Ҳаёт билан ҳамқадамлик Бош қонунимиз табиатига хос хусусият. Йилдан - йилга ўзгариш ва қўшимчалар билан тобора мукаммаллик касб этаётгани шундан. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуцияси 1992 йил 8 декабрда Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган. 2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 24 апрелда қабул қилинган Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилган.

Орадан тўрт йил ўтиб, яъни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелдаги Қонунига мувофиқ Конституциямизнинг 89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрдаги Қонуни билан эса Конституциямиздаги 77-модданинг биринчи қисмига ўзгартиш киритилди. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 18 апрелдаги Қонуни билан Конституциямиздаги 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу йилнинг 12 декабридаги Қонунга кўра, Конституция­мизнинг 90-моддаси иккинчи қисмига тузатиш киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муқаддима, олтита бўлим, XXVI боб ва 128 моддадан иборат. Унда халқимизнинг саломатлигини сақлашга алоҳида эътибор берилган. Чунончи, 40-моддада: "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга" деб алоҳида белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, мазкур соҳада изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш борасидаги кенг кўламли тадбирлар халққа маъқулу манзур. Вилоятимизда 217 тадан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари қурилиб, ишга туширилди. Наманган шаҳрида эса 12 та оилавий поликлиника ташкилланди. "Саломатлик", "Саломатлик-2" лойиҳалари доирасида бирламчи тизим энг замонавий жиҳозлар ва тиббий анжомлар билан таъминланди. Натижада аҳолининг тиббий хизматдан самарали фойдаланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб қўйилди.

Мамлакатимизда билим олиш ҳуқуқи ҳам кафолатли. 41-моддада белгиланганидек: " Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.

Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

Мактаб ишлари давлат назоратидадир". Мамлакатимизда ўн икки йиллик таълим амалда. Мактаб, академик лицей ва коллежларнинг педагогик жамоалари ёш авлодни замонга муносиб кадрлар қилиб тайёрлаш вазифасини ўз зиммаларига олишган. Зарур шароитлар ҳам, юқори салоҳиятли кадрлар ҳамда ўқув қуролларию, замонавий техника воситалари ҳам муҳайё.

Конституциямизда эркин ва демократик давлатимизнинг ҳуқуқий мезонлари белгилаб берилиши билан бирга бизларнинг мажбуриятларимизгача ўз ифодасини топган. Чунончи, 48-моддада: "Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр - қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар" деб кўрсатиб қўйилган. 51-моддада эса: Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар" дейилган.

Демак, ҳуқуқларимизни яхши билганимиздай, бурчларимизни ҳам ҳеч вақт унутмаслигимиз зарур. Ана ўшанда юрт равнақига муносиб ҳисса қўша оламиз. Демократик адолатли давлатимиз куч-қудратини янада ошираверамиз.