Тунда чиқиб боқар эдим самоларга,
Олисдаги кўз илғамас Зуҳроларга,
Қулоқ тутдим сойдан келган садоларга,
Яна сувлар қўшиқ айтар баҳор келди!
Уйқу қўнмас эди бедор кўзларимга,
Бир шўх пари балки интиқ сўзларимга,
Нур ёғилди табассумли юзларимга,
Юрагимга умид қайтар баҳор келди!
Илҳом «оти» илдам-илдам чопмас эди,
Шеърлар ёзиб кўнгил таскин топмас эди,
Ўшал жонон ҳеч қайралиб боқмас эди,
Юрагимни ишқ яйратар баҳор келди!
Шаббодалар елиб-елиб чалар найин,
Ҳабибулло, сен ҳам сайра булбулдайин,
Гул сайрида ёргинамни учратайин,
Дил розидан бахт яратар баҳор келди!
АЗИЗ КЕКСАЛАР
Бу ёруғ оламни яшнатиб қўйган,
Нав-ниҳоллар экиб, парвона бўлган,
Меҳрини бағишлаб, ҳамхона юрган,
Борингизга шукур, азиз кексалар!
Йиғинларда сизсиз суҳбат ўтмайди,
Ҳазил-мутойиба қаттиқ ботмайди,
Сиздан бемаслаҳат ҳеч иш битмайди,
Борингизга шукур, азиз кексалар!
Ёшларга меҳрибон устозсиз сизлар,
Ҳар сўзингиз дур деб биламиз бизлар,
Даврамиз тўрида ўтирингизлар,
Борингизга шукур, азиз кексалар!
Кексалар дуоси-қудратли паноҳ,
Умрингиз зиёда қилсин-ей Аллоҳ,
Сиз билан бахтимиз бутундир ҳар чоғ,
Борингизга шукур, азиз кексалар!
Ҳабибулло АКРАМОВ,
ВССБ автокорхона ходими.