- Зокир, қалайсан, яна ёрдаминг керак бўлиб қолди, - деди унга телефон қилган Қодир.

- Соққаси тайёрми? - Гапни қисқа қилди қувонганидан у.

- Ўзинг яхши биласан, насияга иш қилмайман.

- Бўпти, учрашайлик, келишволамиз.

- Қаерда?

- "Ёшлар мажмуаси"да, ҳеч ким шубҳаланмайди.

- Хўп.

Орадан ярим соатча вақт ўтди. Зокир сувни кўрмай этик ечадиганлардан эмасди. Ёнига жиндек-жиндек икки ўрам, яъни икки бор чеккулик миқдоридаги гашишни солди. Қолганини "Жигули"сининг хуфёна жойига беркитди. "Шодиёна" тўйхонаси рўбарасида тўхтаб, "Аквопарк" томонга яёв кетди. Бу орада Қодир ҳам оғайниси Ўктам билан белгиланган ерга келиб, кутиб турганди.

Улар бир-бирларига кўз уриштиргач, ичкарига ўтишди.

- Бизда 150 доллар бор, шунга яраша бероласанми?- Қодир секин савдони бошлади.

- Бир чекими 25.000 сўмдан, ҳисобини чиқаринглар, маъқул тушса, ҳозироқ олиб кетасизлар.

- Аввал кўриб, "кучи"ни синаб кўрайлик-чи?

- Мана, бир чекими.

Қодир қоғозга ўроғлик гашишни шоша-пиша қўлига олди. Очиб ҳолатига кўз югуртирибоқ димоғига тутиб ҳидлаб кўрди. Кўнгли дарров тўлди шекилли шеригига қаради.

- Арзийди, савдо пишди.

- Унда мен ҳозир қолганини ҳам келтирай,-деди Зокир қувониб.

У машинаси томон бораётганида йўл қирғоқида турган нотаниш уч киши тўхтатиб қолишди. Зокир уларни кутмаган бўлса ҳам, улар Зокирни пинҳона кузатиб, кутишаётгани ўша ондаёқ аён бўлди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимлари холислар иштирокида Зокирнинг ёнини ва машинасини кўздан кечириб, тинтув ўтказишганида сири ошкорланди. Сигарет қутисидан бир ўрам ва машинасининг орқа ўриндиғи остидаги целофан ичидан яна гашиш гиёҳвандлик моддаси топилди.

Албатта, топилмалар экспертизадан ўтказилди, тортиб, миқдори аниқланди. Зокирнинг ўзи ҳам гиёҳвандликка берилгани, бошқаларни ҳам шу тубсиз жарга етаклаётгани рад этиб бўлмас далиллар билан исботланди.

Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди Зокир Раҳматхоновга 7(етти) йил озодликдан маҳрум этиш жазосини та­йинлади.

Хулоса мухтасар: бизнинг жамиятимизда гиёҳвандликка асло ўрин йўқ! Кимки, бундай дардга мубтало бўлса, кимки шундайларнинг тегирмонига сув қуйиб, гиёҳванд моддаларни сотиб, бойлик орттиришни режа қилса, ниятига асло-асло эришолмайди. Юқоридагидек режалари барибир чиппакка чиқарилади. Ахир ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг сергак ходимлари нигоҳидан ноқонуний ишлар ҳеч вақт четда қолмайди.

Ҳақ НАЗАР.