Одам савдоси ХХI асрда инсоният бошига кулфат ёғдирувчи балодай ёпирилди. Бундан ўзбекистонликлар ҳам қаттиқ азият чекаётганликлари яққол кўзга ташланиб қолди. Фирибгар шахслар ҳамюртларининг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, уларни азоб-уқубатларга дучорлашдан даромад топишаётгани аччиқ ҳақиқатдир. Эркакларни оғир меҳнатга гирифтор этган ҳолда иш ҳақини бермай қулликка солишаётгани етмай, аёлларни фоҳишахоналарнинг жафокаш меҳмонига айлантиришаётгани ғоят кечирилмас гуноҳдир. Ор-номусдан, ғурурдан мосуво бўлаётган хотинлар шу жирканч йўлга йўллаган виждонсизларнинг устидан даъво аризалари ёзишяпти. Охир-оқибат одамфуруш фирибгарларга жиноий ишлар қўзғотилиб, тегишли жазо чоралари белгиланяпти.
Мисол тариқасида Попдан бошланиб, Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида давом эттирилган, кўнгилсиз якун топган одам савдосини ҳикоя қиламиз. Ўзбекона менталитетимизга ёт иллатлар қаламга олинаётгани учун жиноятчининг ҳам, жабрланувчининг ҳам исми-шарифларини ўзгартириб берамиз. Чунки, уларнинг турмуш ўртоқлари, фарзандлари ва маҳалладошлари олдида шармандаю шармисор бўлишларини истамаймиз.
Уйида хотиржам ўтирган аёлнинг телефонига кутилмаганда қўнғироқ келди. Қараса, нотаниш рақам. Аввалига жавоб беришни хоҳламади, зум ўтмай яна такрорланавергани учун уланиш тугмасини босишга мажбур бўлди.
- Ҳилола, сенмисан?
- Ҳа, менман, ўзингиз кимсиз?
- Танимаяпсанми?
- Илгари гаплашмаган бўлсам, қаердан таний.
- Мастура опангман.
- Қайси Мастура?
- Тепа кўчадаги, Москвада ишлайдиган.
- Шунақа демайсизми дарров, опажон, ишларингиз роса юришаётганга ўхшайди, уйларингизни жуда ўзгартириб юборяпсиз. У ёқда топиш яхши шекилли?
- Яхши бўлганда қандоқ, Ҳилолахон,- қармоғига осонгина илинганидан қувониб кетди Мастура,- ойига 400 доллар тўланадиган жой бор.
- Рости-я, нима иш қилинади?
- Ошхона юмушларини бажарасан. Иссиқ хонада идишларни ювасан. Қорнинг ҳам ўша ерда тўяверади.
- Зўр-ку!- хурсандчилигини яширолмади Ҳилола ҳам.
- Фақат тезроқ келишинг зарур, бўш ўрин қараб турмайди, бирортаси келиб банд қилиб қўйса, менинг ҳам гапим ўтмай қолади.
- Унақа деманг, опажон. Оиламиздагилар билан маслаҳатлашай, розилик билдиришса, бугунни эртага қўймай олдингизга қанот боғлайман.
- Бўпти келишдик, қароринг қатъий бўлса, аниқ манзилни айтаман.
- Бегона юртда адашиб ўтирмай, ўзингиз кутиб оласизми, ахир?
- Бу ёғидан кўнглингни тўқ қилавер.
- Йўл кирага пул топишим билан ёнингизга қушдек учаман, опа!- Ҳилола шодлигини яширолмади.
Ишончига тўла кирганини англаган Мастура уни қўлидан чиқариб юбормаслик учун саховатини аямади.
- Сен овора бўлма, яхшиси Фарғона шаҳрига ўтгин. Синглимга учра. Тайинлаб қўяман, 400 доллар менинг ҳисобимдан бериб туради. Келганингдан сўнг бу ерда келишиб кетамиз...
Унинг гўё мушкули осон бўлиб, ўша заҳоти ҳаракатга тушди.
Мастура айтганининг уддасидан чиқди. Ҳилолани ўзи кутиб олди. Кейин яна бир поплик Нигорани ҳам. Ҳар иккиси ишга жойлаштирилиши учун паспортларини унинг қўлига тутқазишди. Орадан икки кун ўтиб эса...
-Ошхона шу жойдами, опа?- кўпқаватли бино рўпарасига боришгач, таажжубланди Ҳилола.
- Аввал ичкарига кирайлик, кейин айтаман,- айёрона жилмайди Мастура.
- Юқорига кўтарилишгач, у хонадонларнинг бири эшиги қўнғироғини босди. Зум ўтмай остонада нотаниш йигит пайдо бўлди.
- Қойил, опа!-деди мезбон худди шуни кутиб тургандай.
- Меҳмонимиз янги, тўғриси биринчи бор бегона юртга келиши, ҳафа қилиб қўйиши йўқ, ука!
Мастура энди Ҳилолага юзланди.
- Қўрқма, ўзим келиб олиб кетаман, унгача сен бу йигитга омонатсан.
- Тушунмадим.
- Ўзи шунақа бўлади, дастлаб, кейин менга раҳмат айтасан. Йўлкира қарзингдан ҳам қутуласан.
У йигитга буйруқ берди.
- Ичкарига бошла, Жасур!
Мастура бошқа иши зарурлигини айтибоқ пастга тушиб кетди. Ҳилола эса иложсиз қолди. Икки кунга фоҳишаликка мажбурланган аёл алданганини ҳис этди. Бу ҳали ҳолва экан. Зўрлашлар 2 ойу 15 кунга етса ҳамки, фақат ётоғу, еб - ичишдан ташқари, қўлига пул тегмади.
Худди юқоридагидек ҳолат Нигоранинг ҳам бошига тушди. Улар гезеталарда, телевидение ва радиода "Одам савдоси қурбонига айланиб қолманг!" деган огоҳликка чақирувчи гаплар бежиз тез-тез такрорланмаётганини кеч фаҳмлаб етишди. Бир амаллаб юртга қайтишди. Иккинчи бор хойу ҳавасларга берилмаслик сабоғини олишди. Лекин айбдорнинг, моддий зарар етказган фирибгарнинг устидан даъво аризаси ёзишди.
"Ойни этак билан ёпиб бўлмайди" дейилганидай фирибгарлик ва алдовлар билан ҳамюртлари бошига ғавғо солган, кулфат келтирган Мастура Темирова судда жавоб беришига тўғри келди. Ундан жабрланувчиларнинг моддий зарарлари ундириб берилди.
Қонунларимизда инсонпарварлик тамойиллари устуворлиги ҳозирча жиноятчининг жонига оро кирди. Уч фарзанднинг онаси бўлган аёлга бу гал шафқат қилинди. Амнистия қарорига мувофиқ қамоқ жазосидан озод этилди. Бундан Мастура тегишли сабоқ чиқарса, энди ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам озорга қолдирмайди, жабр торттирмайди.
Содиқ САЙҲУН.