Наманган аэропортида йил давомида келиб қўнган самолётлардан тушган йўловчиларнинг паспортлари ва юкларини кўздан кечирганимизда ноқонуний ҳолатларни ҳам учратганмиз. Масалан, Насиба ва Нилуфар Бойтемировалар паспортларининг амал қилиш муддати ўтиб кетган экан. Улар Москва шаҳрида ишлашган. Аброр исмли шахснинг катта ваъдаларга ишонишган. Аброр эса рўйхатга қўйиш баҳонасида уларнинг паспортларини олганча ғойиб бўлган. Она - бола азобли оғир меҳнатда ишлашга мажбур этилган. Иш ҳақи тўлаш у ёқда турсин, қоринларини вақтида тўйғазишга ҳам пул беришмаган. Ниҳоят бир амаллаб паспортларини қайтариб олишгану, ўз уйларига шошилишган. Бугун улар қанчалар пушаймон эканликларини кўрсангиз эди.
Бундай воқеаларга афсуски, кўплар дуч келишмоқда. Аброр сингари фирибгарларнинг алдов сўзларига содда кишилар дарров ишониб қолишмоқда. Қачонки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг аралашуви билан бошларидан балолар аримоқда.
Хулоса шуки, ўзга юртдан ризқ излашнинг ноқонуний йўллари охир - оқибат инсоннинг таҳқирланишига, ҳуқуқлари поймол этилишига олиб боради. Одам савдоси билан шуғулланувчи разил кимсаларнинг алдовига ҳеч қачон учманг! Ўзингизнинг ҳаётингизни хавфга қўйманг!
Руфадтилло РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Наманган аэропорти ТИИБ ХООГ инспектори, катта сержант.