Эллик беш ёшли, оқ-қорани яхши фарқлаган одам наҳотки, уят ўлимдан қатиқлигини жиддийроқ ўйлаб кўрмаса. Наҳотки аввалги қилмиши учун берилган жазо муддатини ўтаётиб (ТТБ ошхонасида сабзавот тозаловчи вазифасида ишларди) ҳам ақли кирмаган бўлса?!
Қайта жиноят кўчасидан юриш ўзига баттар жабр етказиш эканини ўйлаб ҳам кўрмаган Р. Жакбаров тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.Деҳқонов,бош ҳисобчи О.Муродов ва дорихона мудири М. Аҳмадалиевалар билан жиноий тил бириктирди. "Водий фарм саноат" фирмасини тендер ғолиби деб топиш ҳақида сохта йиғилиш баёнини тузиб, юқоридаги шахсларга имзо қўйдирди. Фирма томонидан 17.445.100 сўмлик дори-дармон етказиб берилганига қарамай, фирма вакилидан эълондаги рўйхат бўйича накладной тақдим қилишни сўради. 34.874.700 сўмлик 3164-сонли ҳисоб-фактурага дорихона мудири М. Аҳмадалиева имзо қўйиши кераклигини айтди. Дорихона фармацевти Ф.Икромова мудир рухсати билан қалбаки ҳужжатга ўз имзосини чекди. Ҳисобчи С.Одиловга юқоридаги суммани фирма ҳисоб рақамига ўтказиш учун тўлов топшириқномаси ёздиртирди. Уни бош ҳисобчи О.Муродовга тақдим қилди. 2013 йил 30 сентябр куни 962-963 тўлов топшириқномасига асосан "Водий фарм саноат"га 34.874.700 сўм ўтказишга эришди. 17.747.200 сўмни растарат, яъни камомад келтириш йўли билан талон-тарож қилди. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг "б, в" бандларида назарда тутилган жиноятни амалга оширди.
Унинг жиноий шериклари С. Одилов ва О. Муродовлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан аминистия тўғрисида"ги қарорига мувофиқ жазодан қутилиб қолдилар. Улар бундай ноқонуний хатти-ҳаракатга такрор йўл қўймаслик собоғини чиқарган бўлсалар ажаб эмас.
Қайта жиноят содир этган Р. Жакбаров эса 2(икки) йилу 13 (ўн уч) кун муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Чунки аввалги жазонинг тўла ўталишига атиги 13 кун қолган эди-да. У яна ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушланган ҳолда 2(икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш жазосига ҳам тортилди. Зора, энди Р.Жакбаровнинг кўзи росмана очилса?!
ПУЛЛИ ҚАЛБАКИ КЎРИК
Рентгенолог Ғуломжон Маҳкамов шундай йўл тутганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Тўрақўрғон туманининг Ахси қишлоғида яшовчи Ғуломжон Маҳкамов кўп тармоқли поликлиниканинг врач-рентгенологи. У бундан уч йил аввал ҳам судланган эди. Афсуски, жазодан тўғри хулоса чиқаролмади. Такроран нафс қутқусига учраб, врачлик шаънига яна доғ туширди. Олий маълумотли шифокорнинг ойлик иш ҳақига қониқмай, тиббий кўрикка эҳтиёжмандлар қўлига қараб қолгани беҳад ачинарли. Пулли хизмат кўрсатиш учун махсус рухсатномаси бўлмагани ҳолда у рентгент текширувидан ўтганлардан хизмат ҳақи талаб қилишдан сира тап тортмаган. Масалан, 60-мактаб кутубхоначиси М.Низомовадан 2500 сўм, ўқитувчилари Ф.Қосимовадан 2500 сўм, Г.Васмиддиновадан 3000 сўм пулни ноқонуний олган. Умумтаълим мактаби ходимларидан жами 35 нафарига юқоридагидек таъмагирлик қилган. Йиғилган пулларни ўз шахсий манфаати учун ишлатиб юборган.
Энг ёмони, у флюграфиядан ўтмаган 36 нафар ўқитувчиларнинг, 27 нафар боғча ходимларининг дафтарчаларига имзо қўйиб, муҳр босиб, қалбаки кўрик эвазига ҳар бир кишидан 2000-3000 сўмдан пулни олиб, ўз киссасини тўлдирган. Жами 118 нафар бемордан нопоклик йўли билан хизмат ҳақи ундирган.
Қалбаки ҳужжатни қўлга олган умумтаълим мактаби ҳамда мактабгача таълим муассасалари ходимларининг хатти-ҳаракатларидан ҳам ажабланамиз, албатта. Эҳтимол уларда бирор касаллик аломатлари бордир, уни даволатмай болаларга юқтиришиб қўйишлари мумкин эмасми?! Врачнинг нафс бандасига айланганидан фойдаланиб қолишига қандай виждонлари йўл қўйдийкин. Майли, бу масаланинг иккинчи томони.
Биз яна таъмагир шифокорнинг қилмишларига келсак, бу асло кечирилмас ҳолдир. Шунинг учун жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди Ғуломжон Маҳкамовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 214- моддаси 2- қисмининг "а"банди ва 228-моддаси 2-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. 2(икки) йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2(икки) йилу 6(олти) ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосини тайинлади.
Ҳақ Назар.