Мана, қиш ҳам поёнига етмоқда. Этимизни жунжитадиган совуқ аста-аста чекиниб, ўз ўрнини илиқ ҳавога кунма-кун бўшатиб бермоқда. Кечагина ариқларда кумушдек ялтираб турган қиш "новвоти" энди кўзга ташланмаяпти:

 

Ариқлар ойнасин синдирди қуёш,

 

Шўх сувлар қўшиғин қўмсаган тағин.

 

Қаҳри қаттиқ қиш ҳам маъюс эгиб бош,

 

Шошиб йиғиштирди совуқ этагин.

 

Офтоб тафтига тафт қўшилар экан, боғларда ҳам, тоғларда ҳам мудроқликдан нишона қолмайди. Аксинча, уйғониш онларининг ўзгача файзу шукуҳи бошланиб кетади. Олам яна ороланишга ўтади:

 

Уйқичи дарахтлар кипригин қоқар,

 

Куртаклар қатига сингиб илиқ нур.

 

Тоғлар лолалардан гулҳанлар ёқар,

 

Келинчак баҳорнинг пойига масрур.

 

Бутун борлиқни ер ҳиди тутади. Уйларда диққинафасликдан зериккан одамларнинг кўнгиллари ҳовлига, далаларга, кенгликларга талпинади. Маҳаллаларда буғдой ивитилиб сумалакларга тараддудга тушилади. Ялпиз, отқулоғу равочлар терилиб, тандирларда кўк сом­салар, қозонларда кўк мантилар пиширилиб, хушбўйлари димоқларимизни қитиқлайди. Илик узилди онлари бу тансиқ таомларни суйиб тановул қилган халқимизнинг илиги яна куч-қувватга тўлади. Бақувват қўллар кетмону гулқайчилар тутади. Кимдир дарахтлар тагини юмшатади, кимдир уларга шакл беради, кимдир танасини оқлаб, белига "оқ фартук" тақади. Тозалик, кўкаламзорлаштириш қизигандан қизийди.

 

Халқимизнинг кўҳна удуми - ҳашарлар кексаю ёшни, умумхалқни ўзгача ҳаракатга солиб юборади. Барчанинг юрагида бори - билагида кўринади. Ҳали кўклам келмаёқ бозорларимизда турли мевали ва манзарали ниҳоллар, гул кўчатлари савдоси бошланди. Аҳир қайси деҳқонзода ўзбек ўз боғини янги кўчатлар билан тўлдирмайди дейсиз. Қайси гўзаллик шайдоси бўлган эркагу аёл, қизу йигит янги-янги гулларни ҳовлисида ўстиришни истамайди дейсиз. Қаёққа қарамайлик, яратиш ва яшнатиш ишқида ошиқиб юрган, шошиқиб ҳаракат қилаётган ҳам­юртларимизни кўрамиз. Шундай баҳорга ва чиройга ошуфта одамларнинг сафларида ўзимиз ҳам борлигимиздан дилларимизни ажиб фахру ғурур оғушлайди.

 

Кўклам наманганликлар учун ўзгача аҳамиятга эга. Чунки, вилоятимизнинг таърифига гул сўзи ҳамиша эгиз. Гул Наманганга муносиб фарзандлик гўзаликка меҳру муҳаббат билан уйғунлашиб кетган. Ҳадемай, 58-Гул байрами ўтказилади. Бугун мамнуният билан эслаймизки, ўтган баҳорнинг майидаги байрамга соғлиқни сақлаш ходимлари 42 минг тупдан зиёд энг нодир гул кўчатлари ўстириш билан, 14 та гул композицияси тайёрлаш билан муносиб тайёрланишган эди. Бу, албатта, шифокорларимиз вилоятда олий ўринни қўлга киритишларига замин яратганди. Биз мана шу шуҳратни сақлаб қолишимиз керак. Айни пайтда тараддудни ҳозирдан кучайтиришимиз шарт. Даволаш-профилактика муассасалари жамоалари ўзлари ишлаётган шифо даргоҳларини анвойи гулларга буркашлари лозим.

 

Кўклам эшик қоқмоқда. Эртадан кейин баҳор бошланади. Юрак-юрагимиздан энтикиб айтамизки, қадаминг­га ҳасонот, БАҲОР!

Манзура АБДУЛЛАЕВА.