(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Зулфия ХХ асрда яшади ва ижод қилди. Бу давр ўзбек халқи тарихига ўта мураккаб ва ўта зиддиятли кечмиш бўлиб киргани қайд этилади. Шундай шароитда ҳам у Шўроларнинг "инъом бахти"га кўр-кўрона ҳамду санодан ҳоли умуминсоний қадриятлар, эзгу туйғулар, энг муҳими, оналик толеи тараннумига тўла шеърият соҳибасига айлана олди. Адабиётимизнинг алломалари сафидаги шоиримиз Миртемир "Давр ва поэзия аёл эрки, аёл қалби, изтиробларга лиммо-лим она тимсоли, она армонлари, она бахтини, она дилини куйлашга қодир бир онабошига муҳтож ва интизор эди. Зулфия ана шу бўшлиқни тўлдириб қўлига соз олган, ўша чан­қоқликни қондирган биринчи аёл, биринчи куйчидир. У биринчи машқлариданоқ тонгга маҳлиё, буюк ва пок тонг гўзаликларига ошиқ, тонгни қадр­лашга фидойи, жасоратли ва урунчоқ куйчи бўлди" деб ёзганида нақадар ҳақли эди.

Зулфия ўзбек адабиётининг чинакам шуҳратли шоираси. Аслида у бунга ҳеч интилмаган, ҳар бир шеъри қалб эҳтиёжидан қоғозга тўкилган, тўкилгандаям дурдона фикрлар шодаси янглиғ шеъ­риятимизга бебаҳо жило бағишлаган.

Шуҳратни ўйламай, тебранган қалам

Авлодга хизматдан қолмас ҳеч қачон.

У мазкур "Ҳайкал" шеърида Ҳамид Олимжоннинг шуҳрат толеига изоҳ бергани билан, бу аввало, ўзига ҳам, бутун ижод қавмига ҳам зарур ҳаётий уқтирги бўлса не ажаб.

Ўзбек адабиёти ижодкорларининг жаҳон миқёсига чиқиши, оламга машҳурлар билан бирга тилга олиниши, асарлари аслиятда ҳамда таржимада турли мамлакатларга ёйилиши истиқлолгача бизлар учун кутилмаган, камёб ҳодиса ҳисобланарди. Аммо бизнинг Зулфиямиз   Шарқу Ғарбда ўзбек аёлининг овозини бундан олтмиш йил муқаддамоқ баралла жаранглата бошлагани ҳаётий ҳақиқатки, бунга "Мушоира" (1958) достони шоҳид. Академик адиб Содиқ Сайҳун ёзганидек: "Унинг асарлари чет элларда ҳам машҳурлик касб этди. Ҳинд халқи ҳаётига бағишланган шеърлари Жавоҳарлал Неру номидаги умумҳиндистон совринига лойиқ топилди. Тинчлик ва дўстлик мавзуидаги публицистик янгроқ асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги бетиним фаолияти учун халқаро "Нилуфар" мукофотига сазовор ягона аёл ижодкор ҳам Зулфиядир".

У тинимсиз ёзибгина қолмай, тинимсиз ўқиб-ўрганди. Ўзига замондош турли миллат шоирларининг асарларидан энг сараларини ўзбек китобхонларига она тилида тақдим этиш билан самарали шуғулланди. Натижада таржимачиликда ҳам ўзига хос мактаб ярата олдики, эндиликда ёш шоиралар учун катта маҳорат ўрнагига арзийди. Ахир назмий ўгирик аслий ижоддан асло кам ва осон кечмайди. Бунинг учун хорижий тилни яхши билиш, шеърдаги шоир қалби туғёнларини чуқур идрок этиш керак. Таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров айтгандай: "Зулфиядаги санъаткорлик ўзининг бетакрор томирлари билан Чили шоираси Габриэла Мистраль, югославиялик Десанка Максимович, америкалик Эдна Миллэй, болгариялик Елисавета Багряна, арманистонлик Сильва Капутикян, Россиянинг шоиралари Марина Цветаева, Анна Ахматова, Людмила Татьяничева, Мария Петрових ижодининг ловуллаб ётган қўр оловларига оловдош эканлиги шеъриятимиз учун туганмас ифтихордир"

Ўз навбатида Зулфия шеърларининг турли тилларга таржимаси унинг ўзбек шоираси тимсолида ўзга халқлар шеърият шайдоларига хизмат қилишига йўл очди. Дунёнинг забардаст қалам соҳиблари эътиборига тушди, эътирофига сазовор бўлди. "Шоиралик шоирликка нисбатан кам учрайдиган ҳодиса, - дейди дунёга донғи кетган Доғистон шоири Расул Ҳамзатов. - Ана шундай ярқироқ юлдузлар қаторида ўзбек шоираси Зулфия муносиб ўрин эгаллайди..." Худди шундай улуғловчи баҳоларни - қабардин-бол­қар шоири Қайсин Қулиев, бошқирд шоири Мустай Карим, рус ижодкори Николай Тихоновлар ҳам беришган.

Тарихдан маълумки, ўзбек аёллари ичидан ижодкорларнинг чиқиши асосан ХVI асрдан бошланган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қизи Гулбаданбегимни "Ҳумоюннома" асари орқали биламиз. Кейинроқ XVII асрда Зебунисо ўзининг гўзал ғазаллари билан мумтоз шеърият кўшкида кўринди. ХIX асрнинг биринчи ярмида Қўқонда Амир Умархон саро­йи­да Нодира ва унинг атрофида Увайсий, Анбар Отинлар қалам тебратишди. ХХ асрнинг 30-йиллари иккинчи ярмидан бошлаб эса Зулфия,Ойдин ва Саида Зуннуноваларлар ижод бўс­тонига қадам қўйишди. Шундан сўнг хотин-қиз ижодкорларнинг янги сафи адабиёт майдонида пайдо бўлаверди. Гулчеҳра Жўраева, Гулчеҳра Нуриллаева, Ойдин Хожиева, Ҳалима Худойбердиева, Турсуной Содиқова, Фарида Афрўз, Шарифа Салимова, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Бобомуродова, Гулжамол Асқарова ва яна бир талай қалам соҳибалари ана шу янги авлод вакиллари сифатида Зулфия­нинг муносиб издошлари бўлишга интилишди ва интилишмоқда.

Бугун ўзбек аёли садоқатининг ёрқин тимсоли бўлиб қолган суюкли адибамизнинг шонли умр йўлига, сержило шеъ­риятига назар ташлаб, кўнглимизни меҳру соғинч туйғулари чулғайди. Ҳурриятга шукронамиз кучаяди, инсон қадр-қимматини юксакларга кўтарган Истиқлол туфайли Зулфия чинакамига шарафларга бурканди. Ўзбекистондек жаннатона юрт­да сийлову ардоқлари беҳад баланд. Ижод бўстонига киришга жазм айлаган қиз борки, момога ҳавасманд. Халқига, қаламига садоқатни умр мазмунига айлантиришдек эзгу мақсад-муддао истеъдод соҳибаларини изланишлар оламига чорламоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йил 10 июндаги Фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ҳар йили Зулфия хотирасига катта эҳтиром кўрсатилгани ҳолда, ёш иқтидорли қизларга юксак рағбат бериб келинмоқда. 2015 йили эса Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йилиги тантанали нишонланди.

Бу масала эндиликда янада долзарблик касб этаётганини ҳисобга олган Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 февралда "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" Фармон қабул қилди. Унга мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинадиган бўлди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, зукко адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов суюкли шоирамизнинг фазлу камолотига муносиб баҳо бериб кетган: "Зулфияни одамларга ардоқли қилган, адабиётимизнинг ёрқин юлдузларидан бирига айлантирган, ХХ асрнинг буюк аёллари қаторига қўшган асосий омил нимадир? Менимча, бу унинг эътиқоди, жуда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатлари, дили билан тилининг бирлиги, шеърларида мадҳ этган инсонийлик, вафо, садоқат ва диёнат деган нарсаларга ўзи ҳаётга оғишмай амал қилганида".

Баҳорнинг биринчи санаси муборак кун, шоира Зулфия таваллуд топган қутлуғ айём. Халқимиз суюкли момосини бойчечакдек баҳор элчиси ташрифидан ғоят қувонгандек мароқ билан эслаб, хотирасини эъзозлашга одатланган. Бу кўкламнинг илк ёдбахш кунида гўё ул зотнинг руҳлари бошимиз узра чарх уриб, шодон кайфиятда қуйидаги фахрия-тўртликларини такрорласа не ажаб!

Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур,

Асли Сиз - офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул - Ўзбекнинг Зулфиясиман.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.