- Ўзимизнинг сўмга чаққанда қанчага тенг бўлади бу?
- Бир миллионга етиб қолади-ёв.
- Унча кўп эмас экан-ку.
- Мукофотиям бормиш...
- Рости-я.
- Россиянинг қаеридаги қурилишида?
- Архангельск вилоятидаги Галашина шаҳарчасидаймиш.
- Аввал яхшилаб ўйлаб кўриш керак.
- Ҳе-е, "Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг иши битади", ука, - таъкидлади, у - Олдин боргин, ишлаб кўргин, ёқмаса, сени боғлаб қўйишармиди.
- Тўғри айтасиз, ака, шанба-якшанба кунлари ўзимизнинг ихтиёримизда бўлса, бўш-бекор ўтирармидик икки кун. Яна ойига саккиз кунлик "лева"ни ҳам қўшсак, чаккимас. Боришга арзийди чамамда...
- Унда ёлғиз кетма, ёнингга шериклар ол, эртага Хонободдаги Олимжон тадбиркорга рўбарў этаман. Келишдикми?
- Майли, сиз айтгандай бўлақолсин, кўришиб турадиган танишларимга хушхабарни етказай-чи?..
- Бугунни эртага қўймай етказ. Йиғилаётган гуруҳга тўрт-беш киши кам экан, холос.
Алишер қишлоқлардан ўзи каби ёшларни дараклади. Олимжоннинг уйига кўплашиб ўтиб боришди.
- Келдиларингми, азаматлар! - деди уларнинг куч-қувватга тўлган йигитлар эканини кўргач, Олимжон қувониб.
- Ўтган ой 38 кишини жўнатганман. Бошлиғимиз ўзимизнинг юртдошлардан - Ғайрат ака Машарипов. У киши жуда меҳрибон ва қўли очиқ. Бизларни аэропортда ўзи кутиб олади, ёрдамини ҳеч аямайди, зўр шароитларни яратиб беради. Уйларингга ҳар ойда жўнатишдан ташқари яна чўнтакларингда анча-анчадан доллар ёки рубль билан қайтасизлар.
Содда йигитлар Олимжоннинг гапларига лаққа тушдилар. Ваъдаларига осонгина ишонишди. 2016 йилнинг 7 апрелида айтилган жойга Алишер Мамасобитов ва у билан бирга ширин орзулар оғушида Қобилжон Бурлиев, Бобуржон Чиналиев, Дилмурод Эргашев, Ҳабибулло Насибалиев каби жами беш нафар йигитлар самолётда учиб етиб боришди. Кўришдики, шароитлару иззат-ҳурматлар чакки эмас.
- Келишганимиздек паспортларингизни йиғиб, менга берасиз. Энди патент ва сертификат расмийлаштирамиз. Дастлабки ойдаги иш ҳақларингни йўлкира ва ҳужжатлар учун чегириб қоламиз. Кейин эса топганларинг ўзларингизга, - дея уқтирди Олимжон Усмонов.
Йигитлар паспортларини унинг қўлига тутқазишди. Қурилиш объектида ишга астойдил енг шимаришди. Бироқ ойдан-ойга ишончларига путур етаверди. Очиғи, апрель ойидан бошланган текинга тер тўкиш май ва июнь ойларида ҳам давом этаверди. Бу ҳам ҳалво экан, тўртинчи ойдан қўлларига тега бошлаган иш ҳақи ҳам тўла берилмасдан камайиб кетаверди. Бунга турли сабабларни рўкач қилавериши Олимжоннинг ҳийла-найранглар ўйлаб топишда устаси фаранглигини яққол кўрсатиб қўйди.
Ниҳоят улар алданганликларини аниқ англаб етишди. Ҳуқуқлари паймолланган, қулдек муомалага дучорланган мусофир юртдаги беш йигитнинг тарвузлари қўлтиқларидан тушди. 2016 йилнинг кузида бир амаллаб Ўзбекистонга қайтишди. Республика Миллий хавфсизлик хизмати Наманган вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилишди.
Албатта, ҳақиқат ва адолат қарор топди. Жиноятчи Олимжон Усмоновнинг тергов давомида айблари деярли тўла тасдиқланди. Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди одам савдоси билан шуғулланган бу шахсга нисбатан тегишли жазо чорасини қўллади. Судланувчи О. Усмонов 5 (беш) йилга озодликдан маҳрум этилди. Унга тайинланган жазо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарорига мувофиқ учдан бир қисмга қисқартирилди.
Ҳаётий ҳақиқат шундаки, ўзгаларни алдаган - ўзини алдайди. Бошқаларнинг меҳнати эвазига фирибгарлик билан текин бойлик орттираман деган одам қаттиқ янглишади. Охир-оқибат қонун олдида юқоридагидек жавоб беради. Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди.
Ҳақ НАЗАР.