ!
Тўхтахон РАҲИМОВА,
меҳнат фахрийси.