Истиқлолли Ўзбекистонимиз шундай оламга таниқли, тараққиётда бардавом мамлакат даражасига етгунча халқимизнинг қанчадан-қанча фарзандлари фидойилик кўрсатиб, юксак нуфузга эришдилар. "Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!" шиорини ўртага ташлаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ўзи ўзбек халқининг қаҳрамонига, тимсолига айланишга улгурди. Ахир шундай дориломон кунларга етиб келиш осон бўлмаган. Мустақилликнинг бўсағасидаги, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги воқеа-ҳодисалар бугун тарихга айландики, унинг ғоят мураккаб манзаралари эндиликда илмий ҳамда бадиий асарларга муҳрланиб бормоқда. Ўқувчилар эътиборига ўтган йилнинг сўнгги кунларида ҳавола этилган "Жасорат" ёхуд "Наманган-1991 йил" романини бу борадаги илк ва катта ижод маҳсулидир десак асло янглишмаймиз.
Муаллиф Исоқжон Нишонов ушбу катта асарини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, халқимизнинг ардоқли фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат ва эҳтиром ила бағишлаган. Устозларимиз - филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий, филология фанлари номзоди Мўминжон Сулаймоновларнинг "Асар ҳақида" деб номланган мухтасар мақолаларида эътироф этилганидай: " Романни ўқир эканмиз, ҳозирги фаровон ва тинч кунларимизга етиб келишимизда биринчи навбатда ватанпарвар ва миллатпарвар Юртбошимиз Ислом Каримовнинг, қолаверса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг мардлиги ҳамда жасорати ниҳоятда салмоқли эканлигини англаймиз.
Умуман олганда, мазкур роман айни пайтда ёзилганлигидан ташқари мардлик, жасорат ва фидоийлик улуғланганлиги билан жуда катта маънавий-тарбиявий аҳамиятга молик".
Китоб бир неча бўлимдан иборат. Ҳар бўлими алоҳида хикоядек туюлса-да, ёзувчи воқеалар занжирини шундай усталик билан боғлаб юборадики, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни, икки қутбдаги ҳолатни ҳам ишонарли, ҳам ҳаққоний тасвирлайдики, саҳифадан саҳифага қизиқишингиз кучайиб ўтаверасиз. Охири истиқлолни ёмон кўзлардан, ғараз ниятли хиёнаткор сотқинларнинг ҳужумларидан мардона ҳимоя қилган Юртбошимиз ва у кишининг атрофидаги ватанпарвар кучларнинг ғалабасидан беҳад фахру ғурур туясиз. Қуйидаги лавҳанинг ўзиёқ фикримизнинг далили учун кифоядек:
"Халқ Президент томон, унинг меҳр тафти уфуриб турган қайноқ бағри томон интиларди. Бу сершовқин одамлар фақат уни деб, у билан гаплашгани келгандек, бутун шаҳарнинг кўзи унда эди, унга ҳавас билан боқарди. Президент халқ томон кела бошлади. Йўлакнинг икки томонидаги одамлар уни қаршилашарди. Ўзларини давлат раҳбарига яқин тутишар ва унинг сўзларига қулоқ солишар, ҳар бир сўзи вужудларига куч бағишларди. Аёллардан бири:
- Муҳтарам Президент, бизни лашкарлардан ҳимоя қилиш учун армия олиб кирасизми? - деб сўради.
- Йўқ! - бош чайқади давлат раҳбари.
Ҳамма ҳайрон қолди.
- Аскарларни-чи? - сўради яна аёл.
- Йўқ!
- Унда халқингизни қандай ҳимоя қиласиз?
Президент халққа юзланиб:
- Азизларим, мен сизларни кўксим билан, бутун вужудим билан ҳимоя қиламан! - деди қўлини юрагини устига қўйиб. - Мен пок ниятли наманганликларнинг эзгу ниятларига, меҳнатсеварликларига ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан қарайман. Агар барчамиз жипслашсак, хоҳиш-иродамиз бир бўлса, Ўзбекистон деган буюк юрт учун хизмат қилсак бундай фитначи, бузғунчи кимсалар бизларни асло енга олмайди".
Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг илк йилидаги бу башоратли сўзлар чорак аср давомида ҳаётий воқелик касб этди. Бизлар ғолибона йўлдан бориб, жаҳон ҳамжамиятида энг нуфузли Ўзбекистон деган давлатнинг бахтиёр фуқароларига айландик. "Жасорат" романи шундай дориломон кунларга осонликча эришилмаганини кўрсатувчи, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи асарлиги билан ғоят қимматлидир.
Беҳзод АШУРОВ,
НамДУ талабаси.