- Ориф, сенмисан!?- деди у таниши рақамига улангач,- зўр иш чиқиб қолди, агар тезроқ етиб келсанг, катта пулга эга бўлардинг.
- Ростданми?- Ориф ҳам лаққа тушди бу гапга- ойига қанчадан тўлашади?.
- 500-600 доллардан оласан, ётоқ-жой, озиқ-овқатни ўзим таъминлайман. Йўл ҳаражатиданам ташвишланма. Мен ёнимдан тўлайман. Яна шериклар ҳам топавер!
- Бўпти уч киши етиб борамиз! Ҳамшаҳри ва танишининг гапларига ишонган Ориф Мўйдинов "хушхабарни" отаси Обид Мўйдиновга етказди. Ота-бола қисқа вақтда катта пулни қўлга киритиш учун Намангандан Қозоғистонга шошилишди. Уларга Ёсинхоннинг яна бир таниши Ҳасан Собиров ҳам қўшилди. Улар Қарағандага етиб боришлари билан яшаш жойидан рўйхатдан ўтказишни баҳонасида уччовларидан Ёсинхон паспортларини сўради. Шу билан одамфурушликдек қабиҳ йўлдан дастлабки қадамини қўйди. Паспортларни эгаларига қайтармади. Барчаларини оғир меҳнатга солиб юборди. Ёлланма қурувчилар аввалига алданганликларини сезмаган эдилар. Бироқ ҳадеганда иш ҳақларидан дарак бўлмагани учун улар мусофир юртда бекорга куч-қувват сарфлашни тўхтатишиб, бир амаллаб қочиб қолишди.
Фақат шугина эмас Ёсинхон яна бир шахс Анвар Шерхоновни ҳам чув тушурган, ҳақини талаб этганлиги, меҳнатдан бўйин товлаб, кетмоқчи бўлганлиги учун роса дўппослаб урди. Тан жароҳати етказди.
Албатта, жабрдийдалар ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга мурожаат қилишади. Натижада жиноятчи қўлга олиниб, суд курсисига ўтқазилади. Жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди одам савдоси билан шуғулланган Ёсинхон Жўраевни айбига яраша жазолади. Жами 10 миллион 546 минг сўм бўлган ўзгаларнинг иш ҳақларини фирибгарлик ва товламачилик билан ўзлаштирган кимсага нисбатан тегишли жазо белгиланди.
У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2- қисмининг "а,б,д,з,и" бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. 5(беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Даъвогарларнинг иш ҳақларини ҳам Ё Жўраевдан ундириш юзасидан ҳукм чиқарилди.
Қилмиш - қидирмиш деганларидек ҳамюртларига ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказган шахс шундай жазога лойиқ-да!..
Ҳақ Назар.