Аслида ҳар икковлари ҳам олий маълумотли, юқори малакали мутахассис. Лекин масъулиятли лавозимларидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланиб қолишга интилиб чакки қилишди. Аниқроғи, Илҳомжон Мадраҳимов "Андижон автойўл" ХЙТФ корхонаси бош муҳандиси, Муҳаммаджон Мавлонов эса "Тошкент" КХСИТФК иш юритувчиси эдилар. Улар йўлсозлик билан шуғулланишган. Қўшиб ёзиш ва сифатсиз иш бажариш орқасидан катта манфаат кўриш ҳаракатига астойдил тушишган.Бироқ узоққа боришолмади.
Республика йўл жамғармаси маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси "устамалар"нинг "сир"ларини фош этди. Тегишли лаборатория текширувлари натижалари уларнинг жиноий хатти - ҳаракатини тасдиқлади. Бош пудратчи "Қамчиқавтойўл" ихтисослашган йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан "А-373 Тошкент - Ўш" автомобиль йўлининг 106-116 километр қисмида янги йўналиш қуриш учун бажарилган ишларнинг қайта ҳисоб-китоби шундай ҳолатни ойдинлаштирди. Ёрдамчи пудратчи "Ангрен" БПИМБ томонидан объектда бажарилган ишларга қўшиб ёзилаверган. Қиймати эса катта миқдорни -- 192.555.1 минг сўмни ташкил этган. Сифатсиз ишлар қиймати бундан ҳам ортиқ, яъни 435.895.102 минг сўм.
Жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди И. Мадраҳимов ва М. Мавлоновни 3(уч) йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Ҳар ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3(уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш жазосини ҳам тайинлади.
Ноқонуний хатти-ҳаракат барибир инсон бошига кулфат келтиради. Жазодан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Энг муҳими, олий маълумотли мутахассислар бундан тўғри сабоқ чиқаришса бўлгани.
ЧАҚИРИЛМАГАН "МЕҲМОН"
Яқинда жиноят ишлари бўйича Поп туман судида Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Ашт туманида яшовчи йигирма беш ёшли йигит - Ғиёсиддин Фозилов қилмишига яраша жавоб берди. Айтишича, у чўпон экан. Лекин ҳайвонларини боқиб юриб, тунда билмасдан Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қолганмиш. Сумкасидаги 15 грамм порох қаердан пайдо бўлганигаям ҳайронмиш. Лекин гувоҳлар ва ашёвий далиллар ҳақиқатни янада ойдинлаштирди. Ҳушёр чегарачи ҳарбийлар томонидан вақтида қўлга олинган шахсга нисбатан қонуний жазолар белгиланди.
Судланувчи Ғиёсиддин Фозилов мамлакатимиз чегара ҳудудини бузиб ўтганликда, портловчи моддани олиб кирганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 246- моддаси 1- қисми, 248- моддаси 1- қисми билан жазолар тайинланди. У 6 (олти) йилга озодликдан маҳрум этилди.
Чўпоннинг чакки қадами ўзига жабр келтирди. Чақирилмаган "меҳмон"нинг жазоси шу-да!
Ҳақ Назар.