Сумалак йилда бир мартагина тайёрлаш мумкин бўлган ноёб таомгина эмас, шифобахш дори ҳамдир. Унда инсон аъзолари учун жуда тез қонга ва лимфа суюқликларига сўриладиган монохарид бор. Оқсили ҳам нозик бўлиб, аъзои-баданимиздаги миллиардларча ҳужайраларга энг яхши озуқадир. Яна соғу-бемор учун ҳамиша зарур бўлган С дармондориси мавжуд.

Буғдой ўсимтаси 1936 йилда Эмерсон ва Эванс исмли икки немис олимлари текшириб кўришганида, унда "токоферол" деб аталувчи модда бўлиб, бу нимранг илашимли ёғсимон неъмат женшен таркибида учрайдиган Е белгили дармондорининг ўзгинаси экан. Токоферолнинг ажойиб технологик хусусияти бор: у ёғда эрийди ( сумалакка ёғ солинади) ва 170 даража иссиқликда ҳам ўз кучини сақлаб қолади, емирилмайди ( сумалак 120-130 даража иссиқликда пишади). Демак, сумалак Е дармондорисининг манбаидир. Бундай модда эса, эркакларни наслсизлик касалидан ва аёлларни бевақт бола ташлаш офатидан асрайди.

Сумалак гипертония касаллигига энг яхши даво. У қон таркибини яхшилайди. Томирлар торайган бўлса, қонни суюлтиради, ошқозон ва ичак йўлини ҳам тозалайди, унинг фаолиятини кучайтиради, ични яхши юриштиради. Кишининг иссиғи ортиб кетган бўлса, тенглайди. Уйқусизликда қаттиқ ухлатади ва натижада сумалак еб ором олган кишининг асабларини изтиробдан халос қилади.

Тайёрлаш усули қуйидагича: жайдари ёки қайроқи буғдойни совуқ сувда яхшилаб ювгач, чинни идишга солиб, уч сутка ивитиб қўясиз, суви тортилса, сув қуйиб турасиз. Шу фурсат ичида буғдой бўртади ва ниш уради. Сувини тўкиб ташлаб, тоза тахта устига 1-1,5 см қалинликда ёясиз-да, юзига дока ёпиб, ёруғроқ, бироқ қуёш нури тушмайдиган жойга қўясиз. 3-4 кун давомида ҳар куни бир маҳал сув севалаб турсангиз, майсаси униб чиқади ва томир олади. Майсасининг бўйи 5-6 сантиметр, яъни нина бўйи бўлиб, илдизлари бир-бирига киришган торфсимон масса ҳосил бўлганда квадрат (10х10 см) бўлакларга кесиб олиб, келига солиб туйилади. Осони, гўшт­майдалагичдан ўтказа қолинг. Эзилган массага бироз сув қуйиб аралаштириб, докадан ўтказиб сузасиз ва сутсимон оқ шарбатни алоҳида идишга олиб қўятурасиз. Тулпини яна сувга аралаштириб, иккинчи бор сузасиз-да, бошқа идишга оласиз. Тулпига учинчи марта сув аралаштириб шарбатини учинчи идишга оласиз. Қозонда ўсимлик ёғи (пахта мой)ни яхшилаб доғлаганингиздан сўнг оловдан олиб, бирор соат давомида совутасиз. Ана шундан кейин ёққа ун ва биринчи сузиб олинган шарбатни қўшиб аралаштирасиз. Қуюқ-суюқлиги аталасимон ва қумоқлари йўқотилган массани оловга қўйиб қайнагач, сўнг иккинчи бор сузилган шарбатни қуйиб юборасиз. Бу ҳам қайнаб чиққандан кейин учинчи идишдаги шарбатни қўшиб қайнатаверасиз. Ниҳоят сумалак қуюқ торта бошлаганда ёғоч куракча билан доим ковлаб турилади, акс ҳолда қозон остига ёпишиб куйиб кетиши мумкин.

Сумалакнинг тагига олмаслиги учун ўрик данаги ёки ёнғоқдек силлиқ тошчаларни яхшилаб ювиб, сувга солиб бир қайнатиб тозалаб қозонга ташлайсиз. Тошчаларнинг яна бир "хизмати" қозон остига чўкиб, қизиб, ковланганда кўтарилиб сумалак ичида конвекцион ҳаракатга келиб, таомнинг тезроқ пишишига ёрдам беради. Тошчаларнинг миқдори сумалакнинг кўп-озлигига боғлиқ. Яна тоза ювилган ёнғоқ солиб қайнатиш ҳам мумкин.

Сумалак тахминан 10-12 соат қайнайди, агар суви буғланиб, жуда қуюқ тортиб кетса, бироз қайноқ сув қуйиб то пишгунча ўтни ўчирмайсиз. Агар сумалак тайёрлашга эрталаб соат 10 ларда майсасини янчиш, сузиш, ёғини доғлаш, ун ва шарбат чайишга киришилса, соат 12 ларда қайнатиш бошланади. Тунги соат 24 га бориб, оловни тўхтатилади. Қозонга тоғора тўнтариб, устидан қалин мато билан ўраб, эрталабгача димлаб қўйилади. Сўнгра нонушта дастурхонига пиёла ва косаларга қуйиб совуган ҳолда тортилади.

Сумалакнинг ўзига хос қоидасини ҳам унутманг. У тансиқ таомнинг шифобахшлигини тўла рўёбга чиқариш учун керак. Чунончи, пиширилган куни бошқа овқат емай, фақат сумалак билан парҳез қилмоқ даркор. Иложи бўлса, парҳез икки кун давом эттирилгани маъқул. Уни чой билан нонга тегизиб ялайвериш зарур. Баъзилар билиб-билмай гўштли, ёғли овқатлар, балиқ ва бошқалар аралаш тановул қилиб қўяди, ҳатто ичкилик ҳам ичиб юборишади. Бу сира ҳам мумкин эмас. Агар шундай қилинса, таомнинг шифолиги қирқилиб кетади. Сумалак парҳезидан бир ҳафта-ўн кун олдин ичкиликни тўхтатиш керак. Уни егандан сўнг яна шунча вақт ўша бадхўр ичимликни оғизга олмаслик даркор. Негаки, сумалак таркибининг асосини карбон суви, яъни шакар моддаси ташкил қилади, бунга аралашган озгина спирт ҳам ички аъзоларда бижғиш жараёнини келтириб чиқарадики, бу кишини жуда оғир дардларга мубтало қилиши мумкин.

Бекмирза ЖЎРАЕВ,

вилоят ногиронларни реаблитация қилиш ва протезлаш маркази

психологи.