Биз бир кам дунё атаган олам асли азал мукаммал яратилган. Агар одам бахт тополмаса, уни оламдан эмас, ўзидан излагани маъқул. Бошидан неларни кечирмайди инсон. Барибир унга инъом этилган иродаю, сабр-бардош билан тунларини тонгларга улаб юборишга қодирлик қудратини топиши мумкин, худди адабиётимиз алломаси Зулфия Исроиловадек. Ундаги тонгга ошуфталик, субҳи саҳарга содиқлик туғма эди дейишга ҳам жуда ҳақлимиз. Яхшиси, ўзининг сўзларини келтирайлик: "Биз ажойиб ҳаётни, тинч­ликни, ер юзида бахтиёр яшашни тарғиб қиламиз. Бу кундан ҳам гўзал келажакни ва унда яшайдиган янги авлодни куйлаймиз... мен тонгни куйлайман, оппоқ, нурли тонгни куйлайман. Шунинг учун ҳам шеър мажмуаларимдан бирини "Мен тонгни куйлайман" деб атаганман, умрим борича тонгни, нурни, эзгуликни тарғиб қилишдан тўхтамайман".

Шоира саксон бир йил (1915-1996) умр кўрган бўлса, роса олтмиш йил, янаям аниқроғи, сўнгги нафасигача қадрдон қаламини қўлидан қўймади. Фарзандлари Ҳулкар Олимжонова ва Омон Олимжоновлар 2005 йили нашрга тайёрлаган янги сайланма тўплами "Тонг билан шом аро" дея номланишида ҳам чуқур рамзий маъно бордай. Асарлари гўё ибратона ҳаёти солномасининг назмий таронасига айланиб кетган. Ҳар бири кўрган-кечирганлари, севги суюмлари ва туйғу туюмлари ифодасидир. Эли билан эллашиб, дардли билан дардлашиб яшади, миллат меҳрини қозонди. "Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!" сатрида шу ҳаётий ҳақиқат мужассам.

"Шеърда сеҳр бор" деган таъкид унинг қалб мўъжизаси- муҳаббатдан яралганига ишорадир. Зулфия "Йигит севса ҳеч қачон ёнмас яширин" дея йигитни эр юраклигини тан олса-да, бироқ севги сеҳри қанчалик кучли бўлмасин, ўзбек қизининг ҳаё-ибоси олдида ожизланишга маҳкум. Шоира ўзининг ўзига хос қизлик қасамига эга: "Шу дардда ўлсам ҳам этаман сукут". У севгидан сармаст эди. Тақдир туҳфасига мингдан минг шукроналар айтарди. Ёнида қалбининг соҳиби, оиласининг раҳнамоси, ўзбекнинг катта шоири Ҳамид Олимжонга боқиб тўймасди. "Бахтиёр севгини куйларди созим" дея аламли ва армонли сатрлар битадиган пайтлар яқинлашаётганини қаёқданам билибди. 1944 йилда 29 ёшида жудолик жабрини чекиши бу гал тақдирнинг кутилмаган, бир умрга татийдиган зарбаси бўлди: "Яшаш сенинг ҳаққинг дедим, Кечир қолдим ғафлатда" деб ўкиниб-ўкиниб шеърлар битди. Зулфия баъзиларга ўхшаб ҳаёт синовлари олдида асло ожизланмади. Аксинча, ҳижрон уни мардона аёлга айлантириб қўйди чоғи. Тушкунлик туни бағридан умид тонги шуъласини ахтарди, излади. Ва ниҳоят топди. Яна ўрик гуллаган кез баҳор унга юпанч берди. Кўклам куйчисини соғиниб қидиргандек бутун борлиққа суқланиб нигоҳ ташлади. У қаддини тик тутди. Кўнг­лида наинки ўзи, ёри учун ҳам яшаш ва ижод иштиёқини уйғота олди:

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Юқоридаги "Баҳор келди сени сўроқлаб" шеърини 1945 йилда биринчи тингловчиси бўлган устоз шоир Ғафур Ғулом ўз вақтида қуйидаги олқишни ёғдирган экан: "Мана бу жуда соз! Энди икки киши учун яшаб, икки киши учун ёзишинг керак. Аламни қалам кўтаради..."

Ҳижронга кўникиш - унутиш эмас асло. Аксинча, ёрнинг ёдидан руҳий мадад олиб, назми навони авж пардаларга етказишга жазми журъат топиш десак Зулфия шу фалсафани бутун ҳаёти ва ижоди давомида тўла оқлагандай. У ўзини ҳеч ёлғиз сезмади. Садоқати йиллар синовидан қанча ўтмасин, кучайса кучайдики, сира-сира сусаймади. Ҳатто бу туйғулари ва унинг етовидаги шарафли ҳаёти фахрга эврилиб улгурди. Гарчи "Тоғдек бор деб билган юрагим, Қуш бошича қолмади чоғи" дегани билан "Келтирардинг менга бир замон, энди ҳар чоқ мен элтаман гул" дея умрдоши қабри устида садоқатини унсиз изҳорлайди.

Ҳаёт ва шеъриятнинг эгизлиги шундаки, наз­мий наволарда турфа ҳис-туйғулар акс этади. Кўнгил эса ҳаёт аталмиш борлиқдаги манзаралару инсонларнинг бир-бирига муносабатлари, жонли табиату унинг бағридаги барча мавжудотларнинг кўринмас ришталари орқали боғланганидан ҳаловату беҳаловат қалқинади. Кайфият ва руҳиятга уйғун ҳолатда гоҳ яйраб-яшнайди, гоҳ беимкон бўзлайди. Фақат ва фақатгина шоирлар сўзсиз сўзлаётган қалбларини тинглаша олишади. Шўхчану маҳзун сатрларда садолантириб, оламга овозалашади. Зулфия шеъриятида шундай ҳаётийлик муқим устувор. "Сени куйлайман, ҳаёт!" сатридаги таъкид замон билан ҳамнафасликнинг аҳдигина эмас, шаҳди ҳамдир.

Инчунун, унинг учун шоирлик хаёлпарастлик билан ҳаётпарастликдир. Ўзи учун тирикликнинг, яшашликнинг маъноси ташвишлар қучоғидан қувончларни ахтариш, такрори тугамас ҳар бугундан, ташрифи тўхтамас ҳар эртанинг ғамини ейиш, халқ раҳматига ярарли заҳмат чекиш эканини фарзандлик бурчи деб билади:

Дили шоир хассос бир элга

Фарзандлигим нақл этар бурчим.

Халқ қалбидай бир гўзал шеърга

Етармикан ҳеч қачон кучим...

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми келгуси сонда).