Тошкент томон кетаётганида Наманган йўл-патрул хизмати ходимлари автомашинани тўхтатиб, йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшира бошлашганида Саёҳатхон бамайлихотир ёнидаги икки паспортдан бирини узатди. Сезгир ходимлар бу бошқа аёлга тегишли эканини унинг чеҳрасига синчков назар ташлашган чоғларида дарров пайқашди.
- Бу ўзга шахсникику?! - дейишди таажжубланиб.
У жавоб беришга қийналди. Ёнидан эса текшириш пайтида иккинчи паспорт ҳам чиқди. Ниҳоят ҳаммаси аниқланди. Фуқаро Соҳиба Шерматовага тегишли биринчи паспортни у бир неча йил олдин кўчадан топиб олган экан. Ўзиникининг амал қилиш муддати ўтиб кетгани маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди бу ишни кўриб чиқиб, Саёҳатхон Йўлдошевани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисмининг "а" банди билан айбли деб топди. Унга энг кам ойлик иш ҳақининг 6(олти) баровари миқдорида жарима жазоси тайинланди ва саёҳати якунланди, яъни Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилди.
Ноқонуний ҳодиса ва натижа кўрсатадики, ҳар қандай қонун бузилиши хоҳ оғир, хоҳ енгил бўлсин жазосиз қолмайди. Тартиб-қоидалар шунинг учун жорий этилади. Айниқса, қандай сабаб рўкач қилинмасин, чегарадан ўтишга ҳамиша жиддий қараш зарур.
Яқинда Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари Президентлари учрашувида азалдан қон-қариндошлик ва дўстлик ришталари боғланган икки қўшни юрт фуқароларининг борди-келди тартиботида янгича ўзгаришлар ясалиб, бу борадаги фуқароларнинг манфаатлари алоҳида ҳисобга олинди. Чегарадан ўтиш масаласида енгиллик ва қулайликлар яратилади. Ўйлаймизки, энди юқоридаги каби қонунбузарликларга барҳам берилади. Сафар ва саёҳатлар кўнгилсиз бўлмаслиги учун фуқаролар янги тартиб-қоидаларга доимо қатъий риоя қилишса бас.
Ҳақ НАЗАР.