У қирғизистонлик Акрам билан таниш эди. Оғуфурушлар бир-бирларига жуда ишонишарди. Одатдаги келишув бу гал бошқачароқ кечди.
- Андижонда атиргул ва лимон кўчатлари кўп эмиш, 200 туп керак эди, - деди телефонда Акрам.
- Менга эса... - Бахтиёрнинг гапи оғзида қолди.
- Тушундим, кўчатларни олиб келавер, ҳисоб-китобини кейин охирига етказаверамиз, - уқтирди Акрам.
Бахтиёр "нозик" ва қимматбаҳо молни тезроқ қўлга киритиш учун шошиб қолди. У бозордан атиргул кўчатларини олгач, Умид исмли йигитнинг "Матиз" машинасига ўтириб, Наманганга қараб жўнади. Шаҳарга етиб келишгач, ҳайдовчига аниқ манзилни айтди.
- Рулни Янгиқўрғон йўлига бур ука.
100.000 сўмга келишган ҳайдовчи айтилган тарафга қараб ҳаракатни давом эттирди. Ярим соатлардан кейин Зарбдор қишлоғига етишди. Бахтиёр телефонда яна Акрам билан боғланди.
- Қаерда учрашамиз? - сўради ундан.
- Ўзак қишлоғида бир киши қараб турибди, у ишни битиради, - деди Акрам ўзи келолмаслигини билдириб.
Қишлоқ четида нотаниш шахс уларга юзланди.
- Сўраган нарсангиз анаву симёғоч остидаги целофанда турибди. Кўчатларни ўша жойга қўйинг-да, уни олиб кетаверинг. Мен сизлар кетгач, эгасига етказаман, - деди у андижонлик меҳмонларга.
Акрам кутилган мол осонгина қўлига тегаётганидан қувонганича, ҳайдовчига жилмайди.
- Симёғоч ёнига юрдик...
Ҳаммаси ими-жимида уддаланди. Атиргул кўчатлари машинадан олиниб, айтилган жойга қўйилди. Шу орада Бахтиёр ўзига тегишли нарсани эпчиллик билан олдида, шимининг орқа қисмига қистиришга улгурди. Енгил тортиб, машинага ўтирди.
- Қайтдик, Андижонга! - деди кўтаринки кайфиятда.
"Матиз" ўрнидан ортга қайрилиб силжиди, лекин узоққа ҳаракатланиш насиб этмади. Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳушёрлиги туфайли жиноятчи ниятига етолмади. Ундаги оғу миқдори 959,16 грамм эканлиги тарозига қўйилгач аниқ бўлди. Салкам бир кило гашишнинг гиёҳвандлар орасида тарқатилишининг олди олинди.
Жиноятчи Б.Абдураҳмонов иши судда кўриб чиқилди. У 12 (ўн икки) йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ҳақ НАЗАР.