Юртимиз гўзал, ҳаётимиз, фаровон. Унга путр етмаслиги учун ҳар соҳада ҳамиша огоҳлик ва ҳушёрликни турмуш тарзимизга айлантиришимиз керак. Афсуски, бепарволик ва лоқайдлигимиз баъзи ҳолларда қимматга тушиб қоляпти. Яъни уйларимиз ёки ишхоналаримизда ёнғин чиқиб, катта моддий зарар кўриш ҳамда куйиб қолишдан озор чекяпмиз. Шунинг учун ёнғин хавфсизлиги тарғиботини тобора кучайтиришга биз соҳа мутахассислари алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ишларимизни янада фаоллаштиряпмиз. Қарорда қўйилган вазифалар ижроси бўйича режали тадбирлар бажарилиши изчиллигини таъминлаяпмиз. Бизнинг асосий вазифаларимиз қуйидагилардан иборатдир:
- Ҳар бир инспектор ўз хизмат мажбуриятларини "Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш-энг устувор вазифа" тамойили асосида сўзсиз бажаришига эришиш;
- аҳоли билан яқиндан ишлаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш орқали ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимига ишончни ошириш;
- ёнғин хавфсизлиги инспекторларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида уларнинг ҳар бирига хизмат ҳудуди доирасида муайян секторни бириктириш;
- давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳар чоракда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича йиғилишлар ўтказиш, улар доирасида ўзига қарашли обеъкт ва ҳудудларнинг ёнғинга қарши ҳолатини танқидий таҳлил қилиш.
Шунингдек, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Ёнғинлар профилактикаси куни" деб белгиланган.
Қишнинг совуқ кунларида барча соғлиқни сақлаш муассасаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиниши ғоят муҳим. Буни раҳбарлардан тортиб ходимларгача доимо эсда тутишлари шарт.
Азамат ЎТАНОВ,
Наманган шаҳар ЁХБ инспектори.