Бири поплик, бири тўрақўрғонлик бу икки йигит қирққа етиб-етмаган ёшда жиноят содир этишиб, суднинг курсисида жавоб беришларига тўғри келди. Бири 15.628.800 сўм, бири 17.999.560 сўм жарима тўлаб, моддий зарарни қоплашга мажбур бўлишди. "Емоқнинг қусмоғи бор" деган нақл шундай нопок ишларга қўл урганларга айтилган экан-да.
Энг ёмони, улар эгниларидаги милиция формаларидангина эмас, эл ўртасидаги ҳурмат-эътиборидан ҳам айрилишди. Халқ олдида юзлари қаро бўлди. Жўрабек бир йилу олти ойга, Фарҳод икки йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Эҳ-ҳа, афсус надоматларнинг чеки йўқ. Энди эса кеч. Масъулиятли вазифада йиллаб топган обрўларини бой беришди-я.
Бугун кўзлари катта очилгани шубҳасиз. Инсон умри бир марталик ва бетакрор эканлигини нега эсдан чиқаришди-я!. Ҳалолликни унутишди-я!..
Жиноят қуйидагича содир этилган: Ж. Жуманов 2014 йил апрель ойидан 2016 йил 24 октябригача Тўрақўрғон туман ички ишлар бўлими паспорт бўлинмаси бошлиғи вазифасида ишлаган. 2016 йил 1-чорагида ўз вақтида фуқаролик паспорти олмаган ёки паспорти амал қилиш муддатини ўтказиб юбориб, ҳуқуқбузарлик содир этган 2.414 нафар фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирмаслиги ва уларга маъмурий жарима қўлламаслиги оқибатида ҳуқуқбузарларга тайинланиб, улардан ундирилиши лозим бўлган жами 295.336,9 минг сўм маъмурий жарима ундирилмай қолишига йўл қўйган, давлат манфаатларига жиддий зиён етказган.
Бундан ташқари судланувчи мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, АТ "Халқ банки" Тўрақўрғон туман филиали 1-сонли жамғарма касса ҳисобчи-назоратчиси М. Қирғизова, касса хазиначилари М. Ваҳобова, М. Ҳамроқулова ва О. Таслимовлар билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2015 йил январь ойидан 2016 йил май ойига қадар ўз вақтида фуқаролик паспорти олмаган ёки паспорти амал қилиш муддати ўтказиб юборилгани учун фуқароларни тўланиши лозим бўлган жарима ва давлат божи тўловларини, амалга ошириш учун банкка юбориб, квитанцияларини паспорт бўлинмасига топширган 81 нафар фуқарога нисбатан тегишли тартибда баённома расмийлаштирмасдан, улар томонидан нақд пул шаклида тўланган 10.146.8 минг сўмни банкнинг қатъий ҳисобидаги тўлов квитанцияларини ғараз ниятда йўқ қилиб юборган. Давлат бюджетига тушадиган маблағни талон-тарож этган.
"Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам ўша ердан юради" нақли бежиз тўқилмаган. Бошлиқки нопок экан, ходими, яъни бўлинма инспектори Фарҳод Йўлдошев ҳам худди шу йўлни тутди. У аввалига атрофидаги ҳамкасблари ва ёрдамчилари билан, кейин банк ходимлари билан тил бириктирди. "Тома-тома кўл бўлур" деганларидай унинг ўзлаштирган маблағи ҳам бир неча миллионларга етди.
Хуллас, давлат манфаатидан шахсий манфаатини устун қўйган, кассага тўланиши зарур пул-маблағни киссаларига уриб юрган кимсалар қонун олдида жавоб бердилар. Бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши керак.
Ҳақ НАЗАР.